Иқтисодиётни қутқариш учун янги имтиёз ва преференциялар

19.05.2020

Президент томонидан 18 май куни коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш бўйича навбатдаги чора‑тадбирлар тўғрисидаги Фармон имзоланди. Янги ҳужжат бизнесни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чораларини ўз ичига олган:

биринчидан, 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда қуйидагилар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади:

  • кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;

иккинчидан, кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги суммалар ҳисобдан чиқарилади:

  • 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969‑сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ‑5978‑сон фармонларига асосан фоизсиз кечиктириш (бўлиб‑бўлиб тўлаш) берилган, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари;
  • 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол‑мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари;  

учинчидан, микрофирма ва кичик корхоналар товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллашга ҳақли. Кейинчалик кечиктирилган сумма 120 кун мобайнида тенг улушларда тўланади. Божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган субъектлар ушбу опциядан фойдаланиши мумкин;

тўртинчидан, 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12%дан 1%гача камайтирилади.

Кўрсатилган тартиб қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • акцизости товарлар ишлаб чиқарувчиларга;
  • давлат корхоналарига;
  • устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга;

бешинчидан, микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади. Солиқ органлари 15 май ҳолатига инкассо топшириқномаларини чақириб олиши даркор, солиқ тўловчилар эса шу сана ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олишга ҳақли; 

олтинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ўзи тўғрисидаги низом талабларини инобатга олган ҳолда қуйидаги фоиз харажатларини қоплашга компенсация беришни бошлайди:

  • тадбиркорлик субъектларига МБ асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида;
  • 2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 млн сўмгача бериладиган кредитлар бўйича кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида.

Аҳолини қўшимча қўллаб-қувватлаш сифатида:

а) илгари эксперимент тарзида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит ажратиш амалиёти Тошкент шаҳрига татбиқ этилади;

б) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10%га оширилади.

Олег ЗАМАНОВ,

юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал