Йирик солиқ тўловчилар ЖШДС бўйича ҳисоботни ҳудудий ДСИга қайси муддатларда топширадилар

preview

“Ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга йирик солиқ тўловчилар қайси ойдан бошлаб ҳудудий ДСИга ЖШДС бўйича ҳисоботни топширишлари керак? 2022 йил июль учун ҳудудлар бўйича солиқ ҳисоботи ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун корхонага жарима санкцияларини қўлламасликлари учун СКнинг 389-моддаси 2-қисмига киритилган ўзгартиришларга СКнинг 4-моддаси 5-қисми нормасини қўллаш мумкинми?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:

 

– СКнинг 389-моддаси 2-қисмига киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда, юридик шахслар бўлган, ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга солиқ агентлари, шу жумладан йирик солиқ тўловчилар ушбу алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ходимларига нисбатан ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини - алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига тақдим этади (ҳудудий ДСИ). Муддатлар :

  • июль учун – 2022 йил 15 августдан кечиктирмай;
  • август учун – 2022 йил 15 сентябрдан кечиктирмай.

Мазкур ҳолда СКнинг 4-моддаси 5-қисми қўлланилмайди, сабаби:

1) 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуннинг 7-моддасида мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни – 27.07.2022 йилдан бошлаб кучга кириши белгиланган.

2) СКнинг 389-моддасига киритилган тузатишлар янги солиқ мажбуриятларини ёки солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни жорий этмайди.

Эътибор беринг

Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахс жарима тарзида маъмурий жавобгарликка тортилади :

  • биринчи ҳуқуқбузарлик учун – БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача;
  • бир йил давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этилганда – БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача.

Шунингдек, эслатиб ўтамиз, солиқ ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеня ҳисобланади (солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлашга доир бошқа чоралар қўлланилишидан қатъи назар).

Ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади. Пенянинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг шу даврда амалда бўлган асосий ставкасининг 1/300 га тенг этиб қабул қилинади .