Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
ҚҚС–2019: тўловчилар доираси кенгаяди, ҳисоб-китобнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади, узоқ муддатли активлар ҳисобга олинади
2019 йилдан бошлаб ҚҚС тўловчилар доираси кенгаяди. Айрим тоифадагилар учун ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин бўлади.
2019 йилда йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган корхоналар ҚҚС тўлайдилар. Айланмаси 3 млрд сўмдан ошмаган корхоналар учун ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишнинг вақтинча соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин бўлади.
ҚҚС тўловчилар доираси кенгаяди
Бугунги кунда ҚҚСни умумбелгиланган солиқларни тўловчилар мажбурий тартибда, ЯСТ тўловчилар эса ихтиёрий асосда тўлайдилар.
2019 йилда қуйидаги корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилиши ҳисобига ҚҚС тўловчилар доираси кенгаяди:
- ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган;
- йил давомида ушбу чегарага етган.
Айрим ҳолларда солиқ солинадиган базани аниқлаш осонлаштирилди
- Асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектларни реализация қилиш чоғида солиқ солинадиган базани аниқлаш тартиби анча соддалаштирилди. Энди солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, бироқ уларнинг қолдиқ (баланс) қийматидан кам бўлмаган, ҚҚС киритилмаган ҳолда аниқланади. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда у ҚҚСни ҳам ўз ичига оладиган, активларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
- Шунингдек мол-мулкни молиявий ижарага, шу жумладан лизингга бериш чоғида ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳам ўзгаради. Энди у чиқиб кетаётган актив қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда аниқланади. Бугунги кунда у ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган, чиқиб кетаётган актив қиймати билан унинг баланс (қолдиқ) қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади, солиқ тўловчи томонидан ишлаб чиқарилган товарлар молиявий ижарага (лизингга) берилганда эса, ҚҚСни ўз ичига оладиган, чиқиб кетаётган активнинг қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади.
- Гаровга қўювчи гаров мол-мулкини гаров билан таъминланган мажбуриятни бажариш ҳисобига топширган тақдирда, гаровга қўювчининг солиқ солинадиган обороти миқдори гаровга олувчи томонидан реализация қилинган мол-мулк қийматидан келиб чиққан, бироқ ҚҚСни қўшмаган ҳолда мазкур гаровга қўйилган мол-мулкка олинган заём маблағлари суммасидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Энди бу тартиб асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектларга ҳам татбиқ этилади. Бугунги кунда гаровга қўювчи ушбу активларни топшираётганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани ҚҚСни ўз ичига оладиган, активларнинг реализация қилиш нархи билан баланс (қолдиқ) қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгилайди.
ҚҚСнинг умумбелгиланган ставкалари ўзгартирилмади
Солиқлар, шу жумладан ҚҚС ставкалари энди Солиқ кодексига киритилди. 2019 йилда ҚҚСнинг умумбелгиланган ставкалари ўзгармайди:
- 20%;
- 0% – айрим тоифадаги олувчиларга товарлар экспорт қилинганда ва товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда.
ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда
ҚҚС – ҳисоблаб чиқариш мушкул бўлган солиқлардан бири. ЯСТ тўлайдиган корхоналарда ишловчи бухгалтерларнинг аксарияти ушбу солиқ билан умуман таниш эмас ёки у ҳақда «эшитган» холос.
Бухгалтерлар ва раҳбарларга ҚҚС билан яқиндан танишиш, касбий малакасини ошириш учун вақт бериш мақсадида 2021 йил 1 январгача йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 3 млрд сўмдан ошмайдиган корхоналар (акциз тўланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олувчилардан ташқари) солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бунда ҚҚСни ҳисобга олиш механизми бекор қилиниши, шунингдек ставканинг пасайтирилган миқдори – фаолият турига қараб 4%дан 15%гача назарда тутилган.
Шу билан бирга, ушбу корхоналарда ҚҚСни ҳисобга олиш механизмини қўллаган ҳолда унинг 20%лик умумбелгиланган ставкасини танлаш ҳуқуқи сақланиб қолади.
ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишнинг соддалаштирилган тартиби ҳақида батафсил – бу ерда.
Реализация қилиш бўйича имтиёзли оборотлар рўйхати тўлдирилди
Бугунги кунда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод қилинган (Солиқ кодексининг 208-моддаси 28-банди).
2019 йил 1 январдан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳам ҚҚСдан озод қилинади. Бундай маҳсулотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
ҚҚСни ҳисобга олишга оид янгиликлар
- 2019 йил 1 январдан олинаётган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкин бўлади, айни пайтда у уларнинг қийматига киритилади. Бунда ҳисобга олиш тартиби актив турига қараб фарқланади:
– тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк бўйича олувчи ҚҚСни 36 календарь ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади;
– бошқа асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича – 12 календарь ой давомида.
Агар мазкур активлар ҚҚСни ҳисобга олиш учун берилган давр тугагунига қадар реализация қилинса, солиқнинг қолган суммаси тўлиқ ҳисобга олинади. Мол-мулкни молиявий ижарага, шу жумладан лизингга беришда ҳам ҚҚС худди шундай тартибда ҳисобга олиниши белгиланган.
Ушбу қоиданинг жорий этилиши корхоналарга айланма маблағларини ошириш, шунингдек амортизация суммасини камайтириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беради.
- 2019 йил 1 январдан корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга, ҚҚСни ихтиёрий тўлашга ўтганда ёки имтиёзлар бекор қилинганда товарлар (ишлар, хизматлар) қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга оид нормага аниқлик киритилди. Энди корхона ўтган пайтдан эътиборан товар-моддий захираларнинг қолдиқлари, узоқ муддатли активлар, шунингдек тайёр маҳсулот қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қуйидагилар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди:
- 2019 йилнинг 1 январига қадар сотиб олинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича;
- тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланилмайдиган ёки солиқ солинмайдиган айланма мақсадида фойдаланиладиган, сотиб олинадиган кўчмас мулк бўйича.
Ҳисобварақ-фактурага тузатиш киритилади
2019 йил 1 январдан мобиль алоқа хизматларига акциз солиғи жорий этилиши муносабати билан мобиль алоқа операторлари энди ҳисобварақ-фактурада қуйидагиларни акс эттирадилар:
- ўз хизматлари бўйича акциз солиғи ставкаси ва суммасини;
- акциз солиғи ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган хизматларнинг жами миқдори (ҳажми) қийматини.
Бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни тўловчи корхоналар энди ҳисобварақ-фактуранинг умумбелгиланган шаклини тўлдирадилар, сабаби ушбу солиқ ўрнига акциз солиғи жорий этилмоқда.
ҚҚС бўйича ҳисобот даври – бир ой
2019 йил 1 январдан ҚҚС бўйича ҳисобот даври бир ой ҳисобланади. Барча ҚҚС тўловчилар ҳисоб-китобни ортиб борувчи якун билан тақдим этадилар ва солиқни ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тўлайдилар.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ҚҚС тўловчи кичик бизнес корхоналари чоракда бир марта ҳисоботни топширадилар ва солиқни тўлайдилар.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.
Корхонангиз учун ҚҚСни қандай – соддалаштирилган ёки умумий тартибда тўлаган фойдалироқ бўлиши ҳақида «Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда батафсил билиб олишингиз мумкин.