Янгиликлар

Ноль даражали ставка қўлланиши муносабати билан ҚҚСни қайтариш муддати 7 кунгача қисқартирилади

13.02.2019

 

Камроқ ҳужжатлар талаб этилади, МВ ва ДСҚ эса тадбиркорлик субъектларининг тегишли аризаларини кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган дастур ишлаб чиқадилар.

 

Эслатиб ўтамиз, ноль даражали ставкани қўллаш – ҚҚСни тўлаш занжиридаги охирги тадбиркорлик субъекти учун энг фойдали вазият. Ушбу солиқдан озод қилиш шаклидаги имтиёзлардан фарқли равишда, ноль даражали ставкада солиқ тўловчи илгари товарларни, ишларни ва хизматларни харид қилиш чоғида тўлаган солиқ суммасини қайтаришга ҳақли бўлади. Имтиёзлар қўлланганда ҳисобга олиш амалга оширилмайди ва кирувчи ҚҚС яхлитлигича товарлар (ишлар, хизматлар) таннархига киритилади.

 

Масалан, корхона 24 млн сўмга, шу жумладан ҚҚС 20% (4 млн сўм), пахта толаси сотиб олади. Сўнг тўқимачилик ёки тикув-трикотаж маҳсулоти экспортга жўнатилади. Экспорт қилинадиган товарларни реализация қилиш оборотига ноль даражали ҚҚС қўлланилади. Экспорт қилинганда давлат барча кирувчи ҚҚСни (4 млн сўм) солиқ тўловчига қайтаради, ички бозорда охирги харидор уни тўлашига тўғри келган бўларди. Янада арзон нархларни белгилаш имкони борлиги сабабли товар ташқи бозорда янада рақобатбардош бўлади.

 

ҚҚСнинг қайтарилиши Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом (7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. Тартиб-таомил кўп босқичли бўлиб, бунга 15 иш куни кетади.

 

Солиқ тўловчиларга ҚҚС қайтарилишини осонлаштириш учун давлатимиз раҳбари қуйидаги топшириқларни берди:

 

  • 2019 йил 1 апрелдан ҚҚСни қайтариш муддатини 7 иш кунигача қисқартириш, шунингдек бунинг учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси, ҚҚС ҳисоб-китоби ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа ҳужжатларни чиқариб ташлаш;

 

  • бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларининг товар айланмасидан вужудга келган ноль ставкадаги ҚҚСни қайтариш тўғрисида тақдим қилган аризаларини кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган дастурни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.

 

Самир Латипов.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь