Янгиликлар

Харид учун ҳисоблашаётган сотувчи харидорга қанча ва қандай чекларни бериши керак

15.02.2019

Ушбу масала амалда қандай ҳал қилинаётганига кўп нарса боғлиқ.

 

Биринчидан, товарларнинг тўғри ҳисобга олиниши ва давлат бюджетига тушумлар тўлиқ тушиши. Касса чеки берилганлиги харид қонунга биноан расмийлаштирилганлиги, товар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисобга олинганлигини англатади.

 

Иккинчидан, солиқ органларида сотувчига нисбатан эътирозлар йўқлиги. Солиқ кодексига мувофиқ, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан ва тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунбузарлик тури ва уни такроран содир этиш муддатига қараб 200 ЭКИҲгача миқдорда жарима солиниши мумкин. 

 

Учинчидан, истеъмолчининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, харидорнинг касса ёки товар чекини бериши товарни алмаштириш ёки қайтариш ҳуқуқини амалга ошириш талабини кўриб чиқишга асос бўлади.

 

Чек қачон керак бўлади, қачон эса йўқ

 

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.

 

Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида айтилишича, сотувчи харидорга харид билан биргаликда касса чекини бериши шарт. Аниқлик киритилишича, товарларнинг айрим турларини (антиквариат буюмлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, табиий мўйнадан тикилган буюмлар ва бошқаларни) сотишда ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товар чекини бериши шарт. Товар чекида, гарчи қонун ҳужжатларида ушбу ҳужжатга аниқ таъриф берилмаган бўлса ҳам, товар батафсилроқ тавсифланади.

 

Ҳисоб-китоб қилиш чоғида истеъмолчига харид қилиш далилини тасдиқловчи ва бу ҳақдаги батафсил маълумотлар қайд этилган бошқа ҳужжат берилганда касса чеки берилмайди. Хусусан, бундай ҳолларга қуйидагилар киради:    

 

– йўловчилар ташилишини йўл чипталари билан расмийлаштириш;

– банк операцияларини мижознинг шахсий счётидан кўчирма билан расмийлаштириш;

– суғурта хизматларини топшириқ шартномаси ва (ёки) суғурта полиси билан расмийлаштириш;

– ишларни (хизматларни) ҳақиқатда ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштириш.

 

Шунингдек Қоидаларда тушунтириш берилишича, чакана савдони назорат-касса машинасини қўлламасдан амалга ошираётган сотувчи – якка тартибдаги тадбиркор харидорга сотиб олинган товар билан биргаликда квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжатни бериши шарт. Ушбу ҳужжатда сотувчининг фамилияси ва имзоси, якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, товар сотилган сана ва унинг қиймати кўрсатилган бўлиши керак.

 

Кассада бериладиган ҳамма чек – касса чеки эмас

 

Истеъмолчилар сўнгги пайтларда кўпроқ чек берилаётганини қайд этмоқдалар. Бу терминал воситасида банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш амалиёти кенг тарқалганлиги натижасидир.

 

Бироқ терминал чеки – назорат-касса машинасининг чеки эмас. Демак, терминал чекини берган сотувчи қонун нуқтаи назаридан касса чекини бермаган сотувчи билан баробар.

 

Қонун ҳужжатларида терминал ва назорат-касса машиналари чеклари тенглаштирилмаган, шунингдек улар ўзаро бир-бирининг ўрнини босувчи ҳужжатлар деб белгиланмаган. Мазкур ҳужжатларни босиб чиқарадиган жиҳозларнинг мақсади турли хил эканлиги шуни тақозо этади. Терминал – транзакцияларни ўтказишга мўлжалланган жиҳоз, унинг чекида банк пластик картасидан фойдаланган ҳолда «А» счётидан «В» счётига пул ўтказилганлиги тўғрисидаги ахборот қайд этилади. Ушбу ҳужжатга асосланган ҳолда муайян товарни харид қилиш учун пул ўтказилганлигини исботлаб, унинг харид қийматини аниқлаб бўлмайди.      

 

Назорат-касса машинаси чекида уни харид «паспортига» айлантирадиган ахборотни акс эттириш мумкин. Қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилган касса чеки бўйича товар қаерда ва қайси пайтда харид қилинганлигини аниқлаш мумкин. ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори билан ҳар бир касса чекида қандай ахборот қайд этилиши кераклиги белгиланган. Ушбу ахборот рўйхатига қуйидаги реквизитлар киритилган:

 

а) солиқ тўловчининг – хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва идентификация рақами;

б) тўлов суммаси;

в) товарлар ва хизматлар номи;

г) тўлов санаси ва вақти;

д) НКМнинг завод рақами;

е) чекнинг тартиб рақами;

ж) фискал режим белгиси.

 

Айтиш жоизки, терминал чеки мазмунига оид талаблар умуман белгиланмаган, сабаби ушбу жиҳознинг техник имкониятлари транзакциялар ўтказиш билан чекланган.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ, харид ҳақи қай усулда тўланганлигидан қатъи назар, касса чеки берилиши керак.

 

 

Касса чекининг афзалликлари

 

Шубҳасиз, касса чеки афзал. Сўнгги йилларда кўп учраётган бир-иккита вазиятни кўриб чиқамиз. Биринчиси. Харид учун қисман нақд пулда, қисман пластик картадан фойдаланиб ҳақ тўланди. Иккинчиси – иккита пластик карта воситасида ҳисоб-китоб амалга оширилди.

 

Иккала ҳолатда тўлов шаклидан қатъи назар, касса чеки харидни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши мумкин. Бугун эса муаммолар юзага келмоқда:

 

ҳар бирининг ҳақини битта карта орқали тўлай олиш учун харидни иккига бўлишнинг имкони йўқ;

 

нақдлаштириш ёки бир картадаги маблағларни бошқасига ўтказиш бўйича банк хизматлари қўшимча равишда воситачилик ҳақи тўлашни талаб қилади. Бунинг устига, бунга вақт кетади.

 

Шу сабабларга кўра харид қилишдан воз кечиш мантиқсиз ва ўринсиз бўлган бўларди.

 

Шу билан бирга ҳам сотувчи, ҳам харидорнинг ҳуқуқ ва манфаатлари имкон қадар ҳимоя қилинишини таъминлаш зарур. Харид касса чеки билан расмийлаштирилганда бу вазифани уддаласа бўлади, унда харид тавсифига тўлов усули ҳақидаги ахборот қўшилади. Ўзбекистонда фойдаланиладиган аксарият НКМнинг тузилиши ва дастурий таъминоти буни муаммосиз амалга ошириш имконини беради. Ушбу усул йирик савдо тармоқлари ва дўконларда кенг қўлланилмоқда.

 

Шуни назарда тутиш лозимки, сотиладиган битта товар (бажариладиган иш ёки кўрсатиладиган хизмат) учун икки ёки ундан кўпроқ касса чеклари берилиши тақиқланади. Ушбу қоида Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига қўйиладиган ягона техник талабларда (АВ томонидан 11.07.2014 йилда 2601-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қайд этилган.

 

Бу ҳолда касса чеки билан бир қаторда ушбу жиҳозлардан фойдаланиб тўланган суммаларга терминал чеклари ҳам берилади.

 

Хулоса чиқарамиз

 

Истеъмолчига касса чеки ёхуд сотилган товарлар, уларнинг қиймати ва хариднинг умумий қиймати албатта кўрсатилган унинг ўрнини босувчи ҳужжат доим берилиши керак. Харид ҳақи терминалдан фойдаланиб тўланганда қўшимча равишда терминал чеки нусхаси берилади.

 

Чалкашликка ва қонунчилик турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик учун Солиқ кодексининг 222-моддасидаги аҳолига товарларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар рўйхатидан терминал чекини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ. Унинг ушбу рўйхатда бўлишини қонунчиликнинг бошқа нормаларига риоя этиш зарурати билан оқлаб бўлмайди.

 

Харид ҳақи тўланганда терминал чеки нусхасини харидорга бериш заруратини ҳам қайта кўриб чиқиш мумкин. Ушбу ҳужжат харидорга картадаги счётидан маблағлар тўғри ҳисобдан чиқарилганига ишонч ҳосил қилиш имконини беради, холос. Бугунги кунда банк карталари соҳибларининг аксарияти фойдаланаётган SMS-хабар бериш хизмати бу вазифани тўлиқ уддалаяпти. 

 

Олег Гаевой.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь