Янгиликлар

2019 йилда якка тартибдаги тадбиркорларга қандай солиқ солинади

03.04.2019

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлиги томонидан 19.03.2019 йилда 3143-сон билан рўйхатдан ўтказилди. У Солиқ кодекси ва Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарори 8-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Тушум миқдоридан келиб чиқиб солинадиган солиқлар

2019 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга (бундан кейин – ЯТТ) солиқ солиш тизимига жиддий ўзгартиришлар киритилди. Юридик шахсларда бўлганидек, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум ЯТТ учун солиқ солиш тизимини белгилаш мезони деб қабул қилинди.

ЯТТнинг календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми (Низомнинг 1 ва 2-бандлари):

100 млн сўмдан ошмаганда – қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар (Солиқ кодексининг 58-боби). 2019 йилги қатъий белгиланган солиқ ставкалари 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 9-иловада белгиланган;

100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлганда – ЯСТ тўлайдилар.

Бу – муҳим! ЯСТ тўловчи юридик шахслар учун фаолият турига қараб фарқланадиган солиқ ставкалари белгиланган бўлса, ЯТТ учун 4% миқдорида ягона ставка белгиланган (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 8-банди);

1 млрд сўмдан ошганда – солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган умумбелгиланган тартибда тўлайдилар (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 8-банди). Яъни бундай ЯТТ бухгалтерия ҳисобини юритадилар, фойда солиғи, ҚҚС (ш.ж. соддалаштирилган ҚҚС), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва бошқа солиқларни ҳисоблаб чиқариб, тўлайдилар.

Эслатиб ўтамиз, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолият амалга оширилган тақдирда, оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрадиган ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосигина қатъий белгиланган солиқни тўловчи бўлади (Солиқ кодексининг 370-моддаси).

Тушум миқдори календарь йили давомида ортиб борувчи якун билан аниқланади. Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи ЯТТ учун у барча фаолиятидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган жами тушумидан келиб чиқиб аниқланади (Низомнинг 16 ва 17-бандлари).

Мисол. ЯТТ:

  • чакана савдо билан шуғулланади (1-чоракдаги тушуми – 90 млн сўм);
  • пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатади (1-чоракдаги тушуми – 20 млн сўм).

Чакана савдо шаклидаги асосий фаолиятидан олинган тушум 100 млн сўмдан ошмаганлигига қарамай, солиқ солиш тизимини аниқлаш учун жами тушум олинади (90 + 20 = 110). Жами тушум 100 млн сўмдан ошганлиги сабабли ЯТТ 1 апрелдан ЯСТ тўлашга ўтади.

ЯТТ бошқа солиқ солиш тизимларига ўтишининг ўзига хос хусусиятлари

Календарь йилида олинган тушуми тегишинча 100 млн сўмдан ёки 1 млрд сўмдан ошган ЯТТ тушум миқдори белгиланган чегарадан ошган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади (Низомнинг 18-банди).

Мисол. Январь ойи якунларига кўра ЯТТ олган тушум 50 млн сўмни, февраль ойи якунларига кўра 60 млн сўмни ташкил этди. Январь–февраль ойларидаги жами айланма – 110 млн сўм. ЯТТ 1 мартдан бошлаб ЯСТ тўлашга ўтиши керак.

Олинган тушуми 1 млрд сўмдан ошган ЯТТ қуйидагиларга ҳақли:

  • ихтиёрий равишда қайта юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият кўрсатишлари;
  • ЯТТ мақомини сақлаб қолган ҳолда юридик шахслар учун назарда тутилган солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашга ўтишлари (Низомнинг 19-банди).

Қуйидагиларни тўлашга ўтган ЯТТ учун:

ЯСТни – қатъий белгиланган солиқ солиш даврида олинган тушум ушбу солиқ бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди;

умумбелгиланган солиқларни – қатъий белгиланган солиқ ва ЯСТни тўлаш даврида олинган тушум солиқ солиш базаси сифатида қаралмайди (Низомнинг 21-банди).

Календарь йилида олинган тушуми тегишинча 100 млн сўмдан ёки 1 млрд сўмдан ошган ҳолатда фаолиятини вақтинчалик тўхтатган (тугатган) ЯТТ фаолиятини қайта тиклаган санадан бошлаб ЯСТ ёки солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўловчилари ҳисобланади (Низомнинг 22-банди).

Шу ўринда савол юзага келади – бу битта календарь йилига тааллуқлими? ЯТТ кейинги календарь йилидан бошлаб фаолиятини қайта тиклаган бўлса, тушум ошганда тегишинча ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлаши керакми?

Календарь йил солиқ давридир (Солиқ кодексининг 162-моддаси). Шу сабабли фақат календарь йили ҳақида сўз бориши лозим деб ҳисоблаймиз. Тушум миқдори ошган ва фаолиятини тугатган, бироқ ўша календарь йилида уни қайта тиклаган ЯТТ ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади.

Мисол. ЯТТ (қатъий белгиланган солиқ тўлаган) 2019 йил 1-чораги якунларига кўра 105 млн сўм тушум олган ва 2019 йил 1 апрелдан ЯСТ тўлаши керак. Бироқ 2019 йилнинг 2 ва 3-чоракларида ЯТТ фаолиятини тўхтатган. 2019 йил 4-чорагида эса фаолиятини қайта тиклаган. У ЯСТ тўлаши керак, сабаби календарь йилида жами тушуми 105 млн сўмни ташкил этган.

Таҳририятдан: Кейинги 2020 йилдан (бизнинг мисолда) нима қилиш керак деган савол ҳам ўртага қўйилади. Низомда бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган. Масалан, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган ЯСТни тўловчи юридик шахслар камида ўн икки ойдан сўнг ЯСТни тўлашга қайта ўтишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 354-моддаси). Фикримизча, бу жиҳатни аниқлаштириш ва Низомга ўзгартиришлар киритиш зарур (2020 йил охиригача ҳали вақт бор).

Фаолият турининг ўзгартирилиши тушумнинг белгиланган чекланган миқдорларига, ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга таъсир кўрсатмайди (Низомнинг 22-банди).

Мисол. Қатъий белгиланган солиқ тўловчи ЯТТ 1-чоракда чакана савдо билан шуғулланиб, 150 млн сўм тушум олди. Тадбиркор апрель ойидан бошлаб савдо соҳасидан маиший хизматлар кўрсатишга ўтди. Фаолият турини ўзгартирганига қарамай, ЯТТ 1 апрелдан ЯСТ тўлашга ўтиши керак.

ЯТТ ЯСТ тўлашга ўтганда қатъий белгиланган солиқ бўйича тақдим этилган имтиёзлар татбиқ этилмайди (Низомнинг 23-банди).

Эслатиб ўтамиз, қатъий белгиланган солиқ бўйича қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин 12 ой ичида ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, улар давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилади (Солиқ кодексининг 375-моддаси);
  • уй хўжалигида, шу жумладан, деҳқон хўжалигида парваришланган тирик ҳайвонларни (чорва моллари, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонлар, балиқлар ва бошқалар) ҳамда уларни сўйиб, хом ёки қайта ишланган кўринишдаги маҳсулотларни, саноатда қайта ишлашдан ташқари, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган кўринишда (манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотларидан ташқари) чакана сотишга қатъий белгиланган солиқ солинмайди (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 9-илова);
  • I ёки II гуруҳ ногирони бўлган жисмоний шахс, фаолият тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқни ойига ЭКИҲнинг 50% ставкаси бўйича тўлайди (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 9-илова).

Даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш

Олинган тушуми 1 млрд сўмдан ошмаган ЯТТ томонидан даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари ҳамда товар чеклари китобчаси юритилади (Низомнинг 3-банди).

Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари ҳамда товар чеклари китобчаси 11-иловага (МВ ва ДСҚнинг қарори, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ шаклда юритилади. Бунда даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари китоб шаклида тикилади, унинг биринчи варағига ЯТТ тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

Ҳисобга олиш китобининг кейинги варақларида фаолият туридан келиб чиқиб:

  • чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТнинг товарлар ҳаракати тўғрисидаги регистри;
  • тижорат фаолияти учун четдан товарлар олиб келувчи ЯТТнинг товарлар ҳаракати тўғрисидаги регистри;
  • хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТнинг кўрсатилган хизматлар ҳаракати тўғрисидаги регистрлари ўз фаолияти учун лозим бўладиган миқдорда (варақда) тикилади (Низомнинг 4-банди).

Бу ўринда нима сабабдан ишлаб чиқариш ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи ЯТТ учун регистрлар ҳақида ҳеч нима дейилмаган, деган савол юзага келади. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 374-моддасида белгиланганидек, фақат савдо фаолиятини амалга оширувчи ЯТТ даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларида ҳисоб юритишлари шарт. Шу муносабат билан Низомга қўшимча киритилиши ва Солиқ кодексининг 374-моддасига ўзгартириш киритилиши зарур.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган фаолият турлари билан шуғулланадиган ЯТТ товар чеклари китобчасини солиқ органларига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиши лозим. Товар чеклари китобчаси якка тартибдаги тадбиркорнинг аризасига асосан у рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилади (Товар чеклари китобчаларини юритиш ва тўлдириш тартиби, Низомнинг 3-бобида белгиланган). 

Тушумни аниқлаш устидан назорат

ЯТТни қатъий белгиланган солиқ солиш тартибидан ЯСТга ўтказиш учун солиқ органларига қуйидаги белгилар асос бўлиши мумкин:

а) якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этиладиган солиқ ҳисоботи;

б) хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисобварақларида 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача товар айланмаси амалга оширилганлиги тўғрисидаги банк маълумотлари;

в) камерал назорат натижасида ЯТТ томонидан қиймати 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган товарларнинг сотиб олинганлиги;

г) божхона органларидан олинган маълумотга кўра, суммаси 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган товарларнинг импорт қилинганлиги;

д) белгиланган тартибда ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижалари билан тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача эканлиги ҳисоб-китоб қилинган ҳолатда;

е) тегишли ташкилотлардан олинган бошқа маълумотлар асосида тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган деган хулосага келинганда (Низомнинг 15-банди).

Бунда солиқ органлари учун юқорида кўрсатилган бандлар, а) банд бундан мустасно, ЯТТни қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ЯСТ тўлашга ўтказиш учун тўғридан-тўғри асос бўла олмайди.

Асос: Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ ЯТТда камерал назорат ўтказиш чоғида б)–е) бандлардан фойдаланилади. Камерал назорат ўтказиш давомида ушбу маълумотлар аниқланса, солиқ органлари солиқ тўловчини автоматик равишда ЯСТга ўтказишга ҳақли эмас. Улар унга қуйидаги мазмундаги талабнома юборадилар:

  • ёки тушум 100 млн сўмдан ошмаганлиги ҳақидаги далил-исботлар билан олинган маълумотлар асосланмаларини тақдим этиш ҳақида; 
  • ёки ЯСТ тўлашга ўтиш ҳақида. 

Фикримизча, Низомга ЯТТ олган тушум 100 млн сўмдан ошганлигини аниқлаш тартиб-таомилини киритиш лозим. Шунингдек ЯТТнинг қатъий белгиланган солиқни тўлашдан дарҳол умумбелгиланган солиқларни тўлашга (яъни 1 млрд сўмдан ортиқ) ўтиш тартибини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Ҳисоботларни тақдим этиш ва тўлаш муддатлари

ЯТТ ҳисоботларни қуйидаги тартибда тақдим этади:

  • 100 млн сўмгача тушум олганда – ЯТТнинг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлари тўғрисида ҳисобот (11-илова, МВ ва ДСҚнинг қарори, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
  • 100 млн сўм–1 млрд сўм атрофида тушум олганда – ЯСТ бўйича ҳисобот шакллари (МВ ва ДСҚнинг қарорига 9-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
  • 1 млрд сўмдан ортиқ тушум олганда – ҳисоботлар солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги юридик шахслар сингари топширилади.

Қатъий белгиланган солиқ тўловчи ЯТТ ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига товар айланмалари бўйича ҳисоботларни ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этади. Бунда ЯТТ олган тушум 100 млн сўмдан ошган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҳисоботлар топширилмайди (Низомнинг 24-банди).

Бу ерда иккита савол юзага келади. Биринчиси – Низомга кўра, қатъий белгиланган солиқ тўловчи ЯТТ товар айланмалари бўйича ҳисоботларни ҳар чоракда топширади. Солиқ кодексининг 374-моддасида ҳам худди шундай норма мавжуд. Бироқ унда тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган ЯТТ ҳам тилга олинган. Улар ҳисоботларни ҳар ойда топширадилар, бироқ Низомда бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган.    

Низомда бошқа фаолият турлари – ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ҳ.к. билан шуғулланувчи ЯТТ ҳақида ҳам ҳеч нима дейилмаган.

100 млн  сўм–1 млрд сўм атрофида тушум оладиган ЯТТ Солиқ кодексида белгиланган муддатларда ЯСТ тўлайдилар. Бунда ЯТТ ихтиёрий равишда ҳар ойда ЯСТни аванс тариқасида тўлаши мумкин (Низомнинг 25-банди). Тадбиркорлар солиқни ихтиёрий равишда тўлаш «имкониятидан» фойдаланишлари даргумон, тартиб-таомилнинг мураккаблиги ҳам бунга тўсқинлиқ қилади. Бироқ бу солиқчиларга солиқни ҳар ойда тўлаш «илтимоси» билан мурожаат қилиш имконини беради…   

Тушуми 1 млрд сўмдан ошган ЯТТ Солиқ кодексида белгиланган муддатларда умумбелгиланган солиқларни тўлайдилар.

ЯТТ тўлайдиган бошқа солиқлар

Қатъий белгиланган солиқ тўловчи ЯТТ Солиқ кодексининг 373-моддасига мувофиқ бошқа солиқларни ҳам тўлайдилар. Масалан:

ЯТТ ўз ишлаб чиқариши учун товарларни импорт қилса – божхона тўловларини тўлайди;

ЯТТ ўз ишлаб чиқариши учун сувдан фойдаланса – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди;

акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарса – акциз солиғи тўлайди ва ҳ.к.;

шунингдек ЯСТ тўловчи ЯТТ Солиқ кодексининг 349-моддасига мувофиқ солиқларни тўлайдилар. 

Бу – муҳим! Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширувчи, шунингдек Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган ЯТТ, олган тушумидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқни тўловчилар ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 370-моддаси).

Календарь йили давомида ЯТТ олган тушум 1 млрд сўмдан ошмаса, у ўзи ва ҳар бир ёлланган ходим учун Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган миқдорларда ва муддатларда ЯИТ тўлайди.  

Бу – муҳим! ЯИТ солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар қуйидагича тўланади:

ЯТТ томонидан – ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда;  

ЯТТ билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан – ойига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида; 

юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзолари томонидан – ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда.

ЯТТ ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай ЯИТ тўлайди (Солиқ кодексининг 311-моддаси).

Жорилла Абдуллаев, «Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь