Камерал назорат – бухгалтер учун офатми ёки нажот?

preview

Ўтган йилнинг IV чорагидан солиқчилар камерал назорат дастакларини фаол қўллаб келмоқдалар. Солиқ тўловчиларга кўп миқдорда ва тез-тез қўшимча ҳисобланмалар ҳақида Талабномалар йўлланмоқда. 

Режали текширувларга мораторий амал қилаётган шароитда камерал назорат бюджетга тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминловчи самарали дастакка айланиши мумкин. Солиқ тўловчи ҳузурига келмасдан – молиявий ва солиқ ҳисоботлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш асосида ўтказиладиган бу назорат бизнес учун энг «қулай» шакл ҳисобланади. Солиқчи билан юзма-юз мулоқот қилинмайди, барчаси очиқ-ошкор, бирон жойга боришга ҳожат йўқ, ҳеч ким асабийлаштирмайди ва ташвишга солмайди – бу ҳар бир бухгалтернинг орзуси десак муболаға қилмаган бўламиз! 

«Солиқ хизмати солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатолик ёки маълумотларда зиддият топса, бу ҳақда ёзма шаклда солиқ тўловчига хабар берадилар, – дейди солиқ маслаҳатчиси Гулнора Эргашева. – Бу ҳолда солиқ тўловчида хатни олган санадан бошлаб 10 календарь кун ичида маълумотларга тузатиш киритиш ёки улардаги тафовутни изоҳлаб бериш имкони бўлади. Солиқ органларини жавоб қониқтирмаса, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Яъни камерал назорат тадбиркорлар ва солиқ органларини ортиқча оворагарчиликлардан ва молиявий йўқотишлардан халос қилиши лозим».

Олганингизни тасдиқлаб имзо чексангиз

Аслида шундай бўлиши керак, вақт ўтиб шундай бўлади ҳам. Бироқ бугун, афсуски, вазият қуйидагича:

«Улгуржи фирмада ишлайман, дори воситаларини сотамиз, – дейди бош бухгалтер Диляра Обидова. – шахсий кабинетга «Талабнома» келди, уни юклаб олдим, бироқ солиқчилар уни олганлигим тўғрисида тилхат бериш учун ҳузурларига боришимни сўрашяпти. Ёзма жавоб йўллаганимиз уларга камлик қилармиш. 10 кундан кейин яна боришга тўғри келади. Нега дейсизми? Сўраганларидек, ўз қўлимиз билан топшириш учун. Яна навбат кутиш, нимани қандай тўлаганимизни тушунтиришимизга тўғри келади. Нима учун буни масофадан туриб амалга ошириб бўлмайди?»

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Эргашеванинг мижозлари ҳам бундай вазиятга кўп тўқнаш келадилар: «Нима учун ДСИ ходимлари талабнома олганимизни тасдиқлаб тилхат бериш учун келишни, жавобни ҳам ўз қўлимиз билан топширишни сўрайдилар? Ўтган йилдан буён барча my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органлари билан интерактив мулоқот қилишга ўтди. Хат-хабар жўнатиш функциясида сканерланган ҳужжатларни ҳам бириктириш имкони назарда тутилган. Бироқ талабномага жавоб йўллаш функцияси кўзда тутилмаган. Солиқ органлари билан ҳужжатларни айирбошлаш учун уларнинг ҳузурига бориш шарт бўлса, солиқ тўловчининг шахсий кабинети нимага керак?»

Бу суммаларни осмондан олдингизми?

Яна бир муаммо – «Талабнома»ларнинг асослилиги.

«Камерал назорат ҳисобот таҳлили асосида ўтказилиши лозим. Кўрсаткичлар ўртасида номувофиқликлар учраса, солиқчилар бунинг сабабини сўрашлари керак, – дейди Диляра Обидова. – Солиқ тўловчи эса хато қилгани ёки тўғри йўл тутганини изоҳлаб бериши шарт. Солиқ кодексининг 70-моддасидан шу англашилади. Амалда эса вазият бошқача… Сўнгги ярим йил ичида тўртта «Талабнома» олдик. Тўлаш учун тақдим этилаётган солиқ суммаларида ҳеч қандай мантиқ ва асос йўқ. Чунончи, шундай «Талабнома»лардан бирида 1 млрд сўм ҚҚСни қўшимча ҳисоблашимизни талаб қилганлар. Асос: «5 млрд сўмлик дори воситаларини импорт қилиб, божхонада ҚҚС тўлагансиз». Дори воситалари обороти, шу жумладан импорти ҚҚСдан озод қилинганини билмайдиларми!

Бошқа «Талабнома»да балансда қайд этилган қолдиқларни ҳисобга олмасдан харид қилинган дори воситалари қийматидан келиб чиқиб солиқни ҳисоблашимизни талаб қилдилар. Буни шундай изоҳладилар: «Балансда нималарни кўрсатмагансиз, унга ишонмаймиз». Омборларни суратга олиб, солиқ идорасига элтиб беришимизга тўғри келди… Асосийси – қизғин фаолият юритаётганликларини кўз-кўз қилмоқчига ўхшайдилар. Рақамлар салкам осмондан олингани учун бундай «назорат» самара бермаслиги, фақатгина бухгалтернинг қўлини олиши эса ҳеч қимни қизиқтирмайди».

Кўп «Талабнома»лар заиф асосга эгалигини Гулнора Эргашева ҳам тасдиқлади: «Бундай талабномалар мазмунидан келиб чиқиб, солиқ органлари ташқи манбалардан олинган ахборотдан фойдаланаяптилар, дея хулоса чиқариш мумкин. Масалан, корхонанинг ҳисоб-китоб счёти ҳаракати бўйича, божхона органларининг маълумотларидан. Бироқ ушбу маълумотларни тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботларидаги кўрсаткичлар билан солиштираётганда корхонада қуйидагилар бўлиши мумкинлигини инобатга олмайдилар:

  • сотилмаган тайёр маҳсулот (товар)нинг омбордаги қолдиқлари;
  • юклаб жўнатилмаган тайёр маҳсулот ёки товарлар бўйича аванс суммалари;
  • қарз суммалари ва ҳ.к.

Бундай вазиятларда солиқ органи далил-исбот: инвентаризация далолатномаси, моддий жавобгар шахсларнинг тилхатлари, товарларнинг фотосуратлари, банкнинг барча кўчирмалари, реализацияга доир шартномалар ва ҳисобварақ-фактуралар ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилади».

Жуда кўп ҳолларда «Талабнома»лардаги қўшимча ҳисобланмалар батафсил ҳисоб-китоб қилиб берилмайди, қайси солиқ юзасидан боқимонда юзага келгани кўрсатилмайди. Бухгалтер бу сумма қаердан, айнан қайси солиқ бўйича юзага келганини билиш учун ДСИга қўнғироқ қилишига тўғри келади. Бошқа вариант – my.soliq.uz порталидаги ШСКда қўшимча ҳисобланган суммани мустақил «излаш».

Ишлашга қўймайдилар…

Ниҳоят, яна бир муаммо – «Талабнома»лар бериш оралиғидаги муддатнинг белгиланмаганлиги, такроран «Талабнома» йўллашнинг тақиқланмаганлиги.

«Солиқчилар ер солиғи бўйича имтиёзлардан ноўрин фойдаланилган деб ҳисоблаган ҳолатга дуч келганман, – дейди Гулнора Эргашева. – Уларга ўз позицияларини асослаб жавоб йўллаганлар. Икки ҳафтадан кейин ер солиғини тўлаш ҳақида яна талабнома келган. Иккинчи бор ҳам сабабини тушунтирганлар. Бир ойдан сўнг худди шу масала бўйича учинчи «Талабнома» олганлар. Директор ўзини тутиб тура олмай, ишлашга қўймаётганлари учун солиқчиларни судга берган!»

«Талабнома»га жавоб тайёрлаш вақт талаб қилади. Бухгалтерга асосланган жавоб бериш учун 10 кун муҳлат берилади. Улгурмаса, солиқчилар судга беришга, бундан ҳам ёмони – ҳисоб-китоб счётини музлатиб қўйишга ҳақли. Жавоб тайёрлаб, ҳужжатларни тўплагунча асосий иши қолиб кетади.

Йирик корхона бош бухгалтери асосланган жавоб тайёрлаш учун солиқ маслаҳатчиси ёки аудиторни жалб этар. Бу ҳолда бухгалтер ўз ишини тўхтатиб қўймайди, жавоб эса ҳақиқатан асосли ва тўғри бўлади. Бошқа вариант – алоҳида штат бирлиги – «ДСИ талабномаларига жавоб тайёрловчи мутахассис» лавозимини жорий этиш. Иккала вариант ҳам қимматга тушади, лекин ҳар ҳолда вазиятдан чиқиш йўли бор.

Кичик корхона бухгалтери эса ҳаммасини ўзи уддалаши керак. Осон йўли – қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаб, «хотиржам ухлаш». Бироқ бу йўлни тутган бухгалтерни ҳеч ким узоқ ушлаб турмайди…

«Айрим мижозларим мунтазам равишда инсоф билан ишлаётганини солиқ органига исботлаш ўрнига тўрт-беш йилда битта режали текширув ўтказилишини афзал кўрган бўларди», – дея сўзига якун ясади Гулнора Эргашева.

Умуммажбурий ҳуқуқий ҳужжат зарур

Камерал назорат таомилларининг шаффоф эмаслиги, уни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги ушбу муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аслида бундай ҳужжат бўлса керак, лекин идоравий даражада қолиб кетган. Камерал назорат тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларига бевосита дахл қилишини инобатга олган ҳолда уни тартибга солувчи ҳужжатга умуммажбурий тус бериш ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.  

Мазкур ҳужжат камерал назоратнинг барча таомилларини тартибга солиши зарур:

  • у ўтказиладиган ҳоллар;
  • даврийлиги;
  • ҳар бир солиқ бўйича боқимондани аниқлаш имконини берувчи кўрсаткичларни солиштириш услубияти;
  • ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилган ҳолда қўшимча ҳисобланиши лозим бўлган суммаларни батафсил асослаш зарурати;
  • текшириш далолатномасининг шакли;
  • камерал текширув далолатномаси юзасидан юқори турувчи солиқ органида ёки судда эътироз билдириш имконияти;
  • асоссиз даъво учун солиқ органларининг жавобгарлиги.

Қуйидаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиши керак: қўйилган талабномалар сони, қўшимча ҳисобланмаларнинг умумий суммаси ва унинг қанча қисми тасдиқланганлиги, энг кўп учрайдиган хатоликлар, уларни аниқлаш услубияти, солиқ солиш объектларини санаш учун манбалар рўйхати ва ҳ.к.

Буларнинг бари камерал текширувларни тартибга солади, уларнинг самарадорлигини оширади ва солиқ ислоҳотлари амалга оширилаётган паллада шундоқ ҳам ташвиши ортган бухгалтерларнинг ишини осонлаштиради.

 

Татьяна Лимарева.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text149702_kameral_nazorat_-_buhgalter_uchun_ofatmi_eki_najot