ТМЗ қолдиқлари бўйича ҚҚС ҳисобга олингани ҳақидаги маълумотларингизни таҳлил қилаётганда солиқчилар нималарга эътибор берадилар

preview

ҚҚС тўлашга ўтаётганда ўтиш санасида балансда қайд этилган қуйидагиларнинг қолдиқлари бўйича илгари тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олишга ҳақли бўласиз:

  • товар-моддий захираларнинг;
  • узоқ муддатли активларнинг (2019 йилнинг 1 январига қадар сотиб олинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бундан мустасно).

Солиқчилар қуйидаги вазиятларда ҳисобга олинган ҚҚС суммаларини чиқариб ташлашга ва солиқни қўшимча ҳисоблашга ҳақли бўладилар.

 

1. Ҳужжатлар – 2019 йил 1 январдаги ҳолатга кўра инвентаризация далолатномаси лозим даражада расмийлаштирилмаган, ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа ҳужжатлар (БЮД, бажарилган ишлар далолатномалари) мавжуд бўлмаса.

2. Корхона балансида сақлаш муддати ишлаб чиқариш (операцион) цикли давомийлигидан анча ошадиган товар, хом ашё қолдиқлари мавжуд бўлса. ТМЗни сақлаётганингизга 2 йилдан ошди, дейлик. Бу бухгалтерия ҳисобини нотўғри юритганингиздан далолат бериши мумкин. Сиз ўз вақтида:

  • ноликвид материални ҳисобда акс эттирмагансиз;
  • уни қайта баҳоламагансиз;
  • балансдан ҳисобдан чиқармагансиз, утиллаштирмагансиз.

Ушбу ТМЗ бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тўғри бўлмайди, сабаби корхона фаолиятида улардан фойдаланилмайди.

 

Диққат! Қолдиқлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш чоғида инвентаризацияни юзаки ўтказмаслик керак. ТМЗнинг реал ҳолатини, уларнинг нималарга мўлжалланганини таҳлил қилинг. Фойдаланиш учун яроқсизларини балансдан ҳисобдан чиқаринг.

 

Мисол

Корхона темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Балансда кўп миқдордаги хом ашё акс эттирилган. Хом ашёнинг бир қисми йиллаб сақланмоқда, технология ўзгаргани сабабли ундан фойдаланилмаяпти. У омборда жой эгаллаб ётибди, ташлаб юборишга кўз қиймайди, фойдаланиб ҳам бўлмайди. Аслида у – мазкур тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмайдиган ноликвид. У ҳисобда тўғри акс эттирилиши лозим, унинг юзасидан тўланган ҚҚСнинг ҳисобга олиниши тўғри эмас.

Мисол

Корхонада инвентарь мавжуд, у 1080-счётда ҳисобга олинади. Фойдаланишга жорий этиш пайтида харажатларга ҳисобдан чиқарилиши ва балансдан ташқари 014-счётда акс эттирилиши керак. Корхона бухгалтери фойдани ошириш истагида ёки ёдидан чиқаргани, билмаслиги туфайли ушбу инвентарни фойдаланишга топшириш чоғида харажатларга ҳисобдан чиқарган. Инвентарь 1080-счётда ҳисобга олинганича турибди, корхона унинг юзасидан тўланган ҚҚСни ҳисобга олмоқда. Аслида қолдиқларда ушбу инвентарь мавжуд эмас. ТМЗ қолдиқлари сирасида ҳисобга олиниши учун янгиси омборда сақланиши керак.   

 

3. ҚҚС тўлашга ўтиш санасида омборларда қуйидаги мол-мулк мавжуд: 

  • тадбиркорлик фаолиятингиз билан боғлиқ бўлмаган. Масалан, ўз ходимларингиз учун дам олиш зонасига эгасиз, унинг учун қурилиш материаллари ва спорт анжомлари сотиб олдингиз. Ушбу ТМЗдан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмайди, улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин эмас (Солиқ кодексининг 219-моддаси);
  • сиз солиқ солинмайдиган оборот мақсадларида фойдаланадиган. Масалан, ҚҚС солинмайдиган маҳсулот тайёрлаш учун хом ашё. Ушбу хом ашё харид қилинганда етказиб берувчига тўланган солиқни ҳисобга олишга ҳақли эмассиз (Солиқ кодексининг 219-моддаси 6-банди);
  • текинга олинган. Унга доир қабул қилиш-топшириш далолатномаси, ҳисобварақ-фактура мавжуд. Ҳадя қилувчи – ҚҚС тўловчи бўлса, ушбу ҳисобварақ-фактурада ҚҚС албатта ажратиб кўрсатилган бўлади. Бироқ корхонангиз ушбу ҚҚСни тўламаганлиги боис мазкур мол-мулк бўйича ҚҚСни ҳисобга ололмайсиз.

2019 йил 1 январдаги ҳолатга кўра қолдиқлардан ҚҚСни ажратиб кўрсатишга доир солиқчиларнинг тавсияларида қуйидаги тартибда хатти-ҳаракат қилишингиз лозимлиги кўрсатилган:

 

  • аввал инвентаризациядан ўтказинг;
  • улар бўйича ҚҚС қайд этилган ҳужжатлар расмийлаштирилган ТМЗ қолдиқларини аниқланг;
  • нархида ҚҚСни ҳисобга олиб бўлмайдиган бойликларни улар сирасидан чиқариб ташланг;
  • улардаги солиқ ҳисобга олинадиган ТМБ қолдиқларини аниқланг.

Ушбу қоидаларга риоя этсангиз, ҚҚСни ҳисобга олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслиги керак.

 

Татьяна Белоусова, солиқ маслаҳатчиси.

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text150493_tmz_qoldiqlari_buyicha_qqs_hisobga_olingani_haqidagi_malumotlaringizni_tahlil_qilaetganda_soliqchilar_nimalarga_etibor_beradilar