Энди «Талабнома» олинганлиги ҳақида тилхат бериш ва қоғоз шаклида жавоб қайтариш керак эмас

preview

Солиқ маъмуриятчилиги жараёнларига ахборот технологияларини жорий этиш, «Солиқ-сервис» ДУК ва call-марказ фаолияти якунларини чиқариш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида сўзга чиққан ДСҚ раисининг ўринбосари Ҳотамбек Шокиров шу ҳақда маълум қилди.

 

Матбуот анжуманида сўзга чиққан ДСҚнинг Интерактив хизматлар ва инновацияларни жорий қилиш бўлими бошлиғи Бобур Ҳасанов, «Солиқ-сервис» ДУК директори ўринбосари Жамшид Султонов солиқ тўловчиларнинг солиқ органлари билан фақат электрон тарзда, АКТдан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилишлари учун шарт-шароит яратиш ДСҚнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини қайд этдилар. Бугунги кунга келиб солиқ органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг қарийб 90%и электрон форматга ўтказилган.

 

Солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларга ёрдам сифатида ташкил этилган «Солиқ-сервис» ДУК фаолияти ҳам шу мақсадни кўзлайди (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарор).

 

ДУК бўлинмалари Тошкент шаҳридаги барча инспекцияларда, шунингдек минтақавий солиқ органларида фаолият юритиб, солиқ тўловчиларга техник жиҳатдан кўмак бермоқда. Хусусан, кейинчалик электрон шаклда топшириш учун ҳисоботларни рақамлаштиришда солиқ тўловчиларга ёрдам кўрсатиш энг кенг тарқалган хизматлардан биридир. «Солиқ-сервис» ходимлари солиқ мажбуриятларини бажариш масалалари юзасидан ҳам турли маслаҳат хизматларини кўрсатмоқдалар.  

 

Айни пайтда «Солиқ-сервис» ДУК ҳузурида фаолият юритаётган сall-марказнинг 30 нафар ходими куну тун 24/7 режимида солиқ тўловчиларнинг саволларига жавоб бермоқда. Жорий йилнинг январь–апрель ойларида сall-марказга 40,7 мингдан ортиқ (кунига 300–1000) мурожаат қилиниб, улар юзасидан тушунтиришлар берилган. Энг кўп – 22 375 юридик шахслар, 12 707 – жисмоний шахслар, 4 759 – якка тартибдаги тадбиркорлар, 190 – фермер ва деҳқон хўжаликлари, 689 – бошқа солиқ тўловчилар қўнғироқ қилган. Зарурат туғилганда сall-марказ ходимлари сони 100 нафаргача етказилиши мумкин.

 

«Солиқ-сервис» ДУК олдига вазифалар қўйилган: ДСХО автоматлаштирилган ахборот тизимининг техник, дастурий ва ахборот таъминотини, шунингдек қоғоз ва электрон шаклдаги ҳужжатларнинг марказлаштирилган архивда сақланишини ташкил этиш.

 

Илғор халқаро тажрибани ўрганган ва солиқ тўловчиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда аҳоли ва бизнесга электрон давлат хизматлари кўрсатилишини мақбуллаштириш, уларнинг сифатини ошириш ва фойдаланилишини осонлаштириш мақсадида my.soliq.uz портали ишлаб чиқилган.

 

Бугунги кунга келиб порталда 35 турдаги электрон давлат хизматлари жойлаштирилган, уларнинг 20 таси интерактив, 15 таси ахборот хизматларидир. «U-PAY», «CLICK» ва «PAYME» сингари тўлов тизимлари орқали хизматлар ҳақини электрон шаклда тўлаш – бугунги кунда энг оммабоп хизматлардан.

 

my.soliq.uz порталининг бир миллионга яқин фойдаланувчиси бор. У солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича комплекс хизматлари доирасида мунтазам равишда такомиллаштирилиб ва кенгайтирилиб бормоқда.

 

Масалан, бугунги кунгача солиқ тўловчида шахсий кабинети орқали талабномага жавоб йўллаш имкони йўқлиги билан боғлиқ муаммо мавжуд эди. Бухгалтерлар вақт сарфлаб, қоғоз шаклидаги жавобни олиб боришларига, бунинг устига талабномани олганликлари ҳақида тилхат беришларига тўғри келарди. ДСҚ вакилларининг маълум қилишича, энди ушбу муаммо ҳал этилиб, шахсий кабинетга зарур функция киритилган. Бундан ташқари, сўровларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилади, хусусан, «талабнома», «билдиришнома» реквизитлари қаторига «хат» қўшилади.

 

Матбуот анжуманида ДСҚ мутахассислари ҳисобот даврларида солиқ тўловчиларда юзага келган салбий ҚҚС билан боғлиқ ноқулайликларни бартараф этиш юзасидан берилган саволга жавоб қайтардилар. Бундай вазиятда бухгалтерлар солиқ органига далил сифатида бир талай қоғоз – ҳисобварақ-фактуралар нусхаларини тақдим этишга мажбур бўладилар. Аслида ҚҚС ҳисоб-китобига ҳисобварақ-фактуралар реестрларида ушбу маълумотлар қайд этилади. Бу нафақат солиқ тўловчилар, балки солиқ органларининг ҳам қоғози, вақти ва асаби бесамар сарфланишига олиб келмоқда. Чунки ҳужжатларнинг ушбу нусхалари тўпланиб, туман солиқ инспекциясидан бошлаб, шаҳар, вилоят орқали идораларга тақдим этилади.

 

«Ушбу муаммони фақат автоматлаштириш йўли билан ҳал этиш мумкин, – дея қайд этди ДСҚ раисининг ўринбосари Ҳотамбек Шокиров, – у яқин орада ўз ечимини топади. Бизнинг вазифамиз – тадбиркорнинг ҳамкори, маслаҳатчисига айланиш».

 

Шунингдек у бизнесга, хусусан, чакана савдо соҳасида қандай ёрдам кўрсатиш режалаштирилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Онлайн-НКМдан тўлиқ фойдаланилганда, барча чеклар мавжуд бўлганда нақд тушумнинг банкка топширилишига либерал ёндашиш назарда тутилган. Бу ўз навбатида тадбиркорларга оборот маблағларини эркин тасарруф этиш имконини беради.

 

Мутахассислар солиққа оид жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ДСҚ «Солиқ соҳасидаги жамоатчилик назорати» веб-порталини ишга туширганлигини қайд этиб ўтдилар, у ҳозирча my2.soliq.uz да тест режимида ишламоқда.

 

Веб-портал фуқароларга шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бериш, солиқ органларига эса ушбу хабарларни олиб, уларга ишлов бериш жараёнида мурожаатларнинг кўрилаётгани ва унинг натижаси ҳақида фуқароларни хабардор қилиш имконини беради.

 

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқароларни хабардор қилиш ҳам веб-портал функциясига киради, бу солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги далиллар тўғри ва асосли баён этилишига замин яратиши лозим.

 

Веб-порталда фойдаланувчиларга тадбиркорлик субъектлари ҳақида маълумот олиш ва бизнес-ҳамкорлар билан иш юритганда ўз таваккалчиликларини баҳолаш имконини берувчи кўплаб ахборот мавжуд, бу ҳам солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.

 

Лола Абдуазимова.