Қандай қилиб бир кунда янги корхона очиб, уни ҳисобга қўйиш мумкин

preview

Аксарият мулкдорлар, директорлар, бош бухгалтерлар янги бизнес, янги корхона очаётиб, ишни нимадан бошлашни, биринчи навбатда қаерга: банкка, «ягона дарча»га ёки солиқ идорасига мурожаат қилишни билмайдилар.

Вақт йўқотишга ва ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймаслик учун корхонани очиш босқичлари бўйича қадамма-қадам йўриқномани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Биринчи қадам. Энди бўлажак ташкилотингиз жойлашадиган жойдан қатъи назар, корхонани ўзингиз учун қулай исталган тумандаги «ягона дарча» тизимида давлат рўйхатидан ўтказишингиз мумкин.

Корхонани рўйхатдан ўтказишдан аввал ИФУТ кодлари бўйича асосий фаолият турини белгиланг (Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи, ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова).

Давлат рўйхатидан ўтиш учун сизга керак бўладиган ҳужжатлар:

  • устав;
  • таъсис шартномаси (бир нечта муассис бўлса);
  • муассислар умумий йиғилишининг баённомаси ёхуд муассиснинг қарори;
  • муассисларнинг паспорт нусхалари;
  • корхона директорини тайинлаш тўғрисида муассислар умумий йиғилишининг баённомаси ёхуд муассиснинг қарори.

Ушбу ҳужжатлар шахсан бориб ёхуд муассис-жисмоний шахснинг ЭРИ билан электрон тарзда тақдим этилади.

Ҳужжатларни корхонанинг ваколатли шахси (вакили) ўзининг ЭРИ билан тақдим этса, у ҳолда ишончнома талаб этилади.

«Ягона дарча» мутахассислари тақдим этадиган устав ва таъсис шартномаси намунавий шаклларидан фойдаланиш мумкин. Дастлаб уларни ўрганиб чиқиб, зарурат туғилганда тузатиш киритишни тавсия этамиз.

Иккинчи қадам. Банкда ҳисоб-китоб счётини очиш. Харажатларингизни мақбуллаштириш, қулай бўлиши учун банкни танлашда дастлаб унинг хизматлари тарифлари ва спектри билан танишиб чиқинг.

Ҳисоб-китоб счётини очиш учун сизга керак бўлиши мумкин бўлган ҳужжатлар:

  • устав нусхаси;
  • таъсис шартномасининг нусхаси (бир нечта муассис бўлса);
  • муассислар умумий йиғилишининг баённомаси ёхуд муассиснинг қарори нусхаси;
  • муассисларнинг паспорт нусхалари;
  • директор ва бош бухгалтерни тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар (мавжуд бўлганда);
  • муассис, директор ва бош бухгалтернинг паспорт нусхалари (мавжуд бўлганда).

Банкда имзолар карточкаларини (биринчи, иккинчи имзо) расмийлаштиринг.

Банкка ортиқча қатнамаслик учун қуйидагиларни тавсия этамиз:

  • ходимларнинг иш ҳақи пластик карталарига шартномаларни расмийлаштириш (мисол учун, директор ва бош бухгалтер номига);
  • ходимларнинг пластик карталарига иш ҳақи тўлаш учун тегишли транзит счёт очиш;
  • ҳисоб-китоб счётидан ташқари, корхонанинг фаолият туридан келиб чиқиб, зарурат бўлганда, бошқа счётлар очиш (масалан, валюта счёти).

Ҳар сафар банкка бориш ўрнига Интернет орқали ишлашга кўникиб қолган бўлсангиз, ҳисоб-китоб счётидан муайян тўловларни амалга ошириш зарурати юзага келса, шу заҳоти интернет-банкинг тизимидан фойдаланиш шартномасини тузишни тавсия этамиз. Эҳтимол, ҳисоб-китоб счётидаги операциялар бўйича смс-хабар бериш хизматидан фойдаланишни ҳам истарсиз, бунинг учун ҳам ариза бериш лозим.

Ҳисоб-китоб счётини очгач, уни тўлдириш зарур. Ҳеч бўлмаганда бундан буён ЭРИ ҳақини тўлаш учун шундай қилиш лозим. Буни тегишли квитанция билан расмийлаштириб, унда «Устав фондига ҳисса сифатида нақд пул киритиш» дея қайд этинг. 

Сўнг шу заҳоти ЭРИ ҳақини тўлашингиз мумкин. Бунинг учун ДСҚ ИАМ реквизитларини ўзингиз билан «олишни» унутманг.  

ЭРИга тааллуқли саволларга жавобларни ДСҚ ҳузуридаги Калитларни рўйхатдан ўтказиш маркази сайти: https://e-imzo.uz орқали билиб олиш мумкин. ДСҚ ИАМ реквизитлари қайд этилган оммавий офертани бу ерда ҳам юклаб олиш мумкин.

Учинчи қадам. «Ягона дарча» орқали ЭРИ олиш.

ЭРИ очиш учун сизга нималар керак бўлиши мумкин:

  • директорнинг паспорт нусхаси;
  • ЭРИ калити ёзиладиган флеш-ташувчи.

Ҳар эҳтимолга қарши ЭРИ ҳақи тўланганлиги ҳақидаги тўлов топшириқномаси нусхасини ҳам ўзингиз билан олиб боринг.

ЭРИ «ягона дарча» тизимида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг директор билан боғланиш мумкин бўлган телефон рақамига смс-хабар орқали ЭРИдан фойдаланиш пароли юборилади.

Тўртинчи қадам. ДСИда ҳисобга қўйиш.

ДСИда ҳисобга қўйишлари учун сизга керак бўлиши мумкин бўлган ҳужжатлар:

  • устав нусхаси;
  • таъсис шартномасининг нусхаси (бир нечта муассис бўлса);
  • муассислар умумий йиғилишининг баённомаси ёхуд муассиснинг қарори нусхаси;
  • муассис/ларнинг паспорт нусхаси;
  • директор ва бош бухгалтерни тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар (мавжуд бўлганда);
  • муассис, директор ва бош бухгалтернинг паспорт нусхалари (мавжуд бўлганда);
  • директор ва бош бухгалтернинг СТИР нусхалари (мавжуд бўлганда);
  • тўлдирилган Т8 варақаси (10.07.2014 йилда 2600-сон билан рўйхатдан ўтказилган Солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 9-илова).

ЭРИни олгач, my.soliq.uz тизими орқали ЯСТ тўлаш тўғрисида электрон ариза йўллашингиз мумкин. Ёхуд ушбу аризани тақдим этмасдан, шу заҳоти солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини танлашингиз мумкин.

ЯСТни қўллаш тўғрисида берилган аризани қоғозга чиқариб, у қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжат билан бирга ҳисоб ҳужжатларингизга тикиб қўйинг.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 351-моддасига мувофиқ:

  • янги тузилаётган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида танланган солиқ солиш тартибини кўрсатиш орқали ЯСТни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга;
  • солиқ тўловчилар ЯСТни тўлашдан ихтиёрий равишда воз кечган тақдирда, ҳисобот даври тугаганидан сўнг 10 кун ичида давлат солиқ хизмати органларига тақдим қилинадиган ёзма билдириш асосида кейинги ҳисобот давридан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади;
  • солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошган ЯСТни тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади.

Бешинчи қадам. Корхона жойлашган жойдаги Халқ банкида корхонани ҳисобга қўйиш.

Корхонангиз ШЖБПҲ тизимида ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги хатни тақдим этишингизни сўрашлари мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши директор ва бош бухгалтерни тайинлаш тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари, уларнинг паспорт нусхаларини ўзингиз билан олиб боринг.

Олтинчи қадам. Давлат рўйхатидан ўтказилгач, статистика органларида автоматик равишда ҳисобга олинасиз.

Давстатқўм сайтида (stat.uz) «КТЯДРдаги маълумотлар» иловаси орқали ўтиб, корхона реквизитлари (кодлари), шу жумладан ИФУТ коди ҳақида билдиришни шакллантиришингиз мумкин.

Юқорида санаб ўтилган барча қадамларни бир иш куни давомида амалга оширишингиз мумкин.

 

Татьяна Лимарева.