Полезное для бухгалтера в ноябре:
МҲХСга ўтиш корхоналарга қанчага тушади?
2021 йил якунлари бўйича талай хўжалик юритувчи субъектлар МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузишга мажбур бўладилар. Бунга раҳбарлар ва бош бухгалтерлар тайёрми? Уларда қандай саволлар туғилади? Қайси муаммоларни ўтишнинг “сўнгги” муддатларини кутмасдан ҳал қилишга улгуриш лозим?
Жорий йилнинг июль ойида ҚҲТБТ порталида Президентнинг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига босқичма-босқич ўтишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжатга кўра, акциядорлик жамиятлари, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, суғуртачилар, давлат улушига эга компаниялар, ДУКлар, фонд ва товар биржалари 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тузишлари лозим бўлади. Бунинг устига – уларга ва бошқа тадбиркорлик субъектларига буни 2020 йил якунлари бўйича ихтиёрий равишда амалга ошириш таклиф қилинмоқда.
Лекин бунга корхоналар тайёрми? Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш режали ва безарар бўлиши учун уларга нималар зарур?
Ўқитиш ва бухгалтерия дастурларини модернизация қилиш
- Эътибор бериш лозим бўлган биринчи нарса – бу ўқитиш. Ахир асосий кўпчилик бухгалтерларда ҳам, корхона раҳбарларида ҳам ҳали халқаро стандартлар концепцияси юзасидан билим ва тушунчалар йўқ. Бу курслар арзон эмас, корхоналар улар учун тўловни амалга оширишга тайёр бўлиши керак.
- Яна битта муаммоли жиҳати – бу параллел равишда иккита ҳисобот – БҲМС ва МҲХС бўйича ҳисоботлар тузиш имконияти. Ҳозирги вақтда ўз билимлари камлик қилаётган бухгалтерлар МҲХС бўйича алоҳида ҳисобот тузиш учун аудиторларни жалб қилмоқда, корхона эса икки баравар харажатга тушади. Шу боис қонунчиликда ундан кейин молиявий ҳисобот фақат МҲХС бўйича тузиладиган ўтиш даврини аниқ белгилаш зарур.
- Корхоналар бухгалтерия ҳисоби бўйича ўз дастурий маҳсулотларини модернизация қилишларига тўғри келади. Шубҳасиз, бу яна корхона учун харажатлар, бироқ улар МҲХСга тўлақонли ўтиш учун зарур.
«FINEKS» аудиторлик ташкилоти раҳбари Борис ФРОЯНЧЕНКО:
-2016 йилда МҲХС томон биринчи қадам қўйилган, унда устун давлат улушига эга АЖлар БҲМС бўйича ҳисоботга қўшимча равишда халқаро стандартларга мувофиқ йиллик молиявий ҳисоботларни ҳам эълон қилишга мажбур бўлишди .
БҲМСнинг аниқ қоидаларига ўрганган мазкур АЖлар бош бухгалтерлари олдида қийин вазифа кўндаланг бўлди – халқаро стандартлар фалсафасини тушуниш ва шу асосда ўзининг бухгалтерия ҳисоби концепциясини ишлаб чиқиш.
Юзага келган вазиятда МҲХСга мувофиқ параллел равишда ҳисобни амалга оширишнинг деярли имкони йўқ эди, шунинг учун БҲМС бўйича ҳисоботни МҲХС талабларига мувофиқ келадиган ҳисоботга трансформация қилиш қонунчилик талабларини бажаришнинг ягона усули бўлди.
Бу вазифани ҳал этиш учун деярли барча АЖлари аудиторлик компанияларини жалб этишди. Бухгалтерларнинг ўзлари БҲМС бўйича ҳисобни юритишди, ҳисоботни МҲХС талабларига мувофиқ трансформация қилиш учун эса аудиторлар жалб қилинди.
Бундай амалиёт ўтган уч йилда АЖлари бош бухгалтерларига МҲХС тилини тушуниш ва трансформацияда юзага келадиган касбий масалаларни аудиторлар билан муҳокама қилишни ўрганиш имконини берди. Бироқ, афсуски, бухгалтерлар МҲХСга тўлиқ ўтиш муқаррарлигини тушуниб етишмади ҳамда трансформация аудиторлар томонидан амалга ошириладиган вариант уларни бутунлай қаноатлантиради.
Иккита ҳисоботнинг (БҲМС ва МҲХС бўйича) мавжудлиги узоқ давом этиши мумкин эмас (нуфузли хорижий экспертларнинг фикрига кўра – уч-тўрт йилдан кўп эмас). Инвестор иккита ҳисобот ва иккита турли молиявий натижаларни меъёрда қабул қила олмайди. Шу боис тўлиқ МҲХСга ўтишнинг барча муаммолари ҳал қилиниши керак.
Биринчи навбатда бухгалтерларни ўқитиш ва аттестациядан ўтказишни ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, корхона раҳбарлари ҳам “янгича фикрлаш”га ўрганишлари керак. Ҳужжатларни имзолаганда улар янги ҳисоботни тушунишлари ва уни шунга мос равишда баҳолашлари даркор. Шу муносабат билан бу корхоналар тегишли харажатларга шай бўлишлари лозим.
Ўқув курсларини давлат ва ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватлаш имконияти, талаб даражасида ўқитувчиларни тайёрлаш, услубий адабиёт нашр этиш ва ҳ.к. ҳақида ўйлаб кўриш лозим.
Шунингдек, МҲХСга ўтишда солиқ ҳисобининг барча эҳтимолий масалаларини ҳам инобатга олиш лозим, чунки молиявий ҳисобот унинг ахборот базаси ҳисобланади. Шунинг учун солиқ органлари ходимларини тайёрлашни, уларнинг билимларини ошириш ва асосий халқаро стандартларни (асосий воситалар ҳисоби, захира ташкил этиш, кечиктирилган активлар ва мажбуриятларни ҳисобга олиш ва ҳ.к. бўйича) тўғри тушунишларини таъминлаш лозим. Буларнинг барчаси келаси йилдан хавфни таҳлил қилишни жорий этиш ва камерал назорат соҳасини сезиларли равишда кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳал қилиш учун ўтиш даврини аниқ тартибга соладиган ва МҲХСга тўлиқ ўтишнинг бутун жараёнини белгиловчи давлат дастури зарур.
Асосий воситаларни баҳолаш учун харажатлар
- МҲХСга ўтувчи корхоналар асосий воситалар қийматини ҳаққоний баҳолаш учун харажат қилишлари лозим бўлади. Аксарият корхоналарга бунинг учун профессионал баҳоловчилар ёрдами зарур бўлади.
Grant Thornton Valuation халқаро баҳолаш компанияси бош директори, ЎБФ бошқаруви аъзоси, Ўзбекистон баҳоловчи ташкилотлар уюшмасининг таълим бўйича қўмитаси раҳбари Марина ВАНИНА:
-Молиявий ҳисоботлар ўтган ҳодиса ва битимлар тўғрисида ахборот тақдим этишига қарамай, уларнинг асосий вазифаси – компаниянинг келажагини прогнозлаштириш учун фойдали бўлиш. Айнан шу принцип МҲХСга киритилган ёндашув ва услубларни тушунтиради. Яъни ҳисоб учун шундай баҳолаш услубларини танлаш зарурки, молиявий ҳисобот фойдаланувчи-инвесторларга инвестиция қарорларини қабул қилиш учун фойдали бўлсин.
Шу боис МҲХСни биринчи қўллаш - IFRS 1 «Биринчи қўллаш» айниқса муҳим ҳисобланади. МҲХС бўйича ҳисобга ўтиш санаси белгиланади ва шу пайтга барча мавжуд активлар ва мажбуриятлар IFRS 1 талабларига мувофиқ баҳоланиши керак.
Мазкур босқичда асосий воситаларни баҳолашга доир мураккаб масала юзага келади. Айтайлик, IAS 16 «Асосий воситалар»га асосан – асосий воситалар – бу:
- ишлаб чиқариш жараёнида ёки товарларни етказиб бериш ва хизматлар тақдим этиш учун, ижарага беришда ёки маъмурий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган;
- бир даврдан ортиқ муддат мобайнида фойдаланилиши тахмин қилинган моддий активлар.
Бунда МҲХС мақсадлари учун ҳамма АВ ҳам актив сифатида тан олинмаслиги мумкин. Ва бу жуда муҳим. Айтайлик, АВ объектининг бошланғич қиймати фақат қуйидаги ҳолларда актив сифатида тан олиниши лозим:
- ташкилот келгусида мазкур объект билан боғлиқ иқтисодий фойда олиши эҳтимоли тан олинади;
- мазкур объектнинг бошланғич қиймати ишончли баҳоланиши мумкин.
Шунинг учун нафақат асосий воситаларнинг физик жиҳатдан мавжудлигини хатловдан ўтказиш, балки ҳар бир объект активларни тан олиш мезонларига: фойдаланиш самарадорлиги ва ишончли баҳолаш имкониятига қанчалик жавоб беришини аниқлаш зарур.
-МҲХС нуқтаи назаридан “ишончли баҳолаш” дегани нима?
-Бу ўзини иккита қийматдан каттаси сифатида намоён қиладиган қопланадиган суммани аниқлаш имконияти: сотиш харажатларини чегирган ҳолда активнинг ҳаққоний қиймати ёки ундан фойдаланиш қимматлилиги.
МҲХСни дастлабки қўллашда корхона асосий воситаларнинг шартли бошланғич қийматини аниқлаши лозим:
- АВ объектини МҲХСга ўтиш санасида унинг ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаш ва ундан шу санага шартли бошланғич қиймати сифатида фойдаланиш;
- бухгалтерия ҳисобининг (БҲМС) олдинги қоидаларига асосан қайта баҳоланган АВ объекти қийматидан МҲХСга ўтиш санасида (ёки илгарироқ) қайта баҳолаш санасига шартли бошланғич қиймат сифатида фойдаланишни танлаш, башарти шу санага қайта баҳоланган қиймат умуман қуйидагилар билан таққослана оладиган бўлса:
-ҳаққоний қиймат билан;
-таннарх ёки масалан, нархларнинг умумий ёки махсус индексидаги ўзгартиришларни акс эттириш учун тузатиш киритилган, МҲХСга асосан амортизацияланган қиймат билан.
Яъни, биз дастлабки қўллашда БҲМС бўйича АВни баҳолашдан фақат агар у уларнинг ҳаққоний қиймати билан таққослана олса, фойдаланишимиз мумкин бўлади. Қоидага кўра, буни фақат яқинда харид қилинган АВга нисбатан ёки яқинда ташкил этилган корхоналарга нисбатан амалга ошириш мумкин.
Асосий воситалар парки ўн, йигирма йил ва ундан олдин шакллантирилган ва асосий воситалар улар учун иқтисодий фойда келтирадиган актив ҳисобланадиган йирик ишлаб чиқариш корхоналари учун эса АВнинг баланс қиймати бир қатор сабабларга кўра уларнинг ҳаққоний қийматидан анча йироқ. Бу АВдан фойдаланишнинг реал фойдали муддатларини акс эттирмайдиган иқтисодий омиллар, инфляцион таркиб ва амортизациянинг солиқ ставкалари ҳамда бозор омилларига мувофиқлигига ишонч бўлмаган индексларни аниқлашнинг ёпиқ услубиятига эга бўлган йиллик мажбурий қайта баҳолашдир.
Шу боис аксарият корхоналар учун МҲХСга ўтиш санасида асосий воситалар қийматини тасдиқлаш ёки уларнинг ҳаққоний қийматини аниқлаш учун профессионал баҳоловчиларнинг ёрдами талаб этилади.
Ҳаққоний қиймат нима дегани ва уни аниқлаш учун қандай услублар мавжуд? МҲХС (IFRS) 13 «Ҳаққоний қийматни баҳолаш» бунга тугал жавоб беради. Агар қисқача таъриф берсак: ҳаққоний қиймат – бу баҳолаш санасида активни сотишда олиниши ёки бозор иштирокчилари ўртасида оддий битим чоғида тўланиши мумкин бўлган нархдир. Яъни ҳаққоний қийматни баҳолаш ҳар доим бозор омилларига асосланади.
Асосий воситалар ўзининг асосий қисмида ихтисослаштирилган актив ҳисобланишини инобатга олган ҳолда улар учун фаол бозор савдоси кузатилмайди. Бундай асосий воситалар ААХ “Алмаштириш учун амортизация харажатлари” услубида баҳоланади. Бироқ бу ерда IAS 36 «Активларнинг қадрсизланиши» кучга киради. Қопланадиган қиймат бу ҳолда қадрсизланиш тести орқали аниқланади.
Асосий воситалар алоҳида камдан-кам ҳолда мустақил равишда пул оқимини яратишини инобатга олган ҳолда уларни ҳар бир CGU – мустақил яратувчи бирлик учун алоҳида гуруҳлаб, аниқлашади. Шубҳасиз, бу харажат талаб қиладиган жараён. Бироқ, агар корхона халқаро молия ресурсларидан фойдаланиш имконияти учун МҲХСга ўтишга қарор қилган бўлса, буни амалга оширса арзийди.
АВни ҳаққоний баҳолаш компаниянинг аҳволини ишончли баҳолашга кўмак беради, амортизацияни анча аниқ ҳисоблаш воситасида ишлар ва хизматлар таннархини энг яхши тарзда баҳолаш, акциядорларнинг хусусий капиталини аниқроқ баҳолаш имконини беради.
Асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси биринчи қўллашда баҳолаш санасида компаниянинг хусусий капитали қийматини тузатади ва асло акциядорлар ўртасида улушларни тақсимлашга таъсир кўрсатмайди. Шундан кейин, корхона с IFS 16 га мувофиқ бошланғич ёки қайта баҳолаш қиймати бўйича АВни ҳисобда акс эттириш услубини танлайди. Агар биринчи ёндашув танланса, кейинчалик АВни қайта баҳолаш талаб этилмайди. Агар иккинчи ёндашув танланса, у заруратга кўра, активларнинг ҳаққоний қийматининг ўсиш аломатлари бўлганда амалга оширилади. Бироқ бунда танланган услубдан қатъи назар IAS 36 га мувофиқ ҳар йили молиявий ҳисоботни тайёрлашда қиймат тушиши аломатлари кузатилса АВнинг қадрсизланиши тестини ўтказиш лозим.
Татьяна Лимарева