ДСҚ экспортёрлар ва импортёрларга санкция қўллаш учун таклиф этилаётган механизмини тушунтирди

preview

ҚҲТБТ порталида Президентнинг “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Фармони лойиҳасини муҳокама қилиш давом этмоқда. ДСҚ у экспортёрлар ва импортёрлар тўлов интизомини янада тартибга солишни мақсад қилганлигига эътиборни қаратмоқда.

Гап чет эллардан хорижий валютадаги тушумнинг келиб тушиши муддатларини кечиктиришга йўл қўйган экспортёрлар, товарларнинг олиб кирилишини ва уларнинг “Эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштирилишини, ишлар ва хизматлар кўрсатилиши таъминланмаган импортёрларга қўлланиладиган санкциялар хусусида бормоқда.

Амалдаги тартибга кўра ташқи савдо операциясини амалга оширишнинг умумий муддати 2 йилни ташкил қилади. Дастлабки 180 кун – бу жарима солмасдан эҳтиёт қилиш деб номланадиган давр. Пуллар бу муддатда келиб тушмаган ҳолатлар учун жарималар назарда тутилган бўлиб, у битим тарафларини ўзаро ҳисоб-китобларни тугатишга рағбатлантиради. Иккинчи ярим йиллик учун жарима 10%ни, кейинги 180 кун учун – 20%ни  ва охирги 180 кун учун – 70%ни ташкил этади.

Янги Фармон лойиҳасида фақат ташқи савдо операцияси муддатини ярим йилга қисқартириш ва жарималар миқдорини қайта тақсимлаш назарда тутилган. Дастлабки 180 кунни жарима ундирмасдан  эҳтиёт қилиш  даври сифатида қолдириш назарда тутилган. Иккинчи ярим йиллик учун 40% ва кейинги ярим йиллик учун – умумий қарздорликнинг 60%и миқдорида жарима жорий этиш режалаштирилмоқда.

ДСҚ эслатиб ўтади:

  • хорижий давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда жаримани Давлат бюджетидан қайтариш нормаси амал қилади. У жарима қўлланилганидан кейин 90 кун ичида республикага чет эл валютаси келиб тушган ёки олиб кирилган ҳамда товарлар расмийлаштирилган тақдирда қўлланилади (24.10.2019 йилдаги ПФ-5856-сон Фармон);
  • муҳокама қилинаётган Фармон лойиҳаси мамлакатимизда барча импортнинг 45%ига тўғри келадиган  ускуналарни сотиб олиш ёки сотиш билан боғлиқ битимларга тааллуқли эмас. Ушбу ҳолларда илгаригидек қатъий муддатлар ва санкцияларни белгилаш режалаштирилмаяпти. Улар алоҳида ташқи савдо операциясининг иштирокчилари сифатида тўғридан-тўғри сотувчи ва харидор томонидан ускуналарни ишлаб чиқариш муддатларига боғлиқ ҳолда тартибга солинади.

Чет элда валюта маблағларининг келиб тушмаслигига қарши курашиш амалиёти Ўзбекистонга қараганда анча қатъийдир. Россия ва Қозоғистонда муддати ўтган дебиторлик қарздорлик учун ҳатто жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Бунда ярим йил ўтгач солиқ органлари контрагентдан қарз суммасининг 75%идан 100%игача жарима ундиради.

ДСҚ матбуот хизмати ахбороти асосида