ДСҚ камерал назорат ҚҚС бўйича энг кенг тарқалган ҳуқуқбузарликларни қандай аниқлаганини сўзлаб берди

preview

2019 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида камерал назорат якунларига кўра солиқ органлари ҚҚС ҳисоботи бўйича 250 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги 3 мингдан зиёд тафовут ҳолатларини аниқлади. Ушбу ҳуқуқбузарликларни қисқартириш мақсадида мутахассислар мисолларда хатолар ҳақида гапириб беришди.

Камерал назорат нуқтаи назаридан кенг тарқалган ҳуқуқбузарликлардан бири шундай кўринишга эга. Товарлар ва хизматларни етказиб берувчи ўзининг ҚҚС бўйича ҳисоботида товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олган тушумни акс эттирмаган ёки ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирган, бироқ уларни ўзининг сотиш реестрига киритмаган. Айни вақтда унинг контрагенти олинган ҳисобварақ-фактураларни ўзининг солиқ ҳисоботида, сотиб олиш реестрида кўрсатган ва етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилган.

Товарлар ва хизматларни сотиб олувчилар томонидан етказиб берувчилар ҳисобварақ-фактуралари мавжуд бўлмаганда ёки ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинмаган етказиб берувчилардан олинган ҳисобварақ-фактуралар асосида ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳоллари аниқланган.

Жами товарлар ва хизматларни реализация қилиш ҳажмларини яшириб кўрсатганлик бўйича 148 млрд сўмлик ҚҚС суммасини ташкил этган 1700 та ҳолат ва 70 млрд сўмлик ҚҚСни ҳисобга олиш учун асоссиз қабул қилинган 1300 та ҳолат аниқланган.

Ушбу барча ҳолларда қўшимча солиқларни ҳисоблаш амалга оширилди (Солиқ кодексининг 114-моддаси). Бундан ташқари, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган корхоналарга яширилган ёки камайтирилган солиқ солиш базасининг 20%и миқдорида жарималар солинди.

Мисолда кўриб чиқамиз

“Б” ташкилоти (харидор), ҚҚС ҳисоб-китобида “А” ташкилотидан (етказиб берувчидан) 120 млн сўмлик маҳсулотни ҚҚС билан сотиб олган ва етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган 20 млн сўм ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилган.

Камерал назорат давомида “А” ташкилотининг солиқ ҳисоботида “А” ташкилоти ҚҚСни ҳисоблашда “Б” ташкилоти товарларини реализация қилишини акс эттирмаганлиги аниқланди.

Шу тариқа, солиқ органида “Б” ташкилотининг (харидорнинг) ҳисоботида бюджетга тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ва камайтириш учун қабул қилинган ҚҚС суммасини қонуний акс эттирганлигига нисбатан шубҳа уйғотди. Ёки аксинча, “А” ташкилоти етказиб берувчининг реализация қилинган товарлар суммасини ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттирмаганлиги билан боғлиқ шубҳаларни келтириб чиқариши мумкин.

Бундай вазиятда солиқ органи камерал назорат доирасида харидордан (“Б”) ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос бўлувчи ҳужжат (ҳисобварақ-фактура) талаб қилади.

Агар ҳужжат тақдим этилса, унда товарларни етказиб бериш (100 млн сўм) ва ҚҚС суммаси (20 млн сўм) акс эттирилган бўлса, бу ҳисобварақ-фактура товарларни реализация қилишнинг ҳужжатли далилларини тан олиш ва етказиб берувчининг (“А”) реализация қилишдан тушган даромадларини яшириш (камайтирилиши) учун асос бўлади ва тегишли равишда бюджетга 20 млн сўм ҚҚС тўланмай қолади.

Харидорда (“Б”) лозим даражада расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўлмаса, у 20 млн сўм миқдорида ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.