ДИЛШОД СУЛТОНОВ ЖАВОБ БЕРАДИ: фоизларга қандай солиқ солинади?

preview

2020 йилда фоизларга солиқ солиш тартибига қандай ўзгартириш киритилди? 2020 йилгача тўланмаган фоизлардан солиқ қандай ушлаб қолинади? Олувчида ва тўлов манбаида солиқ қандай ушлаб қолинади? Фоизларга солиқ солиш тартиби тўғрисидаги саволларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб беради.

1. Ўзбекистон резидентлари учун фоизларга солиқ солиш тартибига ўзгартириш киритилди. Уларнинг моҳиятини тушунтириб берсангиз.

- 2020 йилда Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахсларга тўланадиган фоизларга солиқ солиш тартиби ўзгартирилди.

Илгари тўлов манбаи ҳисобланган корхона фоизлардан солиқ ушлаб қолган ва уларни тўлаш чоғида солиқни бюджетга ўтказган.

Бундан буён фоизлар олувчига тўлиқ миқдорда ҳисоблаб ўтказилади ҳамда фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқларни ҳар чоракда ҳисоб-китоб қилишда унинг жами даромади таркибида ҳисобга олинади . Фоизларни тўлайдиган корхоналар улардан солиқ ушлаб қолинмайди.

Мазкур ҳолатда фоизларни тўлайдиган корхона солиқ агенти ҳисобланмаганлиги сабабли у солиқ органига фоизлар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этмайди.

Фоизлар олувчи корхона уларни ҳисобот чораги якунлари бўйича фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда ҳисобга олади.

Мисол
Фойда солиғини тўловчи Ўзбекистон резиденти олган фоизларга солиқ солиш
«А» корхонаси «В» корхонасига солиқларни ушламасдан 10 млн сўм миқдорида фоизларни ҳисоблаган ва ўтказган. «В» корхонаси учун фойда солиғи ставкаси – 15%. «В» корхонаси фоизлар ҳисобланган ҳисобот чорагида 15%лик ставка бўйича фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда фоизлар суммасини жами даромадга киритади.

 

Мисол
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган Ўзбекистон резиденти олган фоизларга солиқ солиш
«А» корхонаси «В» корхонасига солиқларни ушламасдан 10 млн сўм миқдорида фоизларни ҳисоблаган ва ўтказган. «В» корхонаси учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси – 4%. «В» корхонаси фоизлар ҳисобланган ҳисобот чорагида 4%лик ставка бўйича айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда фоизлар суммасини жами даромадга киритади.

 

Эътибор беринг
Бундан буён фоизларга солиқ солишда ҳисоблаш усули қўлланилади. Яъни солиқ солиш мақсадида фоизлар тўлаш далилидан қатъи назар, ҳисобот даврида ҳисобланган фоизлар жами даромадга киритилиши лозим.

2. Ҳисобланган, бироқ 2020 йилгача тўланмаган фоизлардан солиқ қандай ушлаб қолинади?

- 2020 йилгача ҳисобланган фоизларни Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахсга тўлашда ҳам янги тартиб амалга киритилди. Янги тартиб киритилгунига қадар фоизлар ҳисобланганлигига қарамай, солиқ солиш мақсадида 2020 йилда уларни фоизларни олувчининг жами даромади таркибида ҳисобга олиш лозим. Тегишинча, фоизлар тўлаш манбаи бўлган корхона уларни олувчиларга тўлиқ миқдорда солиқларни ушламаган ҳолда тўлайди.

Мисол
2019 йилда ҳисобланган ва 2020 йилда тўланган фоизларга солиқ солиш
2019 йилда «A» корхонаси «В» корхонасига 10 млн сўм миқдорида фоизларни ҳисоблади ва уларни молиявий фаолиятдан харажатлар сифатида акс эттирди. «В» корхонаси бу суммани молиявий фаолиятдан даромадлар сифатида акс эттирди.
Фоизлар тўланмаганлиги сабабли «А» корхонасида 2020 йил 1 январь ҳолатига фоизлар бўйича 10 млн сўмлик кредиторлик қарзи, «В» корхонасида эса – ушбу суммада дебиторлик қарзи қолди.
2020 йилда «А» корхонаси «В» корхонасига 10 млн сўм тўлайди ва бу билан кредиторлик қарзини сўндиради. «В» корхонаси ушбу суммани олгач, дебиторлик қарзини сўндиради.
Бухгалтерия ҳисоби қоидаларига кўра, «В» корхонасида 2019 йилда ушбу сумма даромад сифатида эътироф этилади ва 2020 йилда солиқ солиш мақсадида жами даромадга киритилади.
«В» корхонаси 15%лик ставкада фойда солиғи тўловчиси ҳисобланади. 2020 йил I чораги учун фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда фоизлар тўлаш далилидан қатъи назар, у 10 млн сўмни жами даромадга киритади.
«А» корхонаси фоизларни тўлаш далили юзасидан фоизларга солинадиган солиқ бўйича ҳисоботни тақдим этмайди.

3. Кимлар учун фоизларга солиқ солиш тартиби аввалгича сақлаб қолинди?

 - Қуйидагиларга тўланадиган фоизлар учун аввалги солиқ солиш тартиби сақланиб қолади:

  • нотижорат ташкилотлари;
  • бюджет ташкилотлари;
  • Ўзбекистон норезидентлари;
  • жисмоний шахслар.

Яъни фоизларни тўлашда солиқ агентида солиқ ушлаб қолинади.

Бунда қуйидаги ставкалар қўлланилади:

  • нотижорат ташкилотлари учун – 15% ;
  • бюджет ташкилотлари учун – 15% ;
  • Ўзбекистон норезидентлари учун - 10% ;
  • жисмоний шахслар - резидентлар учун – 5% .

Солиқ агенти фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга нисбатан ҳар бир даромад олувчи бўйича алоҳида солиқ суммасини кўрсатилган даромадларни ҳар бир тўловга татбиқан белгилайди .

Мазкур тартиб 2020 йилгача ҳисобланган ва кўрсатилган субъектларга 2020 йилда тўланган фоизларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Солиқ суммаси фоизларни тўлаш санасидан кечиктирмай, Ўзбекистон норезидентлари бўлган юридик шахслар бўйича эса норезидентга даромадлар тўланган кундан кейинги кундан кечиктирмай бюджетга тўланади.

Солиқ агенти фоизлардан олинган солиқ суммаси бўйича солиқ ҳисоботини фоизлар ҳисобланган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этади.

 

Мисол
Нотижорат ташкилотига тўланган фоизларга солиқ солиш
«А» корхонаси 2020 йил январда «В» нотижорат ташкилотига 10 млн сўмлик фоизларни ҳисобланади. Январь ойида фоизларни тўлашда «А» корхонаси 15%лик ставка бўйича солиқни ушлаб қолади, яъни 1,5 млн сўм ва уни бюджетга ўтказади. «В» ташкилотига 8,5 млн сўмлик солиқ айириб ташланган сумма ўтказилади.
20 февралдан кечиктирмасдан «А» корхонаси фоизлардан ушлаб қолинган солиқ суммаси бўйича ҳисоботни ДСИга тақдим этиши лозим. Бунда фоизларни олувчи «В» нотижорат ташкилоти томонидан солиқ органига бундай ҳисобот тақдим этилмайди.

Янада аниқроқ бўлиши учун фоизларга икки усулда солиқ солишнинг солиштирма жадвалини кўриб чиқишни таклиф этамиз:

 

Т/р

Кўрсаткич

Фоизлар олувчида солиқни ушлаб қолиш

Фоизлар тўлаш манбаида солиқни ушлаб қолиш

1

Кимга фоизлар тўланади

Юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари (нотижорат ва бюджет ташкилотларидан ташқари)

  • нотижорат ташкилотлари;
  • бюджет ташкилотлари;
  • Ўзбекистон норезидентлари;
  • жисмоний шахслар

 

2

Ким солиқни ушлаб қолади

Юридик шахс – фоизлар олувчи

Фоизларни тўловчи юридик шахс

3

Нимадан солиқ ушлаб қолинади

Тўланган вақтидан қатъи назар ҳисобланган фоизлардан (ҳисоблаш усули)

Тўланадиган фоизлардан (касса усули)

4

Қачон солиқ ушлаб қолинади

Фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашда

Фоизларни тўлаш чоғида

5

Қачон солиқ бюджетга ўтказилади

Фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқни тўлаш муддатларида

Фоизлар тўловидан кечиктирмай, юридик шахслар Ўзбекистон норезидентлари бўйича эса – норезидентга даромадлар тўланган кундан кейинги кундан кечиктирмай

6

Ҳисобот

Юридик шахс – фоизлар олувчи фойда солиғи ёки айланмаган олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда фоизларни жами даромадга киритади. Фоизлар бўйича алоҳида ҳисобот тақдим этилмайди

Юридик шахс – фоизлар тўлаш манбаи фоизлар бўйича ҳисоботни тақдим этади

7

Қачон ҳисобот тақдим этилади

Фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатларида

Фоизлар ҳисобланган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай