Всё, что важно знать бухгалтеру, – есть в Buxgalter Pro:
1 ноябрдан ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар қисман бекор қилинади

Президент томонидан ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган ҳужжат имзоланди . Батафсил – юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Олег ЗАМАНОВнинг шарҳида:
2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Солиқ кодексида назарда тутилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:
а) ер солиғи бўйича эгаллаган ер участкалари:
- соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;
- аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;
- санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;
б) мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.
Тегишли равишда, 1 ноябрдан фойдаланилмаётган майдонларга нисбатан ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш тартиби юқорида санаб ўтилган ер участкаларига татбиқ этилади.
Фойдаланилмаётган соғломлаштириш ва рекреацион ер майдонлари учун оширилган солиқ ставкаларини қўллаш механизми яқин 2 ой муддатда ишлаб чиқилади.

Жўқорғи Кенгес ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод этиш ваколати берилди.
Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши миқдори 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, уларнинг таркибий бўлинмаларига тегишли бўлган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ идоравий дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар (болалар дам олиш лагерларидан ташқари) босқичма-босқич хусусий секторга реализация қилинади:
- Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган объектлар бўйича таклифларини киритиши лозим;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 3 ой муддатда республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган объектлар бўйича таклифларни киритиши лозим.
Молия вазирлиги томонидан 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда республиканинг туристик зоналаридаги алоҳида ер участкалари, шу жумладан жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкалари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер солиғининг (3 бараваригача) оширилган ставкасини белгилаш имконияти назарда тутилиши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.07.2020 йилдан кучга кирди.
Norma.uz материаллари асосида