Мажбурий прогулда иш ҳақи қандай ҳисобланади

preview

Мажбурий прогул – бу муайян ходим иш берувчининг айби билан ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт. У мажбурий бекор туриб қолишдан нима билан фарқ қилади ва бундай вазиятда иш ҳақи қандай ҳисобланади. Buxgalter.uz тушунтиради:

Мажбурий прогулни мажбурий бекор туриб қолишдан фарқлаш зарур. Иқтисодий, техник ёки ташкилий сабабларга биноан бекор туриб қолишда ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ ёки ташкилотнинг айрим бўлинмаларида тўхтатилади. Масалан, хом ашё сотиб олишнинг имкони бўлмади (вариантлар: ускуна бузилиб қолди, муҳим мутахассис ишдан бўшади; карантин туфайли ходимлар ўз иш жойларига етиб кела олишмади) ва шу туфайли цех вақтинча ишламайди, бекор туриб қолади.

Мажбурий прогул эса доим иш берувчининг айби билан қуйидагилар туфайли юзага келади:

  • ходим қонунга хилоф ишдан бўшатилганлиги сабабли;
  • у бошқа лавозимга ноқонуний ўтказилганлиги боис;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида;
  • меҳнат низоларини кўрувчи органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини иш берувчи ижро этмаганлиги оқибатида;
  • шунга ўхшаш бошқа сабабларга биноан.

Мажбурий прогулга кейинги ходимнинг 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳақ тўланади .

Мисол
Мажбурий прогулда иш ҳақи ҳисоб-китоби
Ходимга февраль ойи учун 2 000 000 сўм, март ойи учун – 2 200 000 сўм ҳисобланди.
Апрель ойида маоши 2 200 000 сўмни ташкил этади.
Февраль-март ойлари учун ўртача ойлик иш ҳақи 2 100 000 сўмни ((2 000 000 + 2 200 000) : 2) ташкил этади.
Апрель ойида 22 иш куни, улардан 5 иш куни мажбурий прогулни ташкил этди, қолган 17 кун ишлаб берилган.
Апрель ойи учун ходимга:
  • мажбурий прогул учун – 477 272,73 сўм (2 100 000 : 22 х 5);
  • ишлаб берилган 17 кун учун – 1 700 000 сўм (2 200 000 : 22 х 17);
  • жами – 2 177 272,73 сўм (477 272,73 + 1 700 000) ҳисобланади.
Ходимнинг айби билан келиб чиққан прогул учун ҳақ тўланмайди.