1 декабргача маркировкаланган товарларни кузатиб боришнинг янги тизими ишга туширилиши керак

preview

Вазирлар Маҳкамаси 20.11.2020 йилдаги «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 737-сон қарорни қабул қилди. 2020 йил 1 декабрга қадар "Asl belgisi" маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими (МАТ) ишга туширилиши керак. Батафсил – norma.uz шарҳида.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021-2022 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхати;
  • айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш тизимини самарали жорий қилиш бўйича «йўл харитаси».

Давлат солиқ қўмитасига қуйидагиларни ишлаб чиқиш топширилди:

  • 2020 йил 10 декабрга қадар -Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги низомни;
  • 2021 йил 30 декабрга қадар - бошқа товарларни маркировкалаш ва кузатиш тартиби тўғрисидаги Низомни.

2021 йил 1 мартдан бошлаб маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

2020 йил 1 декабрга қадар «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими (МАТ) ишга туширилиши керак. Унинг вазифалари:

  • идентификация воситалари ёрдамида маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш;
  • маълумотларни сақлаш, олиш, ўтказиш, тарқатиш, қайта ишлаш, нашр этиш, фойдаланиш жараёнида талаблар белгилаш орқали сақланадиган маълумотларнинг чекланганлигини таъминлаш.

Давлат солиқ қўмитасига:

  • айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш соҳасида ДХШ лойиҳаси концепциясини давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органига кўриб чиқиш учун бир ҳафта муддатда тақдим этиш;
  • айрим товар позицияларини маркировкалаш юзасидан жорий қилинган тажриба натижаларини ҳисобга олган ҳолда «Asl belgisi» МАТни ишлаб чиқиш, ундан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун «CRPT TURON» МЧЖ билан биргаликда тўғридан-тўғри музокаралар асосида ДХШ битимини тузиш топширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.11.2020 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида