Соддалаштирилган текширувда банклар мижознинг видеотасвирини ёки селфисини талаб қиладилар.

preview

МБ Кредит ва тўлов ташкилотлари томонидан таваккалчилик даражаси паст бўлган хизматлар кўрсатилганда мижозни лозим даражада текширишт чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги қоидалар лойиҳасини ишлаб чиқди. Buxgalter.uz гап нима ҳақида бораётганлигини аниқлаштирди.


Ҳужжатга кўра, кредит ва тўлов ташкилотлари мижозлари электрон ҳамёнини, банк ҳисобини, пластик картани ёки депозитни очишлари ёки банк офисига шахсан бормасдан онлайн кредит олишлари мумкин.

Бундай аризани қайта ишлаб чиқишда, молиявий ташкилот ходими мижозни масофадан идентификациялаш керак . Бу ҳолда қуйидагилар сўралади:

  • шахсий фотосурат ёки видеотасвир;
  • фотосурат ёки паспорт скани (ёки ID-карта) (Қоидалар 7–10-бандлари).

Шунингдек, у мижознинг кредит тарихини ва телефон рақамини текширади (Қоидалар 11-13-бандлари).


Мижоз учун чекловлар

Текширилгандан сўнг, мижоз қуйидаги 5 чекловларини ҳисобга олган ҳолда банк ҳисобрақамидан фойдаланиши мумкин:

  1. Электрон пуллар эгаси-жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган бир операциянинг максимал суммаси БҲМнинг 10 бараваридан ошмаслиги керак (материал эълон қилинган санада: 245 000 сўм х 10 = 2 450 000 сўм) ;
  2. Электрон пуллар эгаси - жисмоний шахснинг битта электрон қурилмасида сақланаётган электрон пулларнинг максимал суммаси БҲМнинг 40 бараваридан ошмаслиги керак керак (материал эълон қилинган санада: 245 000 сўм х 40 = 9 800 000 сўм);
  3. Электрон пуллар эгаси - жисмоний шахс томонидан календарь ой давомида амалга оширилган операцияларнинг йиғиндиси БҲМнинг 100 бараваридан ошмаслиги керак (материал эълон қилинган санада: 24 500 000 сўм);
  4. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича соддалаштирилган чора-тадбирлар қўлланилган ҳолда жисмоний шахсга очилган банк ҳисобварағининг эгаси томонидан календар ой мобайнида амалга ошириладиган операцияларнинг йиғиндиси БҲМнинг 100 бараваридан ошмаслиги керак (материал эълон қилинган санада: 24 500 000 сўм);
  5. мижозни лозим даражада текшириш бўйича соддалаштирилган чора-тадбирлар қўлланилган ҳолда жисмоний шахсга очилган банк картасининг эгаси томонидан календарь ой мобайнида амалга оширилган операцияларнинг йиғиндиси БҲМнинг 100 бараваридан ошмаслиги керак (материал эълон қилинган санада: 24 500 000 сўм);


Нима учун онлайн текширувни рад этишлари мумкин

Лойиҳада мижозни текширишнинг соддалаштирилган чора-тадбирларини қўллаб бўлмайдиган шароитлар ҳам қайд этилган. Яъни:

  • мижоз юқори таваккалчилик даражасига эга бўлганда;
  • тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа мавжуд бўлганда;
  • паспортдаги фотосурат мижоздан олинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир билан мос келмаганда;
  • мижоздан олинган маълумотлар Давлат маълумотлар базасига жойлаштирилган маълумотларга мос келмаганда;
  • мижоздан олинган маълумотларнинг Давлат маълумотлар базасига жойлаштирилган маълумотларга мос келишини текширишнинг иложи бўлмаганда;
  • фотосурат ва (ёки) видеотасвир ушбу Қоида талабларига мос келмаганда;
  • агар кредит ёки тўлов ташкилотида мижознинг учинчи шахслар босими остида ҳаракат қилаётганига шубҳа пайдо бўлса;
  • мижоз жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор ёки жамият учун хафвли деб эътироф этилган шахслар рўйхатига киритилганда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин. Сиз ушбу ҳавола орқали муҳокамада иштирок этишингиз мумкин.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади