Қандай қилиб хизматлар импорти ва воситачилар учун ЭҲФ жўнатиш бўйича функционалсиз ишлаш мумкин

preview

Кечаги кундан бошлаб ЭҲФ тизимида хизматлар импорти ва воситачилар учун ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш функционали ўчирилган. Қандай қилиб бу вазиятда қонунчиликни бузмаган ва корхона фаолиятини тўхтатмаган ҳолда ишлашни давом эттириш мумкин? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

- Ижтимоий тармоқларда бу борада постлар пайдо бўлди, уларда солиқ тўловчилар юзага келган шароитларда қандай қилиб ишлаш юзасидан ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқдалар. Бироқ мен ушбу тавсиялардан ҳеч бирига риоя қилишни маслаҳат бермайман. Сабаби хизматлар импорти ва воситачилар учун ЭҲФни тўлиқ қонуний ўрнини босувчи - мавжуд эмас.

Ушбу вазиятда ДСҚ хизматлар импорти ва воситачилар учун ЭҲФсиз қандай ишлаш борасида батафсил расмий тушунтириш бериши керак. У ДСҚнинг расмий манбаларида эълон қилишга тайёрланмоқда.

ЭҲФ бўйича ўчирилган функционал тўғри солиқ маъмуриятчилиги учун зарурдир. У ўчирилган тақдирда муқобил вариант бўлиши керак. Солиқ тўловчилар СКнинг 255-моддаси ва Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга риоя қилган ҳолда ишлаш имкониятига эга бўлишлари керак.

Вазият ҳақиқатан танг. Буни мазкур вазиятда қонунни бузмаслик ва икки карра миқдорда ҚҚС тўламаслик учун қандай йўл тутишни билмай турган инсофли солиқ тўловчиларнинг кўплаб мурожаатларидан кўриш мумкин.

Сентябрь учун аллақачон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилганлигини, октябрь учун ЭҲФ тақдим этишнинг сўнгги муддатларига ҳали вақт борлигини ҳисобга олган ҳолда, мен қуйидагиларни тавсия қиламан:

  • тўловларни ўз вақтида ўтказишни давом эттириш;
  • вазият ойдинлашиши билан дарҳол муносабат билдириш учун ДСҚнинг сайти ва ижтимоий тармоқлардаги ресурсларини мунтазам қараб туриш.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади