“Е-актив” тизимида иш бошлаш ва бухгалтер назаридаги ноқулайликлар

preview

2022 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчилар ва давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган корхоналар ДСҚнинг янги назорат қилиш тизими - “Е-актив” тизимида ишлашларига тўғри келади . Мазкур тизим мураккабликлар келтириб чиқармаслиги учун бундай корхоналарга  ҳозирдан  тизимнинг тест версиясини синаб кўришни тавсия қиламиз.

“Е-актив” тизимида ишлашни қандай бошлаш ва нимага эътибор қаратишни buxgalter.uz илтимосига биноан бухгалтер Эльвира ЖИЛЬЦОВА гапириб берди:

 

- “Ишлаб чиқувчиларнинг ўзлари бухгалтерларга тизимнинг янги функционалини хато ва камчиликлар борасида синчиклаб синаб кўришни таклиф қилишмоқда. Шундай қиламиз - сайт бўлимлари бўйича ўтамиз ва ҳисобнинг зарур позицияларини тўлдиришга уриниб кўрамиз.

Кутилганидек, “Е-актив” ТМЗ ва асосий воситаларни кирим қилиш ва сарфлаш билан боғлиқ барча операцияларни кузатиб боради, яъни корхона омборини “кузатади”.

Сайт хизматларидан, хусусан - “Е-актив” тизимидан фойдаланишни бошлашдан олдин шахсий кабинетни фаоллаштириш лозим. Бунинг учун  “буюртма - ариза”ни тўлдиринг, унда “фаоллаштириш” тасдиғини олиш учун  телефон рақамини кўрсатинг.

“Нима учун шахсий кабинетни фаоллаштириш зарур” тугмаси ишламаяпти, хавотирланманг!

Тизимга кириш учун юридик шахснинг ЭРИси керак бўлади. Сайтда келтирилаётган ариза намунаси шартли корхона ва унинг раҳбари номидан тўлдирилган. Аризани бу ерда ўқинг.

“Е-актив” тизимига киришда тегишли тугмаларга босган ҳолда дарҳол захираларни ва реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) таннархини баҳолаш усулини - “FIFO” ёки “AVECO” ни танлаш зарур. Бунда танланган усулни фақат келаси йил учун ўзгартириш мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш чиқади. Бир томондан бу мантиқли, сабаби товар-моддий захираларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича ҳисобот йили мобайнида қийматни аниқлашнинг фақат бир усули қўлланади . Бошқа томондан, биз бир сессияда активларнинг турли гуруҳлари тўғрисида ёзувлар киритишни истасак, тизим бир усулдан бошқасига ўтишни назарда тутиш ёки тутмаслиги ҳозирча тушунарсиз.

FIFO усули товарнинг ҳар бир туркумини харид қилиш вақтига боғлиқ ҳолда,  AVECO – ўртача тортилган қиймат бўйича ҳисобга олишни назарда тутади.

Эътибор беринг
Тизимда захиралар ҳар бир усул бўйича қандай ҳисобда туриши кўринмайди.

Сайт функционали иловаларга бўлинган, уларнинг ҳар бирида тўлдириш учун муайян маълумот сақланади.

Жумладан, “Асосий” иловасида МХИК бўйича товарлар миқдорий ва пул ифодасида, товарларни ЭҲФ асосида МХИК бўйича кирим қилиш, импорт қилинган товарлардан олинган тушум ва миқдорий ва пул ифодасида қўлда киритилган товарларни кирим қилиш бор. Ушбу маълумот номлари бўйича ажратилган.

“Товарларни кирим қилиш” иловасида тегишли устунлар бўйича: “кирим манбаси”, “ҳужжатнинг санаси ва рақами”, “МХИК коди”, “товар номи”, “келтирилган ўлчов бирлиги” (унда нимани кўрсатиш лозимлиги ҳозирча номаълум), “ўлчов бирлиги” ва “сони” бўйича маълумотни кўрсатиш лозим. “+” тугмаси билан товарлар турлари (ТМҚ)нинг ҳар бир позициясига сатрларни қўшиш мумкин. Кирим усулларидан фақат “харид қилиш” ва “текин”дан фойдаланиш мумкин.

Эътибор беринг

Ишлаб чиқувчилар ҳали инвентаризацияда аниқланган ортиқча товар қарзи ҳисоби, суд қарори бўйича келишув битимлари (ёки мусодара қилиш натижасида) ва ҳ.к. бўйича активларнинг келиб тушишини назарда тутмаган.

Шунингдек, муайян харажат турларини ТМЗ қийматига қўшиш имконини берадиган функционал ҳозирча назарда тутилмаган .

Эътибор беринг
“Сарфлаш”га фойдаланиш мақсадларида “товарларни кирим қилиш” манбасини тўлдириш ниҳоятда мураккаб бўлади. Агар корхона захиралар ва реализация қилинган маҳсулотларнинг таннархи ҳисобини “FIFO”усули бўйича юритса, фақат битта кирим туркумини танлаш мумкин. Бироқ амалиётда ҳар доим ҳам фақат битта туркумдан фойдаланилмайди.

AVECO ни қўллайдиган корхоналарга бу катакни тўлдириш осонроқ бўлади.

FIFO ва FEFO (кўп умумий овқатланиш корхоналари ва дорихоналар томонидан товарларнинг омбор ҳисобида уларнинг яроқлик муддатидан келиб чиқиб қўлланилади) усулларининг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олиш ҳам муҳимдир. Агар солиқ органлари сарфланаётган туркумни танлашни талаб қилишса, “Е-актив” тизими ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари ўртасида тафовутлар юзага келиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, FIFO ва FEFO усуллари бўйича натижалар мос келмаслиги бўлади.

Эътибор беринг
ТМҚларнинг катта ассортиментига эга бўлган корхоналар ҳар қандай ҳисоб усулида қўл меҳнатининг нореал ҳажмига дуч келишади. Савдо корхоналари, дорихона бизнеси, умумий овқатланиш, катта ассортиментга эга ишлаб чиқарувчилар ва буюртма бўйича калькуляцияни қўллайдиганлар хавф остида бўладилар.

“Божхона” иловасида БЮД бўйича маълумот, фактура ва божхона қиймати, божхонадаги ҚҚС батафсил берилади. Импортёрлар БЮД кесимида амалга оширилган импорт операциялари тўғрисида маълумотдан фойдаланишлари мумкин. Тизимда божхонада тўланган ҚҚС ва реализация қилишдаги ҚҚСдаги фарқ ҳисобига кам ҳисобланган ҚҚСни аниқлаш мумкин деб ўйлайман. Бунда “Таҳрир қилиш” фаол тугмаси мавжуд.

“ЭҲФ” иловаси кирувчи ҳисобварақ-фактуралар рўйхатини ҳужжатнинг санаси ва рақами, етказиб берувчининг СТИРи ва номи бўйича тафсилотлари билан автоматик тарзда чиқаради. Корхона кирим амалга ошириладиган омборни танлаши зарур.

Эътибор беринг
Сана, СТИР бўйича фильтрлар назарда тутилмаган - мазкур опция керакли ҳужжатни излашни осонлаштириши мумкин эди.

“Товарлар сарфи” иловасида тегишли товар (ТМҚ) улар асосида кирим қилинган “сарф манбаси”, “ҳужжатнинг рақами ва санаси”ни кўрсатиш, “кирим манбаси”, “ҳужжатнинг санаси ва рақами”ни танлаш зарур.

Бунда “Сарф манбаси” бўлимида қуйидаги вариантлардан бирини танлаш таклиф қилинади: “ишлаб чиқаришга сарф”, “омбордан омборга кўчириш”, “ҳисобдан чиқариш”, “экспорт”, “асосий воситаларни яратиш учун”, “асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш”.

Эътибор беринг
Товарлар ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш (жумладан экспорт, валютани ажратган ҳолда), давал хом ашёни кўчириш, қарзлар, меъёрлардан ортиғини ҳисобдан чиқариш ва ҳ.к. бўйича операциялар етишмаяпти.
Эътибор беринг

Сарф манбасини танлашда тўлдириш учун янги аниқлаштирувчи катаклар очилмайди. Жумладан:

  • экспорт учун валюта ўзгармайди (фақат “сўм”ни қўллаш мумкин);
  • кўчириш учун “омбор-жўнатувчи” ва “омбор-олувчи” ажратилмайди;
  • ҳисобдан чиқариш учун ҳисобдан чиқариш сабаблари мавжуд эмас, норматив ва нормативдан ортиқ ҳисобдан чиқариш учун тафсилотлар мавжуд эмас;
  • ҳужжатнинг рақами ва санасини таҳрир қилиш мумкин эмас.

“Товарлар сарфи” бўлимининг жадвал қисмида “товарларнинг кирувчи қолдиғи”, “нархи” (нарх ёки таннарх назарда тутилаётганлиги тушунарсиз), “сарф миқдори ва суммаси”, “ҚҚС суммаси”ни тўлдириш зарур. Агар сайт ишлаб чиқувчилари “нарх” деганда “таннархни” назарда тутишса, у ҳолда:

  • атамаларни мувофиқ келтириш лозим. Шунингдек, бу ерда ҚҚС бўйича маълумотни қўшиш зарурати ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала юзага келади;
  • калькуляцияни шакллантиришнниг ҳар хил турларида қўшимча харажатларни қўшиш механизми назарда тутилмаган . Жумладан,  ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, амортизация, ижара ва коммунал хизматлар бўйича харажатлар фақат ой якунига келиб маълум бўлади. Уларни ой давомида порталда реализация қилинган маҳсулотнинг таннархига киритишнинг имкони йўқ. Шунингдек, бухгалтер “ўтган сана билан” ҳужжатларни оладиган вазиятда ҳам амалиётда илгари жўнатилган товарларнинг таннархини қайта ҳисоблашга тўғри келади. “Е-актив” портали ушбу вазиятларни инобатга олмайди.

“Менинг омборларим” иловасида омборнинг “ID рақами”, “номи” ва “манзили”,  “моддий-жавобгар шахси”нинг  ЖШШИР ва Ф.И.О. билан  “омбор майдони” ва “яратиш санаси”ни кўрсатиш зарур.

“Асосий воситалар” иловасида фойдаланувчи “бошланғич қиймат”, “эскириш суммаси”, “қолдиқ қиймат” бўйича маълумот билан қисқача ҳисоботни кўради.

“Асосий воситалар” иловасининг жадвал қисмида қуйидагиларни кўрсатиш зарур: “инвентарь рақами”, “асосий воситалар тури”, “ҳужжатнинг санаси ва рақами” (айнан қандайлиги тушунарсиз), “асосий воситалар номи” ва “қайта баҳолаш тўғрисида маълумот”. Мажбурий қайта баҳолаш 01.01.2020 йилдан бекор қилинганлиги ва барча корхоналар “бошланғич қолдиқлар”ни киритишларини инобатга олган ҳолда, қайта баҳолаш тўғрисидаги маълумот, афтидан, ўринсиз.

Эътибор беринг
“Асосий воситалар” иловасида бутлаш учун асосий воситани ўзини яратиш учун майдон йўқ. Асосий воситани харид қилиш, уни йиғиш, ишга тушириш-созлаш ва ҳ.к. билан боғлиқ қўшимча харажатларни киритиш имконияти мавжуд эмас .

“Устав капитали” иловасида “ҳужжатнинг санаси ва рақами”, “товар номи” ва унинг “МХИКи”, “нархи”, “таъсисчининг номи/Ф.И.О.” ва унинг “СТИРи ёки ЖШШИРи”ни киритиш талаб қилинади. Чамаси, УФга моддий шаклда бадаллар ҳисобини назорат қилиш назарда тутилмоқда.

“Божхона омборлари” иловаси “Божхона” бўлимидаги каби маълумотларни ўз ичига олади.

“Менинг товарларим” иловаси МХИК коди ва номи, ҳисобдан чиқариш усули ажратилган ҳолда номенклатура маълумотномасига ўхшашдир.

Номенклатура номи алоҳида эътиборга молик.

Агар етказиб берувчи - савдо ташкилоти бўлса, у томондан реализация қилинадиган товарлар номенклатураси кирувчи ЭҲФга боғлиқ.

Агар етказиб берувчи ишлаб чиқарувчи корхона бўлса, у ЭҲФда ишлаб чиқаришга сертификат берилган номенклатурани кўрсатади.

Агар турли етказиб берувчилар корхонага айни бир товарни “ҳар хил” номлар билан сотишса, тизим уларни турли номенклатура сифатида ҳисоблайди.

Ҳатто битта белги фарқ қилса ҳам, номдаги сўзларнинг алмашиши тизим томонидан турли номенклатура сифатида ўқилади, ҳатто бундай бўлмаган тақдирда ҳам. Амалиётда бухгалтерлар шу каби фарқларни қўлда тузатиш имконига эгалар. Бироқ тизим ЭҲФдан номлари бўйича ТМЗ ва АВ киримини шакллантирган ҳолда ҳеч нарсани тузатишга имкон бермайди. Бу бухгалтерия ҳисоби маълумотлари ва  “Е-актив” тизими маълумотларининг фарқланишига олиб келади.

Айтганча, ҳозир тизим ТМЗ ва АВ қолдиқлари ва ҳаракати бўйича айрим маълумотларни ўз ичига олган. Бу маълумот тизимга қаердан келганлиги, нима билан асосланганлиги ва уни тузатиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тушунарсиз.

Эътибор беринг

Тизим ҳозирча фойдаланувчи учун тушунарсиз. Солиқ органлари солиқ маъмуриятчилиги мақсадларида унда айнан нимани кўришни хоҳлашаётганлиги ноаниқ. Шу муносабат билан ДСҚдан бухгалтерлик ҳамжамиятини тинглашни ва:

1) сайтнинг ҳар бир иловаси ва тугмасига уларда нимани ва қандай тўлдириш юзасидан изоҳ беришни;

2) “Е-Актив” тизимининг ҳар бир бўлимига корхоналарнинг турли фаолият соҳалари (ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, қурилиш, хизматлар ва ҳ.к.) учун тўлдириш мисоллари билан қадамма-қадам йўриқномани ишлаб чиқишни;

3) 4-сон БҲМС ва 5-сон БҲМС талабларини ҳисобга олган ҳолда барча зарур маълумотномалар, харид қийматини шакллантириш усуллари, сарфлар нормалари (калькуляциялар), таннарх ҳисоб-китобини назарда тутишни;

4) корхона танловига кўра бухгалтерлик дастурлари билан интеграция қилишни таъминлашни - маълумотларни юклаш ва юклаб олиш ҳамда MS Excel дан бундай юклаш ва юклаб олишни дастлабки синовдан ўтказиш, жумладан ишнинг дастлабки босқичларида тузатиш киритиш билан;

5) бутун 2022 йил давомида “Е-Актив”га ўтишнинг босқичма-босқич жадвалини (жарима санкциялари ва солиқ текширувларисиз) назарда тутишни сўраймиз. Мазкур назорат тизими функционали нафақат бухгалтерия ҳисобининг катта қисмини ДСҚ тизимига ўтказишни, балки унга корхона ичида тайёрланишни (қўшимча иш ўринлари яратиш, масалан, моддий бухгалтерлар лавозимига, локал ҳужжатлар - технологик регламентларни қабул қилиш, ДСҚ тизимига корхона маълумотларини киритиш учун жавобгарликни белгилаш, корхона ичида маълумот махфийлигини назорат қилиш ва ҳ.к.) ҳам назарда тутади”.

Таҳририятдан:

Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2021 йилдаги 595-сон қарорида тизим “Е-актив” (E-activ) деб номланган. Ишлаб чиқувчилар тизимни ўзгача номлашди - “Э-актив”.  Арзимас нарсалар, албатта, лекин барибир бу мазкур тизим ишлаб чиқилган норматив ҳужжатга зиддир. Амалиётда чалкашлик келтириб чиқармаслиги учун битта тасдиқланган номга риоя қилган яхши, деб ҳисоблаймиз.