Инвентаризация чоғида мол-мулк камомади ва ортиқчаси аниқланса, нима қилиш керак

preview

Мазкур мақолада  кўплаб бухгалтерларни қизиқтираётган саволларга жавоб берамиз: 1) Мол-мулк камомади ва ортиқчаси бухгалтерия ҳисобида қандай ҳисобга олинади? 2) Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 3) Камомад суммаси моддий жавобгар шахсдан қандай ундирилади?

 

Агар инвентаризация ва бошқа текширишлар пайтида бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлиги борасида бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фарқлар аниқланган бўлса:

  • ортиқча чиққан асосий воситалар, ТМЗ ва бошқа мол-мулкни кирим қилинг ва хўжалик юритувчи субъектнинг даромади сифатида қайд этинг. Бойликларнинг ортиқча чиқиш сабаблари ва бунда айбдор шахсларни аниқланг;
  • белгиланган меъёрлар доирасида бойликларнинг йўқолишини раҳбарнинг фармойишига кўра таннархга ёки давр харажатларига ҳисобдан чиқаринг.

Камомад бўлмаса - инвентаризацияда йўқолиш меъёрларини қўлламанг.

Буни назарда тутинг: ташкилотда тасдиқланган меъёрлар бўлмаган тақдирда йўқолиш меъёрлардан ортиқча камомад сифатида қаралади .

Йўқолиш меъёрларидан ортиқча бойликлар камомади, бойликлар бузилишидан кўрилган йўқотишлар айбдор шахсларга юкланади. Аниқ айбдорлар аниқланмаган ҳолларда, зарарларни таннархга ёки давр харажатларига ҳисобдан чиқарилиши мумкин.  Бойликларнинг йўқолиш ва бузилиши туфайли йўқотишлар меъёрларидан ортиқча камомадини ҳисобдан чиқаришни расмийлаштириш  ҳужжатларида кейинчалик ана шундай камомад ва йўқотишларнинг олдини олиш бўйича ташкилот қандай чоралар қабул қилганлигини кўрсатинг.

Инвентаризацияда аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчалиги бухгалтерия ҳисоби тартиби 06.04.2004 йилдаги 1334-сон Низом билан тасдиқланган.

Ортиқчалик ўхшаш бойликларнинг бозор қиймати бўйича баҳоланади ва корхонанинг балансига кирим қилинади:

  • инвентаризация ўтказиш санасида;
  • мол-мулкни ҳисобга олувчи счётларда - 1000 -“Материаллар”, 0100 -“Асосий воситалар”, 2900 -“Товарлар» ва бошқалар - 9390 -“Бошқа операцион харажатлар” счёти билан корреспонденцияда акс эттирилади.
  • сумма корхонанинг жами даромадига киритилади ва унга қуйидаги солиқлар солинади:

         - фойда солиғи;

         - ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун солиқ ставкалари бўйича айланмадан олинадиган солиқ .

Камомадда айбдор бўлганлар аниқланмаган бўлса ёки улардан зарарни ундиришнинг имкони бўлмаса, ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган (раҳбарнинг буйруғи бўйича) ҳисобот даврида етишмаётган бойликларни баланс қиймати бўйича 9430-“Бошқа операцион харажатлар” счётига ҳисобдан чиқаринг. Бундай зарарлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Камомадда айбдорлар аниқланган бўлса, зарарни қоплаш суммасини етишмаётган бойликларнинг бозор қиймати бўйича аниқланг. Иш берувчининг фармойишига биноан ўртача ойлик иш ҳақидан ошмайдиган миқдорда ундирув амалга оширилади . Зарар (камомад) ўртача ойлик иш ҳақидан ошадиган бўлса ёки аниқланган кундан эътиборан 1 ой ўтиб кетган тақдирда, уни суд тартибида ундиришга тўғри келади . Бунда иш берувчи зарар етказилган чоғдаги аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдор ходимдан зарарни ундиришдан қисман ёки тўлиқ воз кечишга ҳақли .

Эътибор беринг
Зарарни қоплаш бўйича воз кечилган қарз суммаси - бу ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади .

Айбдор шахслардан ундириладиган етишмаётган материалларнинг бозор қиймати уларнинг таннархидан (баланс қийматидан) ошадиган бўлса, олинган даромадга:

  • фойда солиғи ;
  • ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун солиқ ставкалари бўйича айланмадан олинадиган солиқ солинади .

Агар ундириладиган сумма етишмаётган ТМБнинг баланс қийматидан паст ёки камомаднинг айбдорлари аниқланмаган бўлса, камомаддан кўрилган зарар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди .

 

Етишмаётган материаллар бўйича илгари ҳисобга олинган ҚҚСга:

  • камомад аниқланган солиқ даврида ;
  • фақат тузатишларни амалга ошириш кунидан олдинги охирги 12 ой ичида олинган материаллар бўйича тузатиш киритилади (ҳисобга олишдан чиқарилади) .

Материалларнинг  йўқолиши белгиланган меъёрлардан ошмаса, ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

Мисол
Инвентаризацияда ТМБ ортиқчаси ва камомади аниқланди
Корхона - умумбелгиланган солиқлар тўловчиси. Инвентаризация комиссияси қуйидагиларни аниқлади:
  • бозор нархи 210 минг сўм бўлган шпатлёвканинг ортиқчаси;
  • носоз сервер (тиклаш қиймати 16 000 минг сўм, ҳисобланган эскириш – 4 600 минг сўм). Шунга ўхшаш сервернинг бозор қиймати - 14 000 минг сўм.
Айбдор ходимдан 5 000 минг сўм ундириб олишга, қолган қарз суммасини ҳисобдан чиқаришга қарор қилинди.
Сервернинг яроқсиз ҳолга келишидан 6 400 минг сўм (16 000 - 4 600 - 5 000) миқдоридаги зарар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайди.
Ҳисобга олинмаган шпатлёвка қиймати - 210 минг сўм – бошқа даромад сифатида солиқ базасига киритилади.
Ходимдан сервернинг 14 000 минг сўмлик бозор қиймати ушлаб қолиниши керак, лекин корхона фақат 5 000 минг сўмни ушлаб қолади. 9 000 минг сўм миқдоридаги воз кечилган қарз суммаси ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва унга ЖШДС солинади, бироқ ижтимоий солиқ солинмайди .

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма
(
минг сўм)

  Счётлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Инвентаризация натижасида аниқланган шпатлёвка ҳисобга олинди

210

1050

9390

Сервернинг тиклаш қиймати ҳисобдан чиқарилди

16 000

9210

0150

Ҳисобланган эскириш ҳисобдан чиқарилди

4 600

0250

9210

Зарар акс эттирилди

11 400

5910

9210

Зарар ундирилди

5 000

4790

5910

Сервернинг чиқиб кетишидан кўрилган зарар акс эттирилди

6 400

9430

5910

 

Инвентаризация ўтказилмаганлиги учун ким ва қай даражада жавоб беради

Корхона раҳбари инвентаризация тўғри ва ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш учун жавобгардир .

Бош бухгалтер тегишли бўлинмалар ва хизматлар раҳбарлари билан биргаликда инвентаризация ўтказишнинг белгиланган қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши лозим.

 

Инвентаризацияни ўтказмаганлик учун санкциялар 29.10.2021 йилдаги ЎРҚ-726-сон Қонуннинг 4-моддаси 4-бандига асосан унга киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда энди  МЖТКнинг 175-1-моддасида белгиланган. Хусусан:

  • бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мажбуриятларни бухгалтерия ҳисоби субъектининг ва (ёки) бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари томонидан бажармаганлик, шу жумладан - активлар ва мажбуриятларнинг инвентаризациясини ўтказмаганлик мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик  маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.

 

Эътибор беринг
Инвентаризацияни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш СКнинг 223-моддаси бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва жарималарни олдини олиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади :

  • товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик;
  • ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;
  • расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш;
  • товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш;
  • қалбаки бирламчи бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш;
  • фойдаланилмаган моддий харажатларни фойдаланилган деб, ишлаб чиқариш ҳисоботига қўшиш;
  • товарларни сотишдан (хизмат кўрсатишдан) олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромадни (фойдани) қасддан камайтириш);
  • моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини (лимитларни) ва амортизация (эскириш) нормасини сунъий равишда ошириш ёки нормативларни нотўғри қўллаш;
  • реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш.

Яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасидан СКга мувофиқ солиқларни ҳисоблаш амалга оширилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича яширилган солиқ базаси суммаси солиқ текширувини ўтказиш санасидан олдинги охирги 12 ой учун аниқланади.

 Татьяна ЛИМАРЕВА,

 “Норма” эксперти