Ходимда ОТМ билан икки томонлама ёки уч томонлама контракт бўлса, солиқ чегирмалари бўладими

preview

Корхона ходимларининг Ўзбекистон ОТМларида пулли-контракт асосида таълим олиши учун ҳақ тўлайди. Корхонанинг бундай харажатларига ижтимоий солиқ солинадими? Қачон чегирмани - ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкин? Фойда солиғи ҳисоб-китобида бундай харажатлар чегириладими? 

Саволларга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

– “Иккита ҳолатни кўриб чиқамиз.

I. Корхона эҳтиёжи учун ўқитиш - ОТМ билан тўғридан-тўғри контракт

Талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистоннинг ОТМ билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағларга жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди . Ушбу норма 26.02.2013 йилдаги 2431-сон Низом талабларига мувофиқ келадиган контрактларга татбиқ этилади.

Бунда ОТМда ўқитиш учун контрактларнинг ўзи икки ёки уч томонлама бўлиши мумкин .

Икки томонлама контрактда олий таълим муассасасининг ваколатли шахси ва абитуриент ёки талаба (уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонлари бўлади. Уч томонлама контрактда иккита санаб ўтилганларга яна бир томон - буюртмачи, юридик ёки жисмоний шахс қўшилади.

Эътибор беринг
Агар корхона буюртмачи бўлмаган ҳолда фақат талаба фойдасига таълим хизматлари учун ҳақ тўласа, ўқитиш учун ҳақ тўлаш талабанинг моддий наф тарзидаги даромади ва корхона учун фойда солиғи бўйича чегирилмайдиган харажат деб эътироф этилади.

Агар буюртмачи мавжуд бўлса, жисмоний шахс даромад олмайди, бинобарин, ижтимоий солиқ ҳисоблаш тўғрисида савол туғилмайди.

 

II. “Ўз хоҳишига кўра” ўқиш

ОТМ билан контракт икки томонлама бўлиб, ходимнинг ўзи таълим муассасаси билан контракт тузган бўлса, ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкин. Ўзбекистоннинг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Мазкур имтиёз солиқ тўловчининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш тижорат банклари томонидан ажратилган  таълим кредитларини (жумладан фоизларни) қоплашга йўналтирилган даромадларига ҳам қўлланилади .

Бунда тўлов манбаида солиқ чегирмаси таълим учун тўловда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилганда тақдим этилади :

  • тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган - иш берувчининг маблағлари;
  • Ўзбекистон ОТМга ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган - жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари.
Эътибор беринг
Юридик шахслар томонидан талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистоннинг ОТМ билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган, ушбу юридик шахснинг харажати бўлган маблағлар суммасига солиқ чегирмаси татбиқ этилмайди .

Солиқ чегирмасини олиш учун ходим иш берувчига даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги аризани тақдим этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • талаба (талабалар) билан олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  • тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  • таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Санаб ўтилган ҳужжатлар биргаликда тўлов манбаида ЖШДС ушлаб қолмаслик учун асос ҳисобланади.

Агар ходим тўлов манбаида (иш берувчида) солиқ чегирмасини олмаган бўлса, уни 2107-сон Низомнинг III бобида назарда тутилган тартибда жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш асосида олиш мумкин.

Агар ўқитиш учун маблағлар иш ҳақидан ушлаб қолинса, бу иш ҳақига умумбелгиланган тартибда ижтимоий солиқ солинади ”.