МҲХС бўйича намунавий счётлар режаси лойиҳаси ва БҲМСни такомиллаштириш

preview

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бухгалтерия ҳисобини эмас, балки ҳисоботни шакллантириш қоидаларини белгилайди. Бу бухгалтерия ҳисоби тизими уларда қандай шаклланганлигидан қатъи назар, барча мамлакатлар учун уларни универсал қилади. Оқибатда - МҲХСда ҳам мажбурий, ҳам тавсиявий Бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Улар ҳисобот кўрсаткичларини ўз ичига олади, корхона қайси Счётлар режасидан фойдаланиши эса - бу унинг қарори. Асосийси, пировардида счётлардан маълумотлар “Молиявий ҳолат тўғрисида ҳисобот” ва “Жами даромад тўғрисида ҳисобот”нинг  тегишли сатрларига тушиши лозим. Бундай ёндашувнинг барча ижобий жиҳатларига қарамай, у муаммолар туғдиради, тавсиявий тусдаги намунавий Счётлар режаси мавжуд бўлса, уларни ҳал қилиш осон бўлади.

Молия вазирлиги МҲХСга ўтган корхоналар учун намунавий Счётлар режасининг лойиҳасини тайёрлади. У нима учун зарурлигини buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тушунтирди.

 

– “Энг аввало, МҲХСга ўтган ҳамма корхоналарда ҳам молиявий ҳисобот тайёрлаш моделини танлаш, счётлар режаси ва ҳисобот шаклларини тайёрлаш бўйича консалтинг ёки аудиторлик ташкилотлари хизматларига ҳақ тўлаш учун молиявий ресурслар мавжуд эмас. Ҳамма ҳам буни ўз кучи билан қила олмайди.

Бухгалтерларнинг аксарияти Счётлар режасидан фойдаланишга ўрганишган, унда активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар батафсил таснифланади. Шу боис Намунавий счётлар режаси бундай корхоналарга ёрдам беради.

Шунингдек, у нафақат амалиётчи бухгалтерлар, балки МҲХСни ўрганаётганлар учун ҳам фойдали бўлади. Яна бир ижобий жиҳати: у МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштиради.

Шунингдек, Молия вазирлиги бухгалтерларга ёрдам тариқасида стандарт ўтказмаларни ўз ичига олган намунавий Счётлар режасини қўллаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқмоқда. Умид қиламанки, улар МҲХСни амалиётда қўллашга ёрдам беради.

Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ҳам такомиллаштирилади, сабаби улар МҲХСда рўй берган муҳим ўзгаришларни ҳисобга олиши керак.

МҲХСнинг концептуал асосларига тузатишлар киритилди, ҳисобнинг янги объектлари пайдо бўлди, активлар ва мажбуриятларни баҳолашга ёндашув ўзгарди ва ҳ.к. Буларнинг барчаси 21-сон БҲМС бўйича амалдаги Счётлар режасига янги счётларни киритиш ва кўплаб фойдаланилаётган счётларни ўзгартиришни назарда тутади”.