Хотин-қизлар ва улар ишлайдиган ташкилотлар учун янги имтиёзлар

preview

Президентнинг 7.03.2022 йилдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хотин-қизлар ва улар ишлайдиган ташкилотлар учун имтиёзлар тақдим этади. Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий корхоналар ва ташкилотларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси иш берувчи томонидан эмас, балки давлат томонидан - ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.

 

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб хотин-қизларга олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари тақдим этилади.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз Давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Ҳар йили:

  • хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга таълим олишлари учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади.
  • 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари давлат томонидан - маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлаб берилади;
  • мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда;
  • давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади.

2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар:

  • Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестрига киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий МҲФнинг камида 50%ини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

– Реестрга киритилган ҳудудларда жойлашган объектларга нисбатан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50% имтиёз қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқилади;

– уларда ишловчи хотин-қизлар учун МҲФга ижтимоий солиқ 1%лик ставкада ҳисобланади;

– бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати БҲМнинг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.

– кўчмас мулк ижарага олинганда имтиёзлар берилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 10 млн сўмга оширилади;
  • “Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40% тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.

Norma.uz материаллари асосида