Қўшимча солиқ ҳисоблашга асос яратмаслик учун МЧЖ устав фондини қандай камайтириш лозим

preview

“МЧЖ 2021 йил январь ойида таъсис этилган. Устав фонди қиймати 2 100 млн сўм бўлган ускунани киритиш йўли билан шакллантирилган. 2021 йил октябрь ойида ҳисобварақдан 1 100 млн сўм ечиб олинди ва таъсисчига устав фондини камайтириш ҳисобига берилди. Камерал текширувдан кейин 2022 йил апрель ойида жамиятнинг устав фонди 1 000 млн сўмгача (2 100 – 1 100) камайтирилди. 2022 йил апрель ойи охирида жамиятнинг устави қайта рўйхатдан ўтказилди. Камерал текширув  натижалари бўйича 2021 йил октябрда таъсисчига пул маблағларининг берилиши унинг солиқ солинадиган даромади деб эътироф этилди. Бу қонунийми?”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:

 

– Жамият ўз устав фондини камайтиришга ҳақли, айрим ҳолларда эса –жамият иштирокчиларининг ундаги улушларининг номинал қийматини камайтириш ва (ёки) жамиятга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали ўз устав фондини  камайтириши шарт .

Ушбу тартиб-таомилни тўғри расмийлаштириш учун:

1) МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, улар қарор қабул қилишлари ва баённома тузишлари керак;

2) УФни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кун ичида:

  • УФ камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида барча кредиторларни ёзма равишда хабардор қилинг;
  • УФ камайтирилгани ҳақида ОАВда хабар эълон қилинг;

3) УФни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кун ичида рўйхатдан ўтказувчи органга таъсис ҳужжатларига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этинг ;

4) ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилгандан кейин таъсисчи билан ҳисоблашинг.

 

Нима учун муаммо юзага келди

Кўриб чиқилаётган вазиятда корхона таъсисчига пул маблағларини таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилгунга қадар тўлаган. Яъни тўлов пайтида корхонада уни устав фондини камайтириш сифатида талқин қилиш учун асослар бўлмаган.

СКнинг 376-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан текин берилган мол-мулк қиймати (пуллар - бу ҳам мол-мулк) - бу жисмоний шахснинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромади.

Шу муносабат билан солиқ органлари камерал текширув жараёнида тўловни солиқ солиниши лозим бўлган тўлов сифатида малакалашган.

Агар корхона - фойда солиғи тўловчиси бўлса, мазкур тўлов бундай вазиятда фойда солиғи мақсадларида чегириб ташланмайдиган харажат бўлади .

Камерал солиқ текширувини ўтказиш қоидалари СКнинг 138-моддаси ва махсус Низомда белгиланган.

Агар корхона солиқ органларининг қарорига қўшилмаса, у ушбу қарор устидан юқори турувчи солиқ органи ёки судга шикоят бериши мумкин.