EAN штрих-коди ва рақамли маркировкалаш кодисиз товарлар билан қандай осон ишлаш мумкин

preview

2023 йил 1 январдан бошлаб товарларни чакана реализация қилувчи тадбиркорлар аҳоли билан ҳисоб-китобларда EAN штрих-коди ва рақамли маркировкалаш кодини аниқ ўқиш ва идентификация қилиш имкониятига эга бўлмаган касса техникасидан фойдалана олишмайди . 

Бундай аниқ ўқийдиган қурилмалар, бошқалар қаторида, штрих-коди ва рақамли маркировкалаш коди мавжуд бўлмаган товарлар билан ишлашда қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида  buxgalter.uz илтимосига биноан “Yangi texnologiyalar” ИАМ товарлар ва хизматлар таснифи бўлими бошлиғи Ойбек АЗИМБАЕВ гапириб берди:

 

– Товарнинг қадоғида  штрих-коди ёки рақамли маркировкалаш кодининг мавжудлиги кассада товарлар билан ишлашни жиддий соддалаштиради ва тезлаштиради. Кодни сканерлаш етарли ва НКТ автоматик тарзда ўз хотирасида касса чекини шакллантириш учун зарур бўлган товар тўғрисидаги барча маълумотларни топади.

EAN штрих-коди ва рақамли маркировкалаш коди мавжуд бўлмаган товарлар билан ишлаш мураккаброқдир. Илгари сотувчи кўп ҳолларда керакли товарни онлайн-НКТ хотирасида қўлда қидиришига тўғри келарди. Шу туфайли чекларда кўпинча хатога йўл қўйиларди, бу ўз навбатида харидорлар ва назорат қилувчи органлар томонидан эътирозларга сабаб бўларди. Тадбиркорларнинг ўзлари ҳам бундай вазиятда ҳисобни юритишда онлайн-НКТ маълумотларига тўлиқ таянишлари мумкин эмас.

Маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталогининг янгиланган версияси ишга туширилиши билан ушбу муаммонинг анча қулай ечими топилди.

 

Штрих-коди бўлмаса, уни генерация қилиш мумкин 

Фойдаланувчилар учун Ягона электрон каталогдаги энг муҳим инструментлардан бири – бу унинг ёрдамида ҳар бир МХИК учун штрих-кодлари ва QR-кодларни генерация қилиш имконияти. Аниқроғи – товарга у ёки бошқа МХИК билан тайёр штрих-кодини таснифлагичнинг ўнг устунида юклаб олиш мумкин.

МХИКнинг ушбу штрих-кодини товарнинг қадоғига ҳар қандай қулай усулда босиб тушириш мумкин. Ишлаб чиқарувчи уни бевосита қадоққа жойлаштириши, савдо шохобчасида эса уни ўзи елимланадиган тасмада чоп этиш ва товарга шу тарзда бириктириш мумкин. Кассирда ҳеч бўлмаганда бундай штрих-кодлари туширилган қоғоз варағи бўлиши мумкин. Ва у онлайн-НКТ сканери ёрдамида уларни ушбу варақдан ўқийди.

 

Кассада МХИКнинг штрих-кодидан фойдаланиш учун:

  • товарлар МХИКни онлайн-НКМ ва виртуал кассалар хотирасига киритинг;
  • штрих-кодлари ёки QR-кодларни аниқ ўқиш ва идентификация қилиш учун қурилма харид қилинг;
  • ўзингизга қулай бўлган ҳолда, электрон каталог ёрдамида генерация қилинган товарларингиз штрих-кодлари ёки QR-кодларини чоп этинг ва уни товарларга жойлаштиринг ёки касса учун чоп этинг;
  • товарни сотишда МХИК штрих-кодини сканерланг ва кейинчалик худди товарда EAN штрих-коди мавжуд бўлгани каби ишланг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади