Дебиторлик қарзини реализация қилишда юзага келган зарар суммаси чегириладими

preview
Эътибор беринг
Муаллифнинг илтимосига кўра жавобга тузатиш киритилди.

«Корхонада дебиторлик қарзи, айтайлик, 1 000 сўм бор. Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномасига кўра уни худди шу суммага сотамиз. Бироқ, СК 45-моддасига мувофиқ талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш товар деб эътироф этилиши боис ҚҚС юзага келади. Реализация қилиш суммаси ҚҚС – 130 сўмни ўз ичига олади деган қарорга келинса, 9200-счётда 130 сўм (1 000 – 870) миқдорида манфий фарқ юзага келади. Фойда солиғини ҳисоблашда ушбу харажат чегириб ташланадими?».

Солиқ маслаҳатчиси, «IN PLUS» бухгалтерлар малакасини ошириш марказининг муассиси Замира ЖЎРАЕВА buxgalter.uz билан ушбу масала юзасидан фикр алмашди:

 

– Ҳа, талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаларига кўра олинган манфий фарқ солиқ тўловчининг зарари деб эътироф этилади ва фойда солиғи бўйича солиқ базаси аниқланаётганда чегириб ташланади .

Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар қуйидагиларнинг ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади:

1) талаб қилиш ҳуқуқини олувчи солиқ тўловчи учун – қарздордан талаб бўйича асосий қарздан олиниши лозим бўлган сумма, шу жумладан талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш санасидаги асосий қарздан ортиқ сумма билан талаб қилиш ҳуқуқини олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ;

2) талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечган солиқ тўловчи учун – талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш қайси қиймат бўйича амалга оширилган бўлса, ўша қиймат билан солиқ тўловчининг дастлабки ҳисобга олиш ҳужжатларига биноан талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш санасида қарздордан олиниши лозим бўлган талабнинг қиймати ўртасидаги ижобий фарқ;

3) қарзни талаб қилиш ҳуқуқини бундан буён амалга оширувчи солиқ тўловчи учун – талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш қиймати билан мазкур талабни сотиб олиш харажатларининг суммаси ўртасидаги ижобий фарқ.

Талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечишдан олинган даромад талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш амалга оширилган ҳисобот (солиқ) даврида эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномасига кўра олинган манфий фарқ солиқ тўловчининг зарари деб эътироф этилади ва солиқ базаси аниқланаётганда чегириб ташланади.