2022 йил 1 ноябрдан нималар ўзгаради

preview

1 ноябрдан қонунчиликдаги ўзгартиришларнинг навбатдаги пакети кучга киради. Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:


1. Экспорт қилувчилар учун имтиёзлар ва муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар 

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади.

Бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди.

Шунингдек 1 ноябрдан бошлаб қовун (ТИФ ТН коди 1207 70 000 0), канакунжут (1207 30 000 0), хантал (1207 50 100 0, 1207 50 900 0), махсар (1207 60 000 0) уруғлари экспортига рухсат берилади.


2. «Ягона давлат назорати» тизимида рўйхатга олинмаган бизнесни текшириш ноқонуний ҳисобланади  

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб текширув «Ягона давлат назорати» тизимида рўйхатга олинмаган бўлса, текширувчиларни уни ўтказишга қўймаслик мумкин.

Текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот ҳам улар тугаган кундан бошлаб 3 кун муддатда тизимга киритилади.

 

3. Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 10 та банд билан тўлдирилди 

1 ноябрдан бошлаб Рўйхатга қуйидагилар киритилади:

  • уй ҳайвонлари бозорларида воситачилик хизмати;
  • автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
  • риэлторлик хизматини кўрсатиш;
  • уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
  • маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
  • гипс ва ганчдан буюмлар ясаш;
  • тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
  • ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
  • уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
  • кулолчилик.

 

4. Ҳайдовчиларнинг яроқлилиги тўғрисидаги ахборот ягона базада

20.07.2022 йилдаги 393-сон ВМҚ 4-бандига мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб тиббий кўрик хулосасига кўра транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилик тўғрисидаги маълумотлар киритиладиган ахборот базаси ишга туширилади. 2023 йил 1 январга қадар база ЙҲХХнинг Ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.

 

5. Солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг ҳуқуқлари ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар рўйхати кенгайтирилди

Бу ҳақда ушбу материалда батафсил ёзган эдик:

Шунингдек солиқ маслаҳатчиларига қўйиладиган малака талаблари соддалаштирилди. Хусусан, солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олишга доир имтиҳонга қўйиш учун талаб этиладиган 5 йил иш стажига эга бўлган шахснинг олий таълим ташкилотини тамомлаган вақтига қаралмайди.

«Солиқлар ва солиқ солиш» мутахассислиги бўйича олий таълим ташкилотини тамомлаган талабгорлар мутахассислик бўйича камида 2 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, малака имтиҳонини топширишга қўйилади. Солиқ органларида камида 3 йил иш стажига, шунингдек аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича қисқартирилган курсни ўтайди.

 

6. Кўп квартирали уйларни бошқарувчи компанияларнинг фаолият юритиш шартлари ўзгартирилади

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ишлаши учун уларни электрон реестрга киритиш шарт бўлади.

Бошқарувчи компания ўз бошқарувидаги уйларга оид ҳужжатлар пакетида қуйидагиларга эга бўлиши керак:

  • қуриш (реконструкция қилиш) ишларининг лойиҳа ҳужжатлари;
  • кадастр паспорти;
  • қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома.

 

7. ЯИДХП хизматлари – мобил иловалар орқали 

1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа операторлари, тўлов тизимлари ҳамда банклар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали электрон давлат хизматларини кўрсатишлари мумкин.

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади.