Янги йил тунида ҚҚСни қандай қилиб ортиқча тўламаслик керак

preview

ҚҚС тўловчилари Янги йил кириб келиши билан солиқни 12% ставка бўйича ҳисоблашга тайёр бўлишлари керак. Янги йил тунида ва байрам кунлари ишлайдиган чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари алоҳида эътиборли бўлишлари лозим.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ва “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ buxgalter.uz  илтимосига биноан нимага алоҳида эътибор қаратиш кераклиги ҳақида сўзлаб беришди.

 

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:

– 2023 йил 1 январда Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар кучга киради, унга кўра, ҚҚС ставкаси 12 фоиз миқдорида - амалдагидан 3% камроқ қилиб белгиланади. Бу 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси соат 00:00 дан кейин онлайн-НКТнинг биринчи ва кейинги чеклари ва ҳисобварақ-фактуралар ушбу ўзгаришларни ҳисобга олиши кераклигини билдиради. Акс ҳолда, сиз кейин тузатилган ЭСФ тақдим этишингиз ва чекларга тузатиш киритишингизга тўғри келади.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ўрганишда 12% ставка татбиқ этилмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига эътибор қаратишни тавсия этаман. Лойиҳа уларни ўзгартиришни назарда тутган.

Кўпинча фоиз ставкасининг ўзгариши товар ва хизматлар нархига қандай таъсир қилади, деб сўрашади. Бу масала қонун билан тартибга солинмаган. Яъни – ҳеч қаерда солиқ ставкаси пасайганда харидор учун нархни пасайтириш кераклиги айтилмаган. Масала бўйича қарор сотувчи ва харидорнинг ўзаро келишуви билан қабул қилинади.

 

Рустам ЁҚУБОВ, “RIG” МЧЖ директори:

– Фискал маълумотлар оператори – “Янги технологиялар” ИАМ барча ТХКМга назорат-касса техникаси паркини тайёрлаш ишларини олиб боришни сўраб хат йўллади. Созламаларда Солиқ кодексига киритилган тузатишларга мувофиқ ҚҚС ставкаларини ўзгартириш лозим.

Янги йил тунида ва дам олиш кунларида дам оладиган тадбиркорлик субъектлари касса аппаратлари ва виртуал кассаларни қайта созлаш бўйича ТХКМга мурожаат қилишлари мумкин. Буни  30 декабрь, иш кунининг охирига яқинроқ ёки чоршанба, 4 январь, иш бошланишидан олдин қилиш мумкин.

Аммо бу кунларда дам олмайдиганлар, агар ТХКМ мутахассислари билан бошқача тарзда келишув бўлмаса, касса техникасини мустақил равишда қайта созлашларига тўғри келади. Асосийси – буни янги йилда биринчи чекни ургунча амалга ошириш лозим.

Бунда ҳеч қандай мураккаблик йўқ, лекин сизнинг ҳаракатларингиз сиз фойдаланаётган моделга боғлиқ. Айрим кассаларда шунчаки синхронлаштириш керак, бошқаларида – ҚҚСнинг янги ставкасини қўлда киритиш лозим.

Аксарият кассаларнинг ишлаб чиқарувчилари ва ТХКМ ушбу масала бўйича йўриқнома чиқариб, уни ўзларининг ахборот каналларида жойлаштиришган. Дам олиш кунларига қадар – олдиндан улар билан танишишингизни – ушбу кунларда касса билан бевосита ишлайдиган ходимларга йўл-йўриқ беришингизни тавсия қиламан.

Агар сиз йўриқномани топмаган бўлсангиз ёки сизга бирор нарса тушунарсиз бўлса, ТХКМ билан боғланинг ва бугун иш куни тугашига қадар барча саволларингизга аниқлик киритинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади