Қандай қилиб деҳқон бозорида хом ашёни тўғри харид қилиш мумкин

preview

“Корхона гўштни қайта ишлаш билан шуғулланади ва бозорда хом ашёни харид қилишни режалаштирмоқда. Харидни ҳужжат билан расмийлаштириш билан боғлиқ хатарлардан қочиш учун корхонамиз билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган харид қилувчилар хизматидан фойдаланмоқчимиз. Улар хом ашёни деҳқон бозорида харид қилишади ва бизга қайта сотишади. Деҳқон бозорида хом ашёни харид қилиш ноқонуний бўлмайдими? Агар биз хом ашёни харид қилишда ЖШДС ушлаб қолмасак, СКнинг 378-моддаси 8-бандига зид бўлмайдими?”. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз Ҳошимов жавоб берди:

 

– Бозорда маҳсулотларни харид қилишнниг иккита варианти бўлиши мумкин – тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан ёки воситачилардан. Охирги вариант воситачи қонуний ишлашини назарда тутади. Лекин якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ҳам бозорда маҳсулотларни харид қилиш ва уни улгуржи қайта сотиш каби бундай фаолият тури назарда тутилмаган. Шу боис, агар саволда кўрсатилган шахслар ўз фаолиятларини ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчилар ёки чакана сотувчилар сифатида расмийлаштиришса, уларнинг фаолияти ноқонуний деб эътироф этилиши мумкин.

Бунда сизнинг ташкилотингиз деҳқон бозорларида маҳсулотларни ўзи харид қилишга ҳақли, бу қонун ҳужжатларида тақиқланмаган. ЖШДСга келсак – уй (шу жумладан деҳқон) хўжалигида етиштирилган  қуйидагиларни сотишдан олинган даромадларга бу солиқ солинмайди :

  • ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно);
  • чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадлар, (бундан манзарали боғдорчилик, гулчилик маҳсулотлари мустасно).

СКда уй (деҳқон) хўжалигидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш қандай ҳужжатлар билан тасдиқланиши кўрсатилмаган. Бошланғич ҳужжатларнинг мажбурий реквизитлари (сотувчининг Ф.И.О., корхонанинг-харидорнинг номи ва реквизитлари, томонларнинг имзолари ва ҳоказо), шунингдек қуйидагилар:

  • товарларнинг номи;
  • товарларнинг сони ва нархи;
  • харид суммаси;
  • бошқа зарур маълумотлар.

Кўрсатилган харид далолатномаси шундай ҳужжат бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Харид далолатномасининг шакли қонун ҳужжатларида белгиланмаган, шу боис уни ўзингиз ишлаб чиқинг.

 

ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланади

Бунинг учун сотувчидан – жисмоний шахсдан ер участкаси мавжудлиги ёки деҳқон хўжалиги рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни сўраб олинг. Бу қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • ҳокимнинг ер участкаси ажратиш тўғрисида қарори;
  • ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши ва ўтиши давлат рўйхатидан ўтказилган сана ва рақами кўрсатилган ҳолда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма ;
  • Давлат хизматлари маркази томонидан берилган ҳисобга олинганлиги тўғрисида ҳужжат .

Олинган ҳужжатни харид далолатномасига илова қилинг.

Эътибор беринг
Агар корхона жисмоний шахслардан уй (деҳқон) хўжалигида етиштирилмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта туркумларда харид қилса, солиқ органлари ЖШДС бўйича имтиёзнинг қўлланилишини ноқонуний деб эътироф этадилар.