Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиққа ўтишни рад этиш нимага сабаб бўлади

preview

“Солиқ инспектори қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиққа ўтишни қатъий тавсия қилмоқда. У буни текширувлар бўлмаслиги, бухгалтерия ҳисобини юритиш керак эмаслиги билан асосламоқда. Агар бунга ўтилмаса, бизга тадбиркорлик субъектининг ҳақиқатда жойлашган жойини текшириш билан келишлари ҳақида огоҳлантирди”.

Бундай огоҳлантиришга қандай муносабат билдириш ҳақида “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди: 

 

– СКнинг 22-моддаси 1-қисмига мувофиқ солиқ тўловчи солиқ органларининг фақат қонуний талабларини бажариши шарт.

Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш – бу солиқ тўловчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи. Шундай экан, уни ўтишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқ.

Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиққа, қоидага кўра, фақат бундан наф оладиган тадбиркорлар ўтишади. Яъни, уларда қатъий белгиланган суммада солиқ белгиланган солиқ ставкаларини қўллаган ҳолдаги солиқдан камроқ бўлади.

Мен солиқчилар, бунда кўпроқ миқдорда солиқ тўлашга тўғри келса-да, солиқни қатъий белгиланган шаклда тўлашга қатъий ундашаётган тадбиркорларга маслаҳат беришимга тўғри келган. Шунга эътиборингизни қаратишни хоҳлардимки, солиқчилар жалб қилиш учун қонуний асосга эга бўлмаган афзалликлар тўғрисида гапириб беришади.

Хусусан, “бухгалтерия ҳисобини юритиш керак бўлмайди” деган далил ҳам танқидга арзимайди. “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун ва бухгалтерия ҳисоби стандартлари бор ҳамда тадбиркорлик субъекти ушбу ҳужжатларга мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиши шарт. Ушбу нормаларни ҳали ҳеч ким бекор қилмаган.

Амалий нуқтаи назардан қараганда, бухгалтерия ҳисоби қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўловчи учун камида айланмани ҳисобга олиш ва миллиардга етганликни ўтказиб юбормаслик, ушбу миқдорга етгандан сўнг эса ҚҚСга ўтиш учун керак. Боз устига, айланмадан олинадиган солиқдан ташқари, солиқ тўловчи бошқа солиқларни тўлайди ва улар бўйича ҳисоботлар топширади.

“Текширмасликни” ваъда қилаётганлари ҳам ёлғон. СК ҳамда солиқ хавфини бошқариш ва солиқ текширувларини ташкил қилиш тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари нормаларини ҳам ҳеч ким бекор қилмаган. Текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текширув – ишлаяпти. Агар ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар келиб тушса, солиқ тўловчига сайёр солиқ текширувини ёки – зарурат бўлса – солиқ аудитини тайинлашади.

Ҳақиқатда жойлашган жойини текширишлари мумкинлиги  – бу тўғри. Лекин бундай текширув тўғрисидаги қарор сиз айланмадан олинадиган солиқни тўлайдиган шаклга ҳеч ҳам боғлиқ эмас. Агар сизда жойлашган жой бўйича муаммолар бўлса, сизни текширувлар ва ҳисобрақамлари бўйича барча харажат операцияларини тўхтатиб туришдан фақат муаммони тубдан ҳал қилиш қутқариши мумкин.

Бу сизнинг юридик шахсингиз рўйхатдан ўтказилган манзилда унга тегишли ёки ижарага олинган бино жойлашган бўлиши ва унда сиз фаолият кўрсатишингиз кераклигини англатади.

Бундан ташқари, юридик шахслар ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига ўзларининг барча алоҳида бўлинмалари тўғрисида ва алоҳида бўлинмаларга оид илгари хабар қилинган маълумотларидаги ўзгаришлар тўғрисида алоҳида бўлинма ташкил этилган ёки мазкур маълумотлар ўзгартирилган кундан эътиборан 1 ой ичида хабар қилиши шарт . Бунинг учун my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Матрицали штрих-код билан филиаллар рўйхатини ва маълумотларни шакллантириш” интерактив хизматидан фойдаланинг.  Тегишли шаклга филиалнинг номи, манзили ва филиал раҳбарининг ЖШШИР тўғрисидаги маълумотларни киритиш керак бўлади.

СКнинг 32-моддасига мувофиқ юридик шахснинг ҳудудий жиҳатдан алоҳида бўлган, турган ери бўйича 1 ойдан ортиқ муддатга доимий иш жойлари жиҳозланган ҳар қандай бўлинмаси юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси деб эътироф этилади. Бунда, уни алоҳида бўлинма деб эътироф этиш учун қуйидагилар аҳамиятга эга эмас:

  • унга қандай ваколатлар берилганлиги;
  • унинг ташкил этилиши бўйича юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида ёки бошқа ташкилий-бошқарув ҳужжатларида акс эттирилганлиги ёки акс эттирилмаганлиги.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади