Декларацияда ЯТТнинг даромадлари, жисмоний шахснинг моддий нафи ва мулкий даромадлари қандай акс эттирилади

preview

Buxgalter.uz ўқувчиларининг жами даромад тўғрисида декларацияни тўлдириш ҳақидаги саволларига молиявий ва солиқ маслаҳатчиси Феруза СУЛТОНОВА жавоб берди.

Эътиборга оламиз:

 

1. Якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтиш чоғида декларация асосида солиқ солишни танлаган. Фаолияти – бошқа чакана савдо (вендинг автоматлари орқали). У реализация қилиш учун товарни КПК орқали ва нақд сўмга сотиб олган. Чекларни – сақлаб қўйган. Лекин ДСБ мутахассисларининг тушунтиришича “ушбу чеклар Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар операциялари ва даромадларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомга (АВ рўйхат рақами 1197, 08.01.2003 й.) асосан кучга эга эмас”. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозим?”.

 

– Савдо автоматларидан фойдаланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар реализация қилинадиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар туридан қатъи назар, чакана савдо субъектлари деб эътироф этилади.

Агар ЯТТ даромаддан олинадиган солиқни жами йиллик даромад тўғрисида декларация асосида тўлашни танлаган бўлса, у яшаш жойидаги солиқ органига дастлабки декларацияни тақдим этиши керак :

  • жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай – агар сиз тадбиркорлик фаолиятини юритсангиз ва даромадингиз 100 млн сўмдан ошмаса;
  • давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган ойнинг охирига қадар – агар сиз янги рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъекти бўлсангиз.

Декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар рўйхати СКнинг 393-моддаси 1-қисмида кўрсатилган.

Декларация асосида солиқ тўлайдиган ЯТТлар :

1) даромадларни олиш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт;

2) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатда амалга оширилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириб ташлаш ҳуқуқига эга.

ЖШДС ЯТТ соф даромадини ЖШДС ставкасига кўпайтирилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг соф даромади ҳисобот даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаддан қуйидагиларни чегириш йўли билан аниқланади:

  • ушбу товарларнинг (хом ашёнинг) таннархи;
  • товарларни (хом ашёни) сотиб олиш, сақлаш, реализация қилиш харажатлари;
  • маъмурий харажатлар .

Бундай харажатлар шартнома, ҳисобварақ-фактура, тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги банк ҳужжатлари, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари чеклари билан тасдиқланади .

Савдо (вендинг) автоматларини қўллаган ҳолда сотувларда НКТдан фойдаланиш –шарт эмас .

Тадбиркор товарларни нақд ҳисоб-китобга (қонун ҳужжатларида тақиқ мавжуд эмас) ҳамда корпоратив карта ёрдамида сотиб олиши мумкин. 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан, бироқ инвойс (ҳисоб-фактура) ёки – QR-кодли онлайн-НКМ чекини бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилган.

 

2. “Фуқаро (резидент) ишлайди ва иш ҳақи олади. Шунингдек, юридик шахсдан бепул асосда автомобиль олди. Бундан ташқари, у квартирани ижарага беради ва олинадиган даромаддан солиқлар тўлайди. Декларацияни топширишда у қуйидагиларни кўрсатиши керак:

1) барча иш жойлари бўйича иш ҳақи; 

2) квартирани ижарага беришдан олинган даромад; 

3) бепул асосда олинган автомобилдан олинган даромад. 

Аммо ДСБ инспекторининг айтишича, квартирани ижарага беришдан олинган даромадни декларацияда кўрсатиш шарт эмас, сабаби “бу даромад бошқа код бўйича ўтади...”.

Бепул асосда олинган мол-мулкни декларациянинг қайси иловасида кўрсатиш кераклиги ҳақидаги саволга ҳам ҳеч ким тушунарли жавоб беролмади”.

 

– Фуқаро олдинги йил учун жами йиллик даромад тўғрисида декларацияни тақдим этиши шарт. Декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар рўйхати СКнинг 393-моддаси 1-қисмида кўрсатилган. Мазкур ҳолда у қуйидаги даромадларни кўрсатади:

1) асосий ва асосий бўлмаган иш жойидан олинган даромад ;

2) моддий наф тарзидаги даромад .

 

Агар фуқаро – автомобилни совға қилган юридик шахснинг ходими бўлса:

Автомобилни совғага бериш ходим учун – бу моддий наф тарзидаги даромад . Декларацияда уни “Моддий ёрдам, совға” бўлимида – совға сифатида кўрсатиш лозим.

Иш берувчи, солиқ агенти сифатида, солиқни ҳисоблаб чиқариши ва уни бюджетга тўлаши керак бўлган . Солиқ базаси – ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда автомобилнинг баланс қиймати .

Бунда корхона бир вақтнинг ўзида қуйидаги иккита шарт бажарилган тақдирда, ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаши мумкин:

1) автомобиль ходимга топширилса;

2) мазкур ходим – солиқ резиденти бўлса.

Даромадни тан олиш санаси бўлиб автомобиль ходимга топширилган сана ҳисобланади .

 

Агар фуқаро – автомобилни совға қилган юридик шахснинг ходими бўлмаса:

Бу ҳолда ҳам совға жисмоний шахс учун моддий наф тарзидаги даромад бўлади . Агар жисмоний шахс – Ўзбекистоннинг резиденти бўлса, унинг ёзма аризаси мавжуд бўлган тақдирда юридик шахс – ҳадя қилувчи ЖШДСни ушлаб қолмаслиги мумкин .

Фуқаро аризада:

1) даромадни тўлашда ЖШДСни ушлаб қолмаслик ҳақида илтимосни баён этади

2) у солиқни декларация асосида мустақил равишда тўлашига ишонтиради.

Бу ҳолда совға олувчи келгуси йилнинг 1 апрелига қадар солиқ органларига жорий йил учун жами даромад тўғрисида декларацияни топшириши ва ЖШДСни мустақил равишда тўлаши шарт.

 

Мулкий даромадлар

Турар жойни ижарага беришдан олинган даромад – бу мулкий даромад . 22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚга асосан кўчмас мулкни ижарага берадиган солиқ тўловчи ижара шартномасини ДСХОда рўйхатдан ўтказиши шарт. Буни масофадан туриб – фақат электрон шаклда амалга ошириш лозим. Бундай талаб 2022 йил 1 январдан буён амал қилмоқда. Кўчмас мулкнинг ижара шартномаси ДСХОда ҳисобга қўйилаётганда дастлабки декларация тақдим этилмайди .

Жисмоний шахсларнинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан солиқнинг якуний суммаси жами йиллик даромад тўғрисида тақдим этилган декларациянинг маълумотлари бўйича солиқ органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади .

Жисмоний шахс декларацияга қуйидагиларни бириктиради:

  • асосий ва асосий бўлмаган иш жойларида олинган даромадлар тўғрисида маълумотнома;
  • автотранспорт воситасини ҳадя қилиш шартномасининг нотариал тарзда тасдиқланган нусхаси;
  • автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;
  • солиқни мустақил равишда тўлаш тўғрисида ариза нусхаси;
  • тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида квитанция нусхаси (агар солиқ тўланган бўлса).