Тадбиркорнинг қонуний ҳуқуқларига тўсқинлик қилувчи кешбэк муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин

preview

“Бизда – маиший техника дўкони бор. Баъзан харидорнинг талабига кўра кафолат муддати мобайнида сотилган пайтдан эътиборан бир ойдан кўп вақт ўтган товарни қайтаришни расмийлаштирамиз. Лекин, агар чек бўйича кешбэк тўланган бўлса, ҳисоботга тузатиш киритишнинг техник имконияти мавжуд эмас. Кешбэк тадбиркорнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилинишига тўсқинлик қилаётганлиги маълум бўлади”.

Муаммони ҳал қилиш усулини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА таклиф қилди:


– Кўтарилаётган муаммо янги эмас, у ҳақда деярли 2022 йилнинг бошидан буён гапириб келишмоқда. Аммо, агар ўтган йилда тадбиркорлар  кешбэк – бу қисқа муддатли лойиҳа бўлиб, унинг якунланиши билан муаммолар ҳам кетади деб ўйлашган бўлса, ҳозир ҳеч кимда бундай хом хаёллар йўқ. Муаммолар кўлами эса вақт ўтган сари – қайтарилаётган товарларнинг сони ўсиши билан ошиб бормоқда.

Бир томондан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда товарни кафолат муддати мобайнида қайтариш мумкин дейилган ва Солиқ кодекси ҳам бундай вазиятларда солиқ базасига тузатиш киритиш имкониятини назарда тутади . Бошқа томондан – СКга нисбатан анча паст мақомдаги НҲҲ билан регламентланадиган кешбэк тўлаш дастури оқибатида ушбу ҳуқуқни амалга оширишнинг имкони йўқ. Бу – нотўғри.

Бундан ташқари, натижада солиқ ҳисоботида юзага келадиган номувофиқликлар солиқ текширувлари чоғида эътибордан четда қолмайди. Мен тадбиркор дастлаб бундай вазиятни камерал текширув доирасида, сўнгра – сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити доирасида тушунтирган вазиятга мисолларни биламан. Яъни солиқ хизмати органларида кўп мутахассислар амалиётда бундай тартибга солинмаслик оқибатларига дуч келишган. Ахир тадбиркорлар барча ҳолларда айни бир нарсани таъкидлашмоқда: биз номувофиқликлар бўлмаслиги учун солиқ ҳисоботларига тузатиш киритишдан мамнунмиз, бироқ бизда буни амалга оширишга имкон берадиган восита мавжуд эмас. Наҳотки Солиқ қўмитасида сайёр солиқ текширувлари натижаларини солиқ тўғрисида қонун ҳужжатлари ва солиқ маъмуриятчилиги тизимининг такомиллаштирилишини талаб қиладиган вазиятларни аниқлаш борасида таҳлил қилишмайди?

Солиқ қўмитасини тушуниш мумкин албатта – чеклов чоралари бюджетни асоссиз харажатлардан ҳимоя қилиш учун жорий этилган. Аммо ушбу ёндашув жараённинг барча иштирокчиларига нисбатан анча мос бўлиши керак.

Ҳозир фақат харидор наф кўраётгани маълум бўлмоқда: у қайтарилган сумма ҳамда кешбэкка эга бўлмоқда. Тадбиркорга эса бундай вазиятга тушиб қолиш бутунлай манфаатсиз: унда солиқ ҳисоботида бартараф этиш имконсиз бўлган номувофиқликлар юзага келмоқда.

Қонун доирасида товарни қайтариш, унинг қийматини ўзгартириш – истеъмолчининг иштирокисиз имконсизлиги мантиқан тўғри. Яъни харидор товарнинг қийматини, у товарни қайтарганини,  у ёки бошқа сабабларга кўра харид қиймати қайта кўриб чиқилганини билади. Кешбэк ҳисоблаш қоидалари ҳам тушунарли: харид қийматининг 1%и. Бинобарин, агар тўланган қиймат харидорнинг қонуний ҳуқуқларини амалга оширишда ўзгарса, у сотувчининг қонуний ҳуқуқларини амалга оширишда кешбэкнинг қайта ҳисоб-китоб қилинишига ҳам тайёр бўлиши керак.

Солиқ органларида тўланган кешбэк бўйича бундай ўзаро ҳисоб-китоблар учун барча зарур воситалар мавжуд, деб ҳисоблайман. Чекнинг реквизитлари Soliq мобиль иловасида рўйхатдан ўтказишда кўрсатилади. Тадбиркор ҳам товарни қайтаришни расмийлаштирган ҳолда чекнинг реквизитларини кўрсатади, у бўйича солиқ органларининг тизимида маълумотларни ўзгартиради. Бинобарин, солиқ органлари ушбу маълумотлар асосида кешбэк бўйича ўзаро ҳисоб-китобни амалга ошириш имконини берадиган дастурни жорий этишлари лозим.

Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисида низомни кешбэк тўланган чек бўйича солиқ базаси камайган ёки кўпайган тақдирда харидорнинг бюджет билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш тартибини регламентловчи қоидалар билан тўлдирилиши лозим. Вариантлар – талай. Масалан фарқ кейинчалик кешбэк ҳисобланганда қопланиши, харидор билан тегишли ўзаро ҳисоб-китобларни расмийлаштиришда тегишли сумма тадбиркор томонидан ушлаб қолиниши ва бюджетга тўланиши мумкин ва ҳоказо. Боз устига – харидорларга ҳатто танлаш учун олинган кешбэкни бюджетга қайтариш вариантлари таклиф қилиниши мумкин.

Ва – энг асосийси – сотувчига ушбу вазиятларда ниҳоят СКнинг 83-моддаси ва СКнинг 257-моддасида назарда тутилгани каби солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади