Коммунал хизматларни қоплаш бўйича харажатлар қандай акс эттирилади

preview

“Ижарага берувчи электр энергияси ва бошқа коммунал хизматларни қоплаш учун ЭҲФ тақдим этди. Фойда солиғи бўйича ҳисоботда ушбу харажатларни “Ижара харажатлари” устунига киритиш керакми ёки Ҳисоб-китобга 2-илованинг қуйи сатрларида – бошқа харажатлар сифатида кўрсатиш лозимми?”.

Саволга “Balance Calculate” ХК директори, “Profi Training” НТМнинг бухгалтерия ҳисоби бўйича сертификатланган  тренери Венера МАЛИКОВА ва “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб беришди:

 

– Агар ижара шартномаси бўйича коммунал хизматлар ва алоқа хизматларининг қиймати ижара ҳақи суммасига киритилмаса, балки ижарага олувчи томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган хизматлар миқдорида қопланса, ижарага берувчи ЭҲФда алоҳида қаторларда қуйидагиларни акс эттиради :

  • ижара шартномасига мувофиқ ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган ҳолда (агар ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлса) ижара ҳақи суммаси;
  • ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун ушбу хизматлар қийматига тўғри келувчи ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма.

Ижарага олувчидан коммунал хизматлар, электр энергияси ва алоқа хизматлари истеъмоли учун олинган қоплаш суммаси – бу ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди .

Ижарага олувчи учун ижара ҳақи ва коммунал хизматларни қоплаш – бу ижара харажатлари ҳисобланади, уларни фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташлаш мумкин .

Коммунал хизматларни қоплаш учун ижарага берувчи тегишли МХИКни кўрсатган ҳолда “Харажатларни қоплаш (газ, электр энергияси ва бошқалар)” махсус шакли бўйича ЭҲФ тақдим этади:

  • 10713007004000000 – газ таъминоти хизматлари учун чиқимлар (харажатлар)ни қоплаш;
  • 10713007007000000 – иссиқлик таъминоти хизматлари учун чиқимлар (харажатлар)ни қоплаш;
  • 10713007003000000 – оқова сув хизматлари учун чиқимлар (харажатлар)ни қоплаш;
  • 10713007001000000 – совуқ сув таъминоти хизматлари учун чиқимлар (харажатлар)ни қоплаш;
  • 10713007006000000 – электр энергияси хизматлари учун чиқимлар (харажатлар)ни қоплаш. 

“Автокамерал” бўйича четга чиқишдан қочиш учун Фойда солиғи ҳисоб-китобида – Ҳисоб-китобга 2-иловада – бундай харажатларни алоҳида сатрларда акс эттириш лозим:

  • 0103 – табиий ва суюлтирилган газга харажатлар;
  • 0104 – электр энергияси учун харажатлар;
  • 0135 “Ушбу илованинг 0101-0134-сатрларида кўрсатилмаган бошқа харажатлар (01351-сатр - 01360-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”, тегишли тарзда ажратилган ҳолда. Бу ерда иссиқлик таъминоти (иссиқ сув ва иситиш) ва совуқ сув бўйича коммунал хизматларни қоплаш харажатларини акс эттириш мумкин.

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text190004_kommunal_hizmatlarni_qoplash_buyicha_harajatlar_qanday_aks_ettiriladi