Кешбэк қўшимча солиқ оқибатларига олиб келадими

preview

“Корхона – IT парк резиденти, фойда солиғи тўловчиси ҳисобланади, дорихоналар ва уларнинг мижозларига маълумот хизматларини кўрсатамиз. Акцияни йўлга қўйдик: агар мижоз дорихонага бизнинг мобиль иловамиз орқали келса ва мазкур дорихонада қилинган харид учун чекни рўйхатдан ўтказса унга қўшимча равишда картасига 1% миқдорида кешбэк тўлаб берилади. Мақсад – дорихоналарга биз уларнинг дорихоналарига кўпроқ мижозларни жалб қила олишимизни кўрсатиш ва шу билан ўзимизнинг мижозларга доир базамизни кенгайтириш ҳисобланади. 

Кешбэкни қандай акс эттириш лозим, чунки бу чегирма эмас ва бизнинг мижозларимизга берилмайди, балки мижозларимизнинг харидорларига тақдим этилади? Қандайдир қўшимча солиқ оқибатлари юзага келадими?”.

Саволга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

– Кешбэк – бу алоҳида акция бўлиб, товарлар ва хизматлар учун тўлов харажатларининг айрим қисмини қайтариш ҳисобланади. Харидор уни савдо шохобчасида олади ва кешбэк харидор товар учун тўлайдиган товар қийматига ҳеч қандай тарзда таъсир қилмайди.

Кўриб чиқилаётган ҳолда кешбэк дорихонанинг ҳамкори – кешбэк ташкилотчиси томонидан тўланади.

 

Мижоз

Харидор – жисмоний шахс кешбэк шартларида сотувчига чакана нархни тўлайди. Бунда сотувчи томонидан эълон қилинган ҳар қандай чегирмалар ва акциялар ҳисобга олинади. Агар савдо шохобчасида амал қилаётган барча чегирмалар ва акцияларни ҳисобга олган ҳолда товар, мисол учун, 15 минг сўм турса, харидор шу суммани тўлайди.

Жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартларида ўтказилган бонуслар (пул, баллар, бошқалар) шаклидаги маблағлар (cashback) ЖШДС базаси сифатида қаралмайди .

 

Савдо шохобчаси

Кўриб чиқилаётган ҳолда кешбэк дорихонанинг тушуми ва солиқ базасига таъсир қилмайди. Сотувларни НКМ орқали ўтказишда кешбэк бошқа амалдаги чегирмалар орасида ҳисобга олинмайди. Бунда дорихона Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом талабларига амал қилиши лозим.

 

Кешбэк ташкилотчиси

Кешбэк ташкилотчиси – бу бонус дастурлари ёрдамида мижозларнинг содиқлигини ошириш учун маркетинг воситаси. У сотувчиларга (ишлаб чиқарувчиларга) ўз товар ва хизматларини тарғибот қилиш, доимий мижозлар базасини кенгайтиришга, харидорларга эса – қўшимча наф олишга ёрдам беради.

Кешбэк учун харажатлар унинг ташкилотчилари учун иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бўлиши учун улар корхонанинг нарх, ҳисоб сиёсатлари билан муайян даврга (масалан, ҳисобот йилига) маркетинг ва реклама учун харажатларнинг белгиланган бюджети (сметаси) тарзида регламентланган бўлиши керак. Яъни ташкилотчи СКнинг 305-моддаси нормаларига риоя қилиши керак. Акс ҳолда бундай харажатлар қўшимча солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин – чегириб ташланмайдиган харажатларга олиб берилади .

Бундай харажатларни давр харажатлари – реализация қилиш бўйича харажатлар таркибида акс эттириш лозим (21-сон БҲМСга асосан – 9410 “Сотиш харажатлари” бухгалтерия счётида) .