Корхоналарга “яшил энергия” сертификатлари нима учун керак

preview

2023 йил 1 июлдан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган энергияни истеъмол қилиш меъёрини тўлиқ бажармаган юридик ва жисмоний шахслар етишмаган энергия улушини “яшил энергия” сертификатларини сотиб олган ҳолда қоплашлари мумкин. Бу Президентнинг 12.05.2023 йилдаги ПҚ-156-сон қарорида назарда тутилган. 

Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:

 

“Яшил энергия” сертификатлари қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди:

  • 2023 йил 1 июлдан бошлаб – “Ўзбекгидроэнерго” гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун;
  • 2023 йил 1 октябрдан бошлаб – қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун.

Генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, “яшил энергия” сертификатларини чиқариш, генерация объектларига бериш ва уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъулдир.

Бир дона сертификат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1 000 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди.

“Яшил энергия” сертификатлари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради, эркин муомалада бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ёки усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказилиши мумкин (сотиш, ҳадя қилиш ва ҳоказо). Улар электр энергияси сотилганда ёки бундай сотувга боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳам бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин.

Генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, ноёб идентификация рақамига эга бўлган “яшил энергия” сертификатларини чиқариш, уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш “Яшил энергия” сертификатлари ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.

“Яшил энергия” сертификатларини чиқариш, бериш, ҳисобдан чиқариш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ муносабатларга қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилмайди.

 

Фойда солиғи

“Яшил энергия” сертификатларини харид қилишга доир харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда СКга мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Эътибор беринг

Тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш учун “яшил энергия” банк молия продуктининг амалга киритилиши ҳақида биз бу ерда ёзганмиз: