Солиқчилар 5 йил учун транспорт хизматларига доир импорт контрактларини қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда

preview

Материалда:

– агар сизда норезидентлар билан тузилган шартномалар мавжуд бўлса, нимани ҳисобга олиш муҳим → → →

– солиқчиларга жавоб-хат матнида нималар бўлиши керак → → →

 

Мутахассисларнинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ бошқармалари Солиқ қўмитасининг топшириғига биноан чет эл ташувчиларининг транспорт хизматларидан фойдаланадиган ТИФ иштирокчиларига оммавий тарзда хатлар йўллашди. Хатларда охирги 5 йил учун доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган норезидентлар даромадларидан олинадиган солиқ бўйича топширилган ҳисоботларни мустақил равишда тузатиш юзасидан кўрсатма берилган.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига биноан мазкур хатга қандай тўғри муносабат билдиришни тушунтирди.

 

Солиқчиларнинг ўтган 5 йил учун ушбу контрактларга тўғри солиқ солинганлиги масалалари билан шуғулланишга тўсатдан қарор қилишлари ажаблантирди. Назаримда, Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомни бажариш доирасида шунга ўхшаш тарзда хатларни оммавий равишда йўллашни ҳар ойда амалга ошириш мумкин эди, сабаби банклар ахборотни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар юборади.

Бундан ташқари, эътиборингизни шунга қаратишни истардимки, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси хатларда солиқ тўловчи доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларидан олинадиган солиқ бўйича имтиёзни асоссиз қўллаган деб қатъий хулоса қилмоқда. Аммо шунга ойдинлик киритиб ўтаманки, бу ҳолда “имтиёз” сўзини қўллаб бўлмайди, сабаби бундай даромадлар халқаро шартномаларга мувофиқ озод этилиши (камайтирилиши) лозим. Мазкур даромадларга Ўзбекистонда (даромад тўлайдиган томон) ёки даромад олувчининг мамлакатида солиқ солиниши керак.

Мазкур хатга жиддий ёндашиш ва унга солиқчилар сўраганидек, 5 календарь кун ичида жавоб бериш лозим. Хат кўпчилик солиқ тўловчиларга 14 июлда келиб тушганлигини ҳисобга олсак – унчалик кўп вақт қолмаган.

 

Агар сизда норезидентлар билан тузилган шартномалар мавжуд бўлса, нимани ҳисобга олиш муҳим

Муаммо шундаки, норезидентлар билан тузилган контрактлар бўйича солиқ солишда нафақат Солиқ кодексини, балки иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномаларни ҳам диққат билан ўқиб чиқиш керак. СКнинг 2-моддасида белгиланишича, агар ЎзРнинг халқаро шартномасида Ўзбекистоннинг солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Солиқ тўловчилар  кўпинча халқаро шартномаларни диққат билан ўқиб тушуниб олишмайди. Қаердадир онг ости даражасида “шундай шартнома борми, демак, биз ушбу контракт бўйича ҳеч нарса тўлашимиз керак эмас, ҳаммасини контрагент ўзининг мамлакатида тўлайди” деган фикр бўлади. Ўзларининг ҳақ эканликларининг далили сифатида солиқ тўловчилар чет эллик ҳамкорларининг резидентлик сертификатини тақдим этадилар.

Ўзбекистон 54 мамлакат билан иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида шартномалар тузган. Айрим бундай шартномаларнинг мазмунидан Ўзбекистоннинг резиденти норезидентнинг даромадини озод қилиши мумкинлиги, яъни муайян транспорт турлари бўйича юк ва йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар учун солиқ агенти сифатида солиқни тўламасликка ҳақли эканлиги келиб чиқади.

Мисол учун, 24.03.2002 йилдаги 92-сон ВМҚ билан тасдиқланган, 2002 йил 11 ноябрдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида икки ёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида Конвенцияни олайлик. Конвенциянинг 8-моддасида бундай дейилган: Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг халқаро ташишларда денгиз ва ҳаво кемаларидан фойдаланиш натижасида олган фойдалари фақат шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади. Вазиятларга қўллаш мумкин бўлган мазкур қоидани кўриб чиқамиз.

1-вазият

Ўзбекистон компанияси Литва компаниясига халқаро ташишларда юкларни денгиз ёки ҳаво кемаларида ташиш учун тўловни амалга оширади.

Бу ҳолда Ўзбекистон компанияси солиқ агенти бўлган ҳолда ЎзРдаги манбалардан олинган даромадни озод қилишдан фойдаланишга ҳақлидир. Башарти контрагент томонидан СКнинг 354-моддасига ва СКнинг 358-моддаси талабларига мувофиқ Литва резидентлиги сертификати тақдим этилса, бунинг имконияти бўлади, сабаби мазкур даромадга фақат Литвада солиқ солинади.

2-вазият

Ўзбекистон компанияси Литва компаниясига халқаро ташишларда юкларни бошқа транспортда: темир йўл транспорти ёки автотранспортда ташиш учун хизматларга тўловни амалга оширади.

Ўзбекистон компанияси солиқ агенти бўлган ҳолда СКнинг 353-моддасига мувофиқ тўлов манбаида 6% ставка бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариши ва ушлаб қолиши керак.

3-вазият

Ўзбекистон компанияси халқаро ташишнинг ташкилотчиси сифатида транспорт-экспедиторлик компанияси хизматлари учун тўловни амалга оширади.

Бу ҳолда Конвенциянинг 8-моддаси қўлланилмайди ва 7-“Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар” моддасини қўллаш лозим. Контрагент томонидан СКнинг 354-моддасига ва СКнинг 358-моддаси талабларига мувофиқ Литва резидентлиги сертификати тақдим этилса, Ўзбекистон компанияси солиқ агенти бўлган ҳолда ЎзРдаги манбалардан олинган даромадни озод қилишдан фойдаланишга ҳақлидир.

Эътибор беринг: хатлар солиқ органларини қизиқтирган сизнинг контрагентларингиз рўйхати билан келиб тушган. Бир томондан, сизга осонроқ бўлади, барча контрагентлар орасидан излашга тўғри келмайди, бошқа томондан эса – бу солиқ органларида уларни қизиқтирган ахборот борлигига ишора. Катта эҳтимол билан, солиқчилар сизнинг контрактларингизни таҳлил қилиб бўлишган ва сиздан қандай жавоб кутишни билишади.

Ўйлайманки, хатлар – бу солиқ назорати доирасидаги биринчи қадам. Солиқчиларда шубҳа уйғотадиган барча ҳоллар ҳеч бўлмаганда камерал солиқ текширувлари билан тугаши мумкин. Кўриб чиқилаётган вазиятларда валютага доир қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолати бўйича сайёр солиқ текширувини тайинлаш учун ҳам асослар етарли.

 

Солиқчиларга жавоб-хат матнида нималар бўлиши керак

Ушбу 2-3 кунда сиздан нима талаб қилинади? Солиқ органларининг хатига бириктирилган барча шартномаларни яна бир бор қайта кўриб чиқинг. Норезидентларнинг даромадларини озод қилишда халқаро шартномаларнинг нормалари тўғри қўлланганлигини текширинг.

Ҳаммаси жойида бўлса, сиз ҳар бир контрагент кесимида халқаро шартнома нормаларини тўғри қўллаганлигингизни тушунтирган ҳолда бу ҳақда солиқчиларга ёзинг ва резидентлик сертификатларини бириктиринг.

Агар сиз қаердадир ниманидир хато қилган бўлсангиз, солиқ ҳисоботини қайта топширинг ва солиқ агенти сифатида чет эл компаниялари томонидан кўрсатилган транспорт хизматлари учун тўланган маблағлардан 6% ставка бўйича норезидентларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўланг. Ва бу ҳақда ҳам солиқчиларга алоҳида хатда ёзинг.

Шуни назарда тутишингиз лозимки, СКнинг 354-моддасига асосан солиқ суммаси ушлаб қолинмаганда ёки ЎзРнинг халқаро шартномаси қоидалари ғайриқонуний равишда қўлланилганда солиқ агенти қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ушлаб қолинмаган солиқ суммасини ва пеняни бюджетга киритиши шарт.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади