Қачон маркетинг агентлиги фойда солиғини ноль даражали ставка бўйича тўлайди

preview

“Бизда турк компанияси билан контракт мавжуд бўлиб,   у бўйича маркетинг хизматларини кўрсатамиз (ҚҚСсиз бир томонлама ҳисобварақ-фактура). СКнинг 241-моддасига асосан мазкур ҳолда Ўзбекистон реализация қилиш жойи ҳисобланиши тўғрими? 

Шунингдек, маҳаллий ташкилот билан маркетинг хизматларига доир шартнома мавжуд (ҚҚС билан). Биз бутун фойдага ноль даражали ставка бўйича солиқ солишимиз мумкинми? Ёки фақат хизматлар экспортидан келиб тушадиган фойда суммасига ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Амалиётчи мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Агар ташкилот чет эл компаниясига хизматлар кўрсатса, ушбу операция хизматлар экспорти деб эътироф этилади .

Агар хизматлар харидорлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .

Агар харидор Ўзбекистонда юридик шахсни (унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини) давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, Ўзбекистон хизматлар харидорининг фаолиятни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади.

Харидор давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, харидорнинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиши юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой ёки уни бошқариш жойи, унинг доимий муассасаси жойлашган жойи (агар хизматлар ушбу доимий муассаса орқали олинган бўлса) асосида белгиланади .

Ўзбекистонни реализация қилиш жойи деб эътироф этишнинг алоҳида ҳоллари СКнинг 241-моддаси 3-қисмида белгиланган. Мазкур модда маркетинг хизматларини назарда тутмайди.

Тегишинча, сиз томондан турк компаниясига кўрсатиладиган маркетинг хизматлари Ўзбекистонда реализация қилинган ҳисобланмайди. Агар ушбу хизматларни турк компанияси ўзининг Ўзбекистондаги доимий муассасаси ёки Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали сотиб олса, бу ҳолда хизматларни реализация қилиш жойи – Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади.

Шунингдек, агар маркетинг хизматлари асосий хизматларга (мисол учун, уларни кўрсатишда Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган, Ўзбекистон ҳудудида кўрсатиладиган реклама хизматларига) нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, маркетинг хизматларига нисбатан ҳам Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .

Товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдага қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда 0% ставка бўйича солиқ солинади:

  • экспортдан олинган валюта тушуми келиб тушиши керак;
  • валюта тушумининг келиб тушиш муддати товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 кундан ошмаслиги керак.

Фойда солиғининг 0% ставкаси фақат экспорт қилишдан олинган даромадга нисбатан қўлланилади.

Маҳаллий компанияга хизматлар кўрсатишдан даромад олишда фойда солиғининг 15% ставкаси қўлланилади. Бу ҳолда ҚҚС ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади, сабаби Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (хизматлар харидори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни амалга оширади ва туради).