Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқчилар ҳисобга олинган ҚҚС суммасини қайтаришни сўрашса, нима қилиш керак
“Текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарнома олдик, унда солиқчилар бизнинг контрагентимиз 2022 йилда ва 2023 йилнинг январь ойида ҚҚС тўламаганлиги ҳақида хабар қилишган. Солиқчилар шу асосда биз мазкур контрагент билан тузилган шартномалар бўйича ҳисобга олинган суммаларни қайтаришимизни исташяпти.
Мазкур вазиятда қандай йўл тутган яхши: солиқчиларнинг талабларига рози бўлишимиз керакми? Ёки битимни амалга ошириш пайтида бизнинг контрагентимиз шубҳали корхоналар жумласида бўлмаганлигини кўрсатган ҳолда, норозилик билдириш лозимми? Бизнинг талабларнинг ноқонунийлиги тўғрисидаги далилларимизга қулоқ солишлари имконияти қандай?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Бундай вазиятда қандай йўл тутишни ўзингиз ҳал қиласиз: ёки солиқчиларнинг далилларига рози бўласиз ва қўшимча ҳисобланган суммани тўлайсиз ёхуд солиқчиларга норозилик билдирасиз ва ўзингизнинг ҳақ эканлигингизни исботлайсиз.
Агар сиз солиқчиларнинг фикрига қўшилсангиз, 10 кун ичида ҳисобланган суммани тўланг ва солиқ ҳисоботини қайта топширинг. Агар қўшимча ҳисобланган суммадан норози бўлсангиз, бу ҳолда ҳам текширувдан олдинги таҳлил юзасидан хабарномага 10 кунлик муддатда жавоб бериш керак .
Солиқчиларга жавобда фикр ва далил-исботларингизни ҳужжатлар билан тасдиқлашга ҳаракат қилиш керак. Шунчаки битимни амалга ошириш пайтида сизнинг контрагентингиз шубҳали корхоналар жумласида бўлмаганлиги тўғрисидаги хабар масъул ходимларнинг фикрига таъсир кўрсатиши амри маҳолдир.
Бундай вазиятда сизнинг контрагентингиз солиқлари бўйича солиштириш далолатномалари, контрагент билан ёзма шартномалар, бажарилган ишлар далолатномалари, битимнинг ҳақиқийлигини исботловчи ҳар қандай ҳужжатлар ва ҳар қандай ёзувлар исботловчи базани ташкил этиши мумкин.
Ушбу рўйхатда муҳим ҳужжатлар – сиз билан шартнома тузиш пайтида ва ҳисобварақ-фактура имзоланган ой учун контрагент томонидан солиқ ҳисоботи топширилиши натижалари бўйича контрагентингиз солиқлари бўйича солиштириш далолатномалари. Улар – сиз томондан шартнома бўйича олинган пуллардан солиқлар тўланганлиги исботи ҳисобланади. Амалиётнинг кўрсатишича, мазкур далолатномалар суд учун солиқ тўловчининг фойдасига қарор қабул қилиши учун ҳар доим асос ҳисобланади.
Контрагентдан сизга шартнома тузиш пайтида ва ҳисобварақ-фактура имзоланган ой учун солиқ ҳисоботи топширилиши натижалари бўйича солиштириш далолатномаларини тақдим этишини сўранг. Табиийки, мазкур солиштириш далолатномалари бўйича контрагентда ҚҚС тўлови бўйича қарздорлик бўлмаслиги керак.
Бухгалтерлар эътироз билдиришлари мумкин: харидор солиқларни тўлаш бўйича солиштириш далолатномасини тақдим этиши шартлиги ҳеч қаерда айтилмаган. Ҳақиқатан, шундай. Аммо сотувчи харидордан бундай ҳужжатни тақдим этишни сўрашга ҳақли, харидорга эса, агар у инсофли солиқ тўловчи бўлса, буни амалга ошириш мураккаб бўлмайди. Бунинг учун у фақатгина солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириши ва тегишли далолатномани қоғозга босиб чиқариши лозим бўлади. Бундай далолатнома солиқ органларининг ахборот тизимлари томонидан автоматик тарзда шакллантирилади.
Қачон контрагентдан солиштириш далолатномаларини олиш ташвишини қилиш керак – битимни амалга ошириш пайтидами ёки биз солиқчиларга ҳақ эканлигимизни исботлаш керак бўлган пайтдами? Контрагентларингиздан шартнома тузиш пайтида ва ҳисобварақ-фактура имзоланган ой учун солиқ ҳисоботи топширилиши натижалари бўйича солиқлар бўйича солиштириш далолатномаларини олишни тавсия қиламиз. Темирни қизиғида босинг. Контрагентдан барча қоғозлар ва маълумотномалар ҳозирча у фаол фаолият кўрсатаётган пайтда олиниши лозим. Вақти келиб ҳолатлар ўзгариши ва мисол учун, бу контрагентдан солиштириш далолатномаларини олишни қийинлаштириши ёки имконсиз қилиши мумкин.
Ким биринчи бўлиб судга бориши керак: солиқчиларми ёки солиқ тўловчими? Агар солиқчилар сиз томондан тақдим этилган далил-исботлар етарли эмас деб ҳисоблашса ва ўзларининг айтганларида туриб олишса, иш кўпроқ кўриб чиқиш учун судга топширилади. Судга биринчи бўлиб ким бориши керак, деган саволга жавоб сиз солиқчилардан олган хабарномада нима ёзилганлигига боғлиқдир.
Агар хабарномада солиқчилар СКнинг 14-моддасига ҳавола беришса, демак, улар сизнинг норозилингиз тўғрисидаги хатни олишгандан сўнг, мазкур модда асосида улар судга ҳужжатларни тайёрлашлари керак. Ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимларни аниқлаш даъво предмети бўлади.
Хабарномада СКнинг 14-моддасига ҳавола берилмаган бошқа вариант ҳам бўлиши мумкин. Солиқчилар шунчаки нима аниқланганлиги, уларда шубҳа борлиги ҳақида сизни хабардор қилишади. Бу ҳолда солиқ тўловчи суд муҳокамаси ташаббускори бўлиши керак. У хабарномада баён этилганлар устидан шикоят бериши керак. Агар бу мазкур босқичда амалга оширилмаса, текширувларни кутинг: эртами-кечми сиз ўзингизнинг ҳақ эканлигингизни исботлашингизга тўғри келади. Бунда, қанчалик кўп вақт ўтган бўлса, шунчалик мураккаб бўлади.
Buxgalter Pro тавсиялар базасида солиқ тўловчилар солиқ органларидан хабарнома олган вазиятлар билан боғлиқ 17 та материал мавжуд.
Сиз уларда муаммони қандай ҳал қилиш юзасидан жавоблар ва солиқчиларга хатлар намуналарини топасиз: