Божхона қиймати контракт қийматидан кўп бўлса, импорт қилинган хом ашё ва ҚҚС қандай ҳисобланади

preview

“Корхона хом ашёни импорт қилди. Инвойс бўйича хом ашёнинг қиймати – 11 000 минг сўм (1 000 АҚШ доллари). Божхона қиймати – 33 000 минг сўм (3 000 АҚШ доллари). Корхона томонидан тўланган ҚҚС суммаси – 3 960 минг сўм.

Корхона хом ашёни қандай қиймати бўйича кирим қилиши керак – инвойсда кўрсатилган қиймати бўйичами ёки БЮДда кўрсатилган божхона қиймати бўйичами? Ҳисобга олишга қабул қилинадиган ҚҚСни қайси суммадан ҳисоблаб чиқариш керак? Суммалардаги фарқ – 2 640 минг сўм – 9430 счёти дебети бўйича харажатларга олиб борилади ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланадиган харажат ҳисобланмайдими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Сизнинг вазиятингизда хом ашёни контракт қийматидан (инвойсга асосан) келиб чиққан ҳолда кирим қилиш лозим. ҚҚС эса, агар ҳисобга олишнинг барча шартларига риоя қилинган бўлса, божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олишга қабул қилинади.

Товар-моддий захиралар ташкилотнинг балансига таннархи бўйича киритилади, у харид қийматини (етказиб берувчига тўланадиган сумма) ва харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади .

Товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ва уларнинг таннархига киритиладиган харажатларга қуйидагилар киритилади :

  • божхона божлари ва йиғимлари;
  • ушбу захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари, агар улар қопланмаса. Масалан, ҚҚС суммалари бу солиқни тўламайдиганларда ёки ҳисобга олиш шартлари бажарилмаган, тегишинча, ҚҚС ҳисобга олинмаган бўлса, харажатларга олиб борилади;
  • ушбу захиралар таъминотчи ва воситачи ташкилотлар орқали харид қилинганда уларга тўланадиган тўловлар (воситачилик ҳақи);
  • захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган товар-моддий захираларни сертификатлаш ва уларни техник шартларга мувофиқ синаш бўйича харажатлар;
  • захираларни тайёрлаш ва уларни айни пайтдаги жойлашиш ёки фойдаланиш жойига етказиб бериш бўйича транспорт-тайёрлов харажатлари. Улар тайёрлаш, юклаш-тушириш ишлари ва товар-моддий захираларни барча турдаги транспорт билан уларни айни пайтдаги жойлашиш ёки фойдаланиш жойига транспортда ташиш учун (фрахт) тўловларни амалга ошириш бўйича харажатлар, шу жумладан транспортда ташишда хатарларни суғурталаш бўйича харажатлардан ташкил топади;
  • захираларни харид қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

Импорт қилинган хом ашё бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун қуйидаги ҳисобга олиш шартларига бир вақтда риоя қилиниши керак :

– хом ашёдан реализация қилиш бўйича айланмасига ҚҚС солиниши, шу жумладан ноль ставка бўйича солиқ солиниши лозим бўлган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш чоғида фойдаланилади;

– солиқ бюджетга тўланган.

Агар мазкур шартларга риоя қилинса, сиз божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақлисиз (уни бюджетга тўлаш шарти билан). Бунда божхона ва контракт қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқдаги фарқни аниқлаш керак эмас.