Солиқ органининг ҚҚСнинг манфий фарқи тўғрисида хабарномасига қандай жавоб бериш керак

preview

Солиқ органи йўллаган хабарномада  корхонада аниқланган ҚҚСнинг манфий фарқи тўғрисида хабар берилиб, ҳисобварақ-фактураларни қайта текширишни талаб қилмоқда.

Бундай хабарномага қандай қилиб тўғри жавоб бериш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди.

 

Солиқ маслаҳатчиларининг тавсияларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Энг аввало, барча олди-сотди битимлари ҳисобварақ-фактуралар билан СКнинг 47-моддасида талаб қилинганидек расмийлаштирилганлигини текширинг.

Агар битимлардан қайсидир бири расмийлаштирилмаган бўлса – буни тузатиш керак. Агар мазкур битим бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган бўлиши керак бўлса, дастлаб шахсий кабинет орқали ташкилот рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига ўтган солиқ даври учун ЭҲФ тақдим этишнинг техник имкониятидан фойдаланиш  илтимоси билан мурожаат қилинг.

Солиқ органига бундай мурожаатнинг тартиб-таомили бу ерда ёзилган (у ўтган давр учун ЭҲФ тақдим этиш ва бир йилдан ортиқ муддат олдинги ЭҲФга тузатиш киритиш керак бўлган вазиятлар учун бир хил).

 

Хабарномага жавоб бериш ёки бермасликни ўзингиз ҳал қиласиз – солиқчилар хабарномада буни сўрашмаган.

Агарда сизда барча ҳисобварақ-фактуралар жойида бўлса ва бунда ҚҚСнинг манфий фарқи мавжуд бўлса, солиқ органига мазкур манфий фарқ қаердан пайдо бўлганлиги батафсил тушунтирилган хатни юбориш мумкин. Манфий фарқ – бу бир қатор ҳолларда меъёрдаги ҳодиса. Асосийси, сизда ҳаммаси тўғри расмийлаштирилган бўлиши лозимдир.

Мижозларим тажрибаси билан бўлишишим мумкин: солиқчилар солиқ тўловчилардан бундай тушунтиришни қабул қилишади ва ҳатто унга жавоб ҳам беришади. Аммо жавобда фақатгина ахборот маълумот учун қабул қилинганлиги хабар қилинади. Бундан солиқчилар сизнинг далилларингизга қўшилишлари ёки ундан норози эканликлари тушунарсиз бўлади.

Ҳар қандай ҳолда сизнинг тушунтиришингиз-хатингиз бу вазиятда ҳал қилувчи ҳужжат эмас. Солиқчилар хабарномада ҚҚСнинг манфий фарқи мавжуд бўлган тақдирда ҳар қандай ҳолда камерал текширув тайинланиши ҳақида огоҳлантиришади. Айнан унинг натижаларини кутиш керак.

Агар камерал текширув чоғида солиқ базасини яшириш аломатлари аниқланган бўлса, СКнинг 223-моддасига мувофиқ ташкилотга яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади.

Яна бир бор таъкидлайман, агар сиздаги манфий фарқ – сизнинг қонуний ҳаракатларингиз оқибати бўлса, камерал текширув ҳамда жарималардан қўрқиш керак эмас. Агар текширув ҳуқуқбузарликлар мавжуд эмаслигини тасдиқласа, жарималар ҳам бўлмайди.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади