СОРЖ-199 қарздорлигини солиқлар бўйича ортиқча тўлов ҳисобидан сўндириш мумкинми

preview

“Солиқ текшируви якунлари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар, пеня ва жарималарни тўладик. Аммо шахсий ҳисобварақада 199 коди бўйича қарздорлик – СОРЖга тўлов акс эттирилган. 

Бу қандай тўлов, у қаердан олинган? Уни солиқлар бўйича ортиқча тўлов ҳисобидан сўндириш мумкинми?”

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

СОРЖга тўлов нима

СОРЖ (Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси) – Солиқ қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси. 09.10.2018 йилдаги 811-сон ВМҚга илова бўлган Низомнинг 2-бандига мувофиқ  қуйидаги ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширишлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар (Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказиладиган маблағлардан ташқари), шу жумладан, пенялар ҳамда солиқ қонунчилигини бузганлик учун қўлланилган молиявий жазо чоралари суммаларининг 40 фоизи;
  • солиқ органлари томонидан тегишли маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган жарималар суммасининг 40 фоизи;
  • солиқ хизмати томонидан мусодара қилинган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушадиган маблағларнинг 25 фоизи.

Мазкур суммалар махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. СОРЖга тўловлар ҳақида “СОРЖ-199 бўйича қарзни нима қилиш мумкин?” маслаҳатида батафсил ўқинг.

 

Нима учун СОРЖга дарҳол тўлаган яхши

Сиз барибир ушбу ҳисобланган суммаларни тўлашингизга тўғри келади, акс ҳолда солиқ органларининг ахборот тизимлари сизда солиқлар ва улар билан боғлиқ тўловлар бўйича қарздорликни кўрсатади. Бу энг ноқулай пайтда кўнгилсиз янгиликка айланиши мумкин. Шу боис ҳисобланган суммаларни имкон қадар тезроқ сўндиришни тавсия қиламиз.

 

Қандай қилиб СОРЖга тўловни солиқлар бўйича ортиқча тўлов ҳисобидан сўндириш мумкин

СОРЖга тўловни солиқлар бўйича ортиқча тўлов ҳисобидан сўндириш мумкин. Бунинг учун my.soliq.uzдаги “Юридик шахс солиқларининг ортиқча тўланган (ундирилган) суммасини қайтариш ва ҳисобга олиш” интерактив хизматидан фойдаланиш лозим.

“Автохулоса” функциясини ёқинг. Агар сизда тўловларнинг бир тури бўйича қарздорлик ва бошқа тури бўйича ортиқча тўлов мавжуд бўлса, тизим автоматик тарзда маблағларни олиб ўтишни амалга оширади.

Ортиқча тўловлар мавжуд бўлмаса ёки сумма СОРЖга қарздорликни қоплаш учун етарли бўлмаса, қарз қолади. Корхонада қарз ҳисобда бўлмаслиги учун уни имкон қадар тезроқ тўлаш керак.