Хизматлар электрон шаклда импорт қилинса, ҚҚСга ўтиш керакми

preview

«Корхонамиз айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси ҳисобланади. Биз белорус компаниясидан дастурий маҳсулот сотиб олишни режалаштирганмиз. СКнинг 255-моддасига мувофиқ электрон хизматлар импорти учун ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келади.

Импорт дастурий маҳсулотни сотиб олаётганда айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси мақомини йўқотмаймизми? Ушбу битим умумий белгиланган солиқларга ўтиш мажбурияти билан товарларни олиб кириш сифатида кўрилмайдими?» 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитасининг солиқ солиш методологияси департаменти мутахассислари изоҳлашди:

 

Солиқ маслаҳатчиларининг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга айланмадан олинадиган солиқ татбиқ қилинмайди .

Дастурий таъминотдан (шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), шунингдек маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан Интернет тармоғи орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни тақдим этиш электрон шаклдаги хизматларга киради .

Агар сизнинг корхонангиз дастурий таъминотдан электрон шаклда фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олса, яъни сизга маҳсулотни Интернет орқали юклаб олиш, фаоллаштириш учун пароллар ёки калитлар тақдим этилса, у ҳолда сизда ҚҚС тўлашга ўтиш бўйича мажбурият юзага келмайди.  Аммо, агар дастурий таъминот сизга дискда ёки флеш-ташувчида (флешкда) юборилса, сиз ҚҚС тўлашга ўтишингиз керак бўлади, чунки  Ўзбекистон чегараларидан товар кесиб ўтиши амалга ошади.

 

Норезидент даромадидан фойда солиғи

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи учун норезидентга қилинган тўлов роялти ҳисобланади. Роялти солиқ агентида норезидент даромадидан солиққа тортилади .

Агар етказиб берувчи солиқ резиденти саналган мамлакат билан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома мавжуд бўлса, солиқ агенти Солиқ кодексининг 357-моддасига мувофиқ унинг нормаларини қўллаши мумкин.

 

ҚҚС

Дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи харидори – ўзбек корхонаси. ҚҚС солиғини солиш мақсадида Ўзбекистон хизматларни сотиш жойи саналади .

Ўзбекистон корхонаси солиқ агенти сифатида ҚҚСни ҳисоблаши, чет эл корхонасидан ушлаб қолиши ва бюджетга тўлаши керак. Агар шартнома Ўзбекистон бюджетига тўланадиган ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, солиқ агенти уни ўз ҳисобидан тўлайди.

ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати Солиқ кодексининг 37-бобига мувофиқ тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради .