Полезное для бухгалтера в ноябре:
Импорт қилинган товар БЮД маълумотларига тўғри келмаса, нима қилиш керак
“Импорт қилинган юк яроқсиз бўлиб чиқди. Бизнинг чет эллик ҳамкоримиз уни иккинчи навли товар сифатида қабул қилиш ва унга иккинчи навли товар сифатида тўловни амалга оширишни илтимос қилди. Биз шундай қилдик. Аммо БЮДда товар биринчи навли товар сифатида акс эттирилган.
ТСОЯЭАТда бизда нархдаги фарққа нисбатан кредиторлик қарзи ҳосил бўлди. Агар биз қарздорликни ҳисобдан чиқарсак, даромадни тан олишимиз ва ушбу даромадни фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олишимизга тўғри келади. Биз ушбу қарздорликни ТСОЯЭАТда қандай ҳисобдан чиқаришимиз мумкин?
Ушбу иккинчи навли товарни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш мумкин?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Божхона қўмитасининг Валюта назорати бошқармаси мутахассислари жавоб беришади:
– Сизнинг вазиятингизда битимнинг шартлари ўзгармоқда, бу контрактга қўшимча келишув билан расмийлаштирилган бўлиши керак. Қўшимча келишув ТСОЯЭАТда акс эттирилади.
БЮДдаги товарнинг хусусиятлари ва нархи ҳақиқийларига мувофиқ келмаслиги боис, сиз БЮДга тузатиш киритиш юзасидан божхона органларига мурожаат қилишингиз лозим.
БЮДга ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш ёки чақириб олиш, хусусан, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;
- контракт шартлари ўзгарганда, бундан товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига расмийлаштирилиб, контракт шартлари тўлиқ бажарилган ҳолатлар мустасно;
- БЮДга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш учун асос мавжуд бўлганда .
БЮДга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун :
- мурожаат этилаётган йилда расмийлаштирилган БЮДга божхона тўловлари суммаларини қайтариш билан боғлиқ бўлмаган БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш юзасидан – БЮД рўйхатга олинган божхона пости бошлиғига;
- бошқа ҳолларда БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш юзасидан – БЮД расмийлаштирилган ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғи ёки унинг ўринбосарига ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилинг.
Аризада БЮДнинг рўйхат рақамини, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш заруриятининг аниқ сабабларини кўрсатинг, шунингдек аризага тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик ариза берувчи зиммасига юклатилади.
Аризани кўриб чиқиш муддати – 15 кундан бир ойга қадар.
Божхона органи БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш учун асослар мавжуд бўлмаган ёхуд тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда уларни киритишни рад этишга ҳақли. Рад этишнинг асосланган сабаблари ариза берувчига ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.
Божхона органи БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишнинг асосланганлигини аниқласа, БЮДдаги хато ва (ёки) камчиликларни бартараф этиш бўйича БДТ ва (ёки) қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан ариза берувчига ёзма ёки электрон шаклда жавоб хати юборилади. Жавоб хати олинганидан сўнг 5 кундан кечиктирмай божхона органига БДТ ва (ёки) тегишли ҳужжатларни тақдим этиш керак.
Тузатиш киритилган маълумотлар ТСОЯЭАТда акс эттирилади, бу қарздорликнинг бекор қилинишига олиб келади.
Бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади
Ушбу саволга “Норма” экспертлари жавоб беришади:
Агар сиз БЮДни қайта расмийлаштирсангиз, сиз товарни ҳисобда унинг БДТдаги қийматидан келиб чиқиб, харид қилиш билан боғлиқ ҳамроҳ харажатларни киритган ҳолда акс эттирасиз. Шу тариқа, ҳисобда ортиқча қарздорлик юзага келмайди.
Агар БЮД қайта расмийлаштирилмаса, сиз товарни бошланғич БЮДда кўрсатилган қийматдан келиб чиққан ҳолда акс эттиришингиз лозим.
Шундан сўнг, олинган товар хусусиятларининг шартномада кўрсатилган хусусиятларга номувофиқлиги факти аниқланганлиги боис, товар нархини реализациянинг соф қийматигача (жорий қийматигача) пасайтириш зарур. Товарларнинг жорий қийматини ҳужжатлар билан тасдиқлаш учун ишлаб чиқарувчидан ёзма шаклда олинган маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Бунда қайта баҳолашни ўтказиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган чет эл валютаси курсини ҳисобга олиш лозим .
Товарлар нархининг пасайиш суммаси у юзага келган ҳисобот даврининг харажатларига киритилади (Дт 9430 –Кт 2910) . Нархнинг пасайиш суммаси фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайдиган харажатларга олиб борилади .
Етказиб берувчи олдидаги қарздорлик даромадга ҳисобдан чиқарилади ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда жами даромадга киритилади (Дт 6010 – Кт 9390) .
ТСОЯЭАТда қарздорлик бошқалар қатори, қуйидаги ҳолларда умидсиз қарздорлик деб эътироф этилади :
- суд қарори. Қарздорлик хўжалик юритувчи субъектнинг мажбуриятларининг тугатилганлиги тўғрисида суд қарори билан тасдиқланади;
- умумий даъво қилиш муддатининг ўтганлиги. Қарздорлик хўжалик юритувчи субъектнинг қарздорлик умумий даъво қилиш муддатининг ўтганлиги натижасида даромадга олиб борилгалиги тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланади;
- қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келганлиги. Қарздорлик шартнома тарафларидан бири томонидан иккинчи томонга шартнома суммасини 5%гача камайтириш учун чегирма берилганлиги тўғрисидаги кредит-нота билан тасдиқланади.
Қарздорликни ҳисобдан чиқариш тартиби махсус Низомнинг 3-бобида белгиланган.