Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Камерал солиқ текшируви тўғрисидаги ахборот govcontrol.uz сайтида бўлиши керакми
“Текширув тўғрисидаги ахборот govcontrol.uz - текширувларни электрон рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган сайтда мавжуд эмаслиги асосида камерал солиқ текшируви натижаларини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш мумкинми?”
Камерал текширувлар билан боғлиқ вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– Йўқ, камерал текширув натижаларини ушбу асосда ҳақиқий эмас деб эътироф этиб бўлмайди. Камерал текширувлар алоҳида ҳисобда.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон Қонун) 39-моддасида шундай дейилган: тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт, бундан камерал солиқ текширувлари мустасно.
Солиқчилар шу асосда камерал текширувларни govcontrol.uz сайтида рўйхатдан ўтказишлари керак эмас.
Ушбу сайтда сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити тўғрисида маълумотлар мавжуд, сабаби қонун ҳужжатларида уларга нисбатан бундай истиснолар назарда тутилмаган.
Соддалаштирилган текширувнинг мураккабликлари...
Камерал текширувларни Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиш тўғрисидаги талабнинг мавжуд эмаслиги камерал текширув учун қонун ҳужжатларидаги ягона “истисно”. Соддалаштирилган текширувга шундай мақомни бермайдиган бошқалар ҳам мавжуд.
Мисол учун, Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчида солиқ аудити натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган суммаларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи мавжуд
. Камерал текширувга нисбатан солиқ тўловчида бундай ҳуқуқ йўқ. Солиқчиларнинг хулосасига рози бўлсангиз – дарҳол тўланг. Баъзан камерал текширув натижалари бўйича катта миқдорда қўшимча суммалар ҳисобланишини эътиборга олган ҳолда, бу долзарб муаммодир.
Солиқ кодексида камерал текширув далолатномаси қандай расмийлаштирилиши, ушбу текширув қандай кўриб чиқилиши ва қарор қандай чиқарилиши юзасидан тўғридан-тўғри модда мавжуд эмас. Фақатгина 138-модданинг 24-қисмида Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши ҳақида ҳавола мавжуд.
Шу тариқа, камерал солиқ текширувини ўтказиш, уни кўриб чиқиш ва қарор чиқариш тафсилотлари 07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомда назарда тутилган. Низомда солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Солиқ кодексининг 165-моддасига мувофиқ кўриб чиқилиши ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор Солиқ кодексининг 166-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилиниши кўрсатилган. Аммо ҳеч бўлмаганда битта тартиб-таомил бўйича: камерал солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органи текширув далолатномаси тузилишидан олдин ва кейин – камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабнома юбориши керак бўлганда ноаниқликлар юзага келади. Амалиётда солиқчилар шундай қилишади.
Солиқ тўловчи шуни билиши лозимки, солиқ текшируви материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади. Сўнгра солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижаларидан рози бўлмаган тақдирда ўзининг ёзма эътирозларини юбориши керак
. Яъни 10 кунлик муддатда у тақдим этилган қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлаши ёки солиқчиларга хат ёзиб, унда қўшимча ҳисобланган суммаларга нисбатан ўз позициясини асослаб бериши керак. Муддатни ўтказиб юбормасликнинг ягона усули – солиқ тўловчининг шахсий кабинетига келиб тушадиган хатларни эътибор билан ва ҳар куни текшириш.
Назаримда, 07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомда талабнома камерал солиқ текшируви далолатномаси тузилишидан олдин юборилиши кераклиги борасида нормани белгилаш лозим. Бу солиқ органлари ходимлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг вақтини қисқартириш имконини беради.
Мисол учун, корхонага солиқ текшируви далолатномаси расмийлаштирилганидан кейин талабномани топширишди – солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида эътирозларини ёки ўзининг позициясини асослашни икки марта ёзади: далолатномага ва талабномага.
Солиқ тўловчи рози бўлган тақдирда ҳисоботларни қайта топширади ва яна рози эканлиги юзасидан далолатнома ва талабномага икки марта хат ёзади. Шундан кейин, солиқ текшируви материали солиқ органида рўйхатга олинганлиги боис, солиқчилар СКнинг 165-моддасига биноан солиқ тўловчининг жавобини кўриб чиқиши ва СКнинг 166-моддасига биноан қарор чиқариши шарт. Бундай қарорлар ноль миқдордаги қўшимча ҳисобланган сумма билан чиқарилади.
Охирги ҳолатдан кўринадики, ҳақиқатда солиқ текшируви далолатномасини тузишдан олдин шунчаки талабнома юбориш мумкин бўлган – бу солиқ тўловчининг вақти ва асабларини тежаган бўларди ва сарсонгарлик камроқ бўларди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади
![]()