Даромад 500 млн сўмдан ошганда қатъий белгиланган солиқ қандай қайта ҳисобланади

preview

“2023 йилнинг бошида жами даромади 500 млн сўмдан ошмайдиган корхона қатъий белгиланган суммадаги айланмадан олинадиган солиқни танлади. Солиқ кодексига асосан уларни тенг миқдорда ҳар ойлик тўловларга бўлган ҳолда бир йил мобайнида 20 млн сўм тўлаши керак бўлган. Аммо октябрь ойида корхона танланган доирадан чиққанлиги ва унинг жами даромади 500 млн сўмдан ошганлиги ойдинлашди.

Солиқчиларнинг таъкидлашича, солиқ 30 млн сўм миқдоридаги қатъий белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқарилиши керак. Солиқчилар ҳақми?”

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқчилар ҳақдир, уларнинг талаблари қонуний ва Солиқ кодексига мувофиқ келади.

Йил бошида қатъий белгиланган суммадаги айланмадан олинадиган солиқни танлаган солиқ тўловчилар солиқни тўлаш тартиби белгиланган СКнинг 470-1-моддасини ўрганиб чиқишлари муҳим бўлган.

СКнинг 470-1-моддасида: агар солиқ даври давомида қатъий белгиланган суммадаги солиқ тўловчининг жами даромади 500 млн сўмдан ошса, у ҳолда қатъий белгиланган суммадаги солиқ суммаси бундай ошиш рўй берган ойдан бошлаб жорий солиқ даврининг охирига қадар жами даромади 500 млн сўмдан ортиқ бўлган солиқ тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилади, дейилган.

 

Айланмадан олинадиган солиқ қандай қайта ҳисоблаб чиқарилади – мисол

Корхона йил бошида 20 млн сўм ставка бўйича солиқни танлади, сабаби ўша пайтда унинг жами даромади йилига 500 млн сўмдан ошмаган эди. Йил жуда муваффақиятли бўлди ва октябрь ойида жами даромади 500 млн сўмдан ошди. Бинобарин, солиқ йилига 30 млн сўм ставкадан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқарилиши керак.

Йил бошидан корхона солиқни ҳар ойда 1 666 666, 67 (20 000 000 : 12) сўм миқдорида тўлади. Октябрь ойига қадар корхона йил бошидан жами 15 000 000 сўм солиқни (1 666 666, 67 х 9) тўлади.

Октябрь ойида корхона бир йилда 500 млн сўмдан ортиқ даромад олганлиги боис, солиқ йилига 30 млн сўм ставкадан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқарилиши керак. Бу шундай амалга оширилади:

30 000 000 (йиллик ставка) – 15 000 000 (йил бошидан тўланган солиқ) = 15 000 000 (йил охирига қадар тенг қисмларда тўланиши керак бўлган солиқ суммаси).

Жами даромад октябрь ойида 500 млн сўм чегаравий миқдорга етди, йил охирига қадар 3 ой қолади. Солиқ кодексига асосан, солиқ ҳар ойда тенг қисмларда тўланади. Йил охирига қадар ҳар ойлик тўлов суммасини ҳисоблаб чиқарамиз:

15 000 000 : 3 = 5 000 000 сўм.

2023 йилнинг октябрь, ноябрь, декабрь ойларида корхона ҳар ойда 5 млн сўмдан қатъий белгиланган суммадаги айланмадан олинадиган солиқни тўлаши керак.