ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишда қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ қандай тўланади

preview

“Жамият 2023 йил апрель ойида ташкил этилди. Ташкил этилган пайтдан бошлаб қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўладик. 31 июлда айланмалар 1 млрд сўмдан ошди ва биз ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтдик, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олдик. Июль учун айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек ҚҚС ва фойда солиғини тўладик.

Сентябрь ойида таъсисчи корхонани ёпишга қарор қилди. Солиқ органлари 1 млрд сўм суммасидан 4% ставка бўйича қўшимча айланмадан олинадиган солиқ ҳисоблашмоқда. Бу тўғрими?” 

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Сизнинг вазиятингизда қатъий белгиланган суммадаги айланмадан олинадиган солиқ йиллик 30 млн сўм ставкадан келиб чиққан ҳолда, апрель-июль ойлари учун тўланган бўлиши керак.

Янги ташкил этилган солиқ тўловчилар давлат рўйхатидан ўтиш чоғида қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўлашни танлашга ҳақли . Агар корхонангиз буни амалга оширган бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтгунга қадар қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли бўлган.

Агар сиз давлат рўйхатидан ўтиш чоғида қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўлашни танламаган бўлсангиз, кейинги ой бошланишига қадар 10 кундан кечиктирмай солиқ органини қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтиш ҳақида хабардор қилишингиз мумкин эди .

Агар календарь йил давомида қатъий белгиланган суммадаги солиқ тўловчининг жами даромади 500 млн сўмдан ошса, у ҳолда солиқ суммаси у ошган ойдан бошлаб жорий йилнинг охирига қадар жами даромади 500 млн сўмдан ортиқ бўлган солиқ тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкасидан, яъни 30 млн сўмдан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилади  .

Қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга календарь йил мобайнида ўтилган тақдирда, солиқ миқдори қатъий белгиланган суммани 12 га бўлиш ва олинган натижани жорий йилнинг якунига қадар қолган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади .

Календарь йил давомида қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишда қатъий белгиланган суммадаги солиқ суммаси ушбу солиқларни тўлашга ўтиш амалга оширилган охирги календарь ой ҳисобга олинган ҳолда тўланади .

Бинобарин, агар сиз давлат рўйхатидан ўтиш чоғида 2023 йилнинг апрель ойида белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқ тўлашни танлаган бўлсангиз, шунингдек жами даромад 500 млн сўмдан ошганлигини ҳисобга олган ҳолда, айланмадан олинадиган солиқ йилда 30 млн сўм солиқ ставкасини ҳисобга олган ҳолда 4 ой (апрель–июль) учун тўланиши лозим :

 30 : 12 х 4 = 10 млн сўм.

Эътибор беринг
ҚҚС ва фойда солиғи умумий тартибда ушбу солиқларни тўлашга ўтилган пайтдан бошлаб, бироқ айланмадан олинадиган солиқни тўлаш даврида юзага келган реализация қилиш бўйича айланмаларни (даромадлар ва харажатлар) ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.