Нима учун тўлов топшириқномасида аввалги банкнинг маълумотлари чиқяпти

preview

«Ташкилот бошқа банкка ўтди. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида тўлов топшириқномаларида эски банк чиқяпти.

Нима қилиш керак? Уни ким ўзгартириши лозим?»

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни Солиқ тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш бошқармаси бошлиғи Комил САЙИДОВ тушунтирди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг ҳисоб маълумотларини қўлда шакллантирмайди, балки уларни тайёр электрон шаклда тегишли идоралардан олади. Хусусан, банк реквизитлари Марказий банкдан келади. Бундай кечикишлар сабаби эса – банк тизими томонида.

Тадбиркор банкни алмаштирганда Марказий банкнинг маълумотлар базасидаги ахборот кейинги банк кунида янгиланади. Яъни, бугун банкни ўзгартирган бўлсангиз, эртага сизда янги банкингизнинг маълумотлари чиқади.

Банклар томонидан кам бўлса-да, ахборотни янгилашни чўзиб юбориш вазиятлари учраб туради. Бу ҳолда my.soliq.uzдаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида тўлов топшириқномасини шакллантиришда банк алмаштирилгандан кейин 2–3 кун мобайнида эски маълумотлар чиқиши мумкин, кейин улар янгиланади. Банклар маълумотлари асосида Марказий банкнинг маълумотлар базаси янгиланганидан сўнг янги маълумотлар пайдо бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар бир банкдан бошқасига ўтишни яқин орада тўланадиган солиқнинг сўнгги санасидан 2–3 кун олдин режалаштиришлари лозим.