Нодавлат мактаблар тармоғини ривожлантириш учун янги имтиёзлар берилади

preview

Хусусий мактаблар сонини кўпайтириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг 31.01.2024 йилдаги ПҚ-49-сон Қарори тасдиқланди. Ҳужжатда солиқ имтиёзлари ва компенсациялар назарда тутилган.

 

Янгиликлардан хабардор бўлиш учун – телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш учун мўлжалланган, аукцион савдоларида  3 ойдан ортиқ муддат сотилмай турган ер участкалари қайта кимошди савдосига қўйилади. Бунда уларнинг бошланғич нархи қадамма-қадам 50%гача пасайтирилади.

Имтиёзлар ва компенсациялар келгуси йил – 2025 йил 1 январдан амал қила бошлайди.

Биринчидан, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича,  фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этилади.

Иккинчидан, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ коммунал харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Учинчидан, 2030 йил 1 январга қадар юридик шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ харажатларнинг фойда солиғини ҳисоблашда икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.

Эътибор беринг

Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини бепул ўқишга қабул қилиш бўйича лицензия талаблари бажарилган тақдирда, 2025 йилдан бошлаб жорий этиладиган имтиёз ва чегирмалардан тўлиқ ҳажмда фойдаланишлари мумкин.

Акс ҳолда, фойдаланилган имтиёзлар ва компенсациялар ушбу ташкилот томонидан давлат бюджетига қайтарилиши керак.