Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва СҚнинг 6.02.2024 йилдаги 03/43-2725-сон ахборот хабари

preview

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари

асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва 2023 йил якунлари

бўйича молиявий ҳисоботни тайёрлашга доир

А Х Б О Р О Т   Х А Б А Р И

2024 йил 6 февраль 03/43-2725-сон

Тошкент ш.

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2023 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш бўйича қуйидагиларни маълум қилади.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тузишга доир қоидалари бухгалтерия ҳисоби стандартлари асосида амалга оширилади, шунингдек, халқаро стандартлар асосида тузиладиган молиявий ҳисоботга доир талаблар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларида (МҲХС) белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги 4611-сонли «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар (кейинги ўринларда – ташкилотлар) 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши, қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Шунингдек, молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган ташкилотлар бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари (БҲМС) бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.

Ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олинган молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матни (09.12.2022 йил, р/р. 3400) асосида бухгалтерия ҳисобини ташкил этади ва молиявий ҳисоботларни тайёрлайди.

1-сонли «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўллаш» МҲХСга (09.12.2022 йил, р/р.3400, 27-илова) мувофиқ ташкилот МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини МҲХСга ўтиш санасига тайёрлаши лозим ва бу сана МҲХСга мувофиқ ҳисоб юритишнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади. Шунингдек, МҲХСга ўтиш санаси ташкилот ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботида МҲХСга мувофиқ тўлиқ қиёсланувчан маълумотларни тақдим қиладиган энг олдинги даврнинг боши ҳисобланади.

МҲХС асосида тайёрланадиган молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ тўплами 1-сон «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш» БҲХСда (09.12.2022 йил, р/р. 3400, 2- илова) белгиланган бўлиб, шунингдек, мазкур стандартда молиявий ҳисоботни тақдим этишга нисбатан умумий талаблар белгиланган, унга кўра, ташкилот молиявий ҳисоботнинг (жумладан, қиёсий маълумотни) тўлиқ тўпламини камида йиллик асосда, минимал қиёсий маълумот сифатида барча молиявий ҳисоботлардан 2 тадан тақдим этиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2023 йил якуни бўйича МҲХСга мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлайдиган ташкилотларнинг МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шакллари ва тузилиши 1-сон «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш» БҲХС (09.12.2022 йил, р/р. 3400, 2-илова) асосида, уларнинг солиқ ҳисоботи шакллари эса «Молиявий  ҳисоботнинг   халқаро   стандартларга   ўтган   юридик   шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган кўрсаткичлар бўйича солиқ ҳисоботи шакллари» (20.10.2020 йил, р/р. 3221-1) йиллик асосида тайёрланади ва тақдим этиш санаси 2024 йилнинг 1 июнидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Шу жумладан, 2023 йил 1 октябрда Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган, МҲХСни биринчи марта қўллаётган юридик шахслар:

2023 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботларини БҲМС асосида тақдим этади ҳамда 2024 йил 1 январь санасида МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги кириш ҳисоботини тайёрлайди ва шу санадан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида ташкил этади;

2024 йил якунлари бўйича қиёсий маълумотларни ўз ичига олувчи молиявий ҳисоботларини ва 2025 йил якунлари бўйича биринчи тўлиқ тўплам молиявий ҳисоботларини тақдим этади.

Ушбу ташкилотларнинг солиштирма молиявий ҳисоботининг мажбурий аудиторлик текшируви аудиторлик ташкилотлари томонидан аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ва Аудитнинг халқаро стандартларида белгиланган тартибда ўтказилади.